САВОЛ: «Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида тасбеҳ бўлмаган, тасбеҳ кейинчалик қўлланган «бидъат» дейишади. Шунга нима дейсиз?»
Жавоб: Тасбеҳ – бидъат эмас. Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам тасбеҳ бор эди. Хурмо данакларидан, майда тошчалардан тасбеҳ ўрнида фойдаланишарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир ипни бир-бирига тугиб чиққанлар. У кишининг икки минг тугунли тасбеҳлари бор эди! Тасбеҳни бидъат дейиш нотўғри, чунки, динда бўлмаган нарсаларга бидъат, яъни, янгилик дейилади!
Юқорида айтилган хурмо данаклари, майда тошчалар, ип тугунлари саҳобаи киромлар томонидан тасбеҳларни ва зикрларни санаш мақсадида фойдаланган воситалардир.
Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам бармоқ билан санаганлар. Бу ҳам бир тасбеҳ. Ўн тўрт бўғин ўнг қўлда, ўн тўрт бўғин чап қўлда, жами 28 бўғин. Бунга 5 ни қўшсак, 33 та бўлади, аммо 100 гача, 1000 гача бармоқлар билан санашда адашасиз. Шунинг учун тасбеҳлардан фойдаланасиз.
Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳоний розияллоҳу анҳога «ҳар куни 100 марта «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дегин» деб айтганлар. Умматларига «ҳар куни 100 марта «астағфируллоҳ» ни айтинглар, мен ҳам айтаман», – деганлар.
Энди бу 100 мартани адаштирмаслик учун инсоннинг имконида 100 бўғинли бир нарсанинг бўлишига нима зарурият бор? Зарурият шуки, бу суннат амалнинг гўзал бир шаклда бажарилиши учун воситадир. Етмиш тўққиз, саксон... деб саноғу ҳисобга машғул бўлмасдан тасбеҳ билан санасангиз, диққатингиз кўпроқ зикрда бўлади? Ҳисобда адашмайин десанг фикринг чалғийди. Бутун диққат-эътиборни зикрга беришда тасбеҳнинг бизга фойдаси кўп. Шу сабабли ҳам тасбеҳ – бидъат эмас.
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати