Ёшлар тарбияси барча даврларнинг энг долзарб масаласи бўлиб келган. Тарихчи Геродот ўзининг Шарққа қилган сафарлари чоғида Миср эҳромларидаги бир битик уни ажаблантирган: “Ёшларнинг тарбияси бузилиб кетяпти. Нима қилмоқ керак?!”
Муаррих бу ёзувни ўқиганига ҳам икки минг йилдан ошиб кетди. Ёзувнинг битилганига эса, ким билсин қанча вақт бўлган? Демак, ёшлар масаласи ҳамиша ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган, бунга ҳамма даврларда ҳам турли даражада муносабат билдирилган.
Улуғ маърифатпарвар аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий ёшларга мурожаатномасида, жумладан, бундай ёзади: “...Ушбу тараққий этган замонда илмсиз, маърифатсиз, қуруқ таассуб билан яшаб бўлмайди. Ҳозирги замонавий тараққиёт ва ривожланиш шундай кучли бўлмоқдаки, озгина фурсат ўтар-ўтмас қуруқ ва чириган таассубларимизни илдизи билан қўпориб ташлайди. Шунинг учун барча ёшларимиз бу борада бир нарсага таянишлари мумкин. Бу нарса илму маърифатдир” (“Ойна” журнали, 1914 йил, 41-сон).
Башарият яралибдики, тарбия масаласининг долзарблиги ҳеч қачон кун тартибидан тушмаган. Муқаддас динимизда ҳам тарбияга катта эътибор қаратилади, алоҳида урғу берилади. Роғиб Асфаҳоний таърифлаганидек, тарбия – инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир.
Исломда фарзанд тарбияси ота‑онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидандир. Зотан, ота‑онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукри ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан тўғри адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи Зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилишдир. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш орқали амалга оширилади.
Қуръони каримда одамзотни тарбияга чорлайдиган оятлар кўп. Хусусан, Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилган насиҳати келтирилган оятлар тарбиянинг олий намунаси, инсоннинг зурриёти олдидаги бурчи ва фарзанднинг отасидаги ҳаққи ҳақида баён қилади: «(Луқмон яна деди): «Эй ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир. Эй ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир. Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин!» (Луқмон сураси, 16–19-оятлар).
Тарбия инсон камолотининг асосидир. Бизда фарзанд тарбияси ҳар бир оила учун асосий вазифа бўлиб келган. Қадимдан халқимиз тарбияга алоҳида эътибор қаратган. Бежиз “Бир болага етти маҳалла ота-она”, дейилмайди.
Лекин, афсуски, бугун фарзанд тарбиясини ота-онадан кўра кўпроқ телефон, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар бажаряпти, десак, хато бўлмайди. Чунки дарвозасиз шаҳар бўлган ижтимоий тармоқлар ақидаси бузуқ, соф ислом таълимотига зид ғоялар билан ёшларнинг онгу шуурини заҳарлашга чиранмоқдалар.
Бундай шароитда ота-онага, устоз ва мураббийларга – барча барчага – ёшларни эътибордан четда қолдирмаслик, уларгт ҳар қачонгидан кўра кўпроқ назорат қилиб туриш вазифаси юкланади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир”, дедилар (Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган).
Давлатимиз томонидан қонун асосида очиб қўйилган ўрта махсус диний таълим муассаалари, олий диний таълим масканлари, Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш курслари фаолият юритаётган бўлишига қарамасдан, афсуски, айрим ёшлар ўзларича интернетдан, ижтимоий тармоқлардан “устоз”лар ахтаришмоқда. Бу жуда хавфли ҳолат.
Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб портали www.muslim.uz, www.fatvo.uz ва ЎМИ тизимига қарашли бир неча расмий интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги каналлар ишлаб турган бўлишига қарамасдан, ҳозир ҳам фаолияти тақиқланган сайтлар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилаётгани ачинарли ҳолдир.
Фарзандларимиз диний илм билан бир қаторда дунёвий фанларни ҳам пухта ўзлаштириш шарт. Аслида, илмни диний ёки дунёвий деб ажратишнинг ўзи хато. Бугунги тараққиёт асрида ёшларимиз ҳар жиҳатдан баркамол бўлиши зарур. Акс ҳолда жадидчи маърифатпарвар бобомиз Мунавварқори Абдурашидхонов айтганидек: “Бугунгача Оврўпо халқи осмонга уар экан, бизда соч ва соқол низолари, оврўполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийимлар жанжаллари, Оврўпо шаҳарлари бугун электрик иситилар ва ёритилар экан, бизда мактабларда жўғрофиё ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари... давом этади” (“Туркистон” газетаси, 1923 йил), каби муаммолар гирдобидан чиқиб кета олмаймиз.
Диний илмлар билан дунёвий билимларни пухта ўзлаштирган кишини ҳеч ким чалғита олмайди. Чунки у ҳар бир ишини ақл тарозисига солиб амалга оширади. Миллий қадриятларимизга, муқаддас динимизнинг соф таълимотига зид ҳеч қандай таъсирга алданмайди.
Шундай экан, ўғил-қизларимизнинг замон талабларига жавоб берадиган даражада вояга етказиш ҳар биримизнинг олдимизда турган катта масъулиятдир. Бугуннинг боласи жисмонан соғлом, маънан етук, ўз фикрига эга, касб-ҳунарни эгаллаган, замонавий технология ютуқларини яхши ўзлаштирган бўлиши шарт. Шундагина кўзланган мақсадга эришиш осон бўлади.
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Ўзбекистон халқининг
35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ
Бугун азиз Ватанимизнинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз Она-юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 35 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз.
Жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг диний қадриятлари, миллий анъаналари ниҳоятда бисёр, беқиёс ва бетакрор бўлса-да, қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида бу йил Мустақиллигимизни 35 йиллигини нишонлаётганимиз учун фақат 35 тасинигина зикр қилмоқчимиз:
1) Оила муқаддаслиги – жамиятнинг мустаҳкам асоси.
2) Ота-онага ҳурмат – ота-онани эъзозлаш ва уларнинг хизматларини қадрлаш.
3) Меҳмондўстлик – меҳмонни очиқ чеҳра ва очиқ кўнгил билан кутиб олиш.
4) Меҳнатсеварлик – ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарни қадрлаш.
5) Катталарга ҳурмат – оқсоқоллар ва нуронийларни эъзозлаш.
6) Тинчликсеварлик – тинч-тотув ҳаётга интилиш.
7) Анъаналарни асраш – миллий урф-одат ва удумларни сақлаш ҳамда давом эттириш.
8) Маънавият – юксак ахлоқ ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат.
9) Поклик – уйда, кийимда, танада ва кўнгилда озодаликка риоя қилиш.
10) Дастурхон саховати – меҳмонни саховат ва меҳр билан кутиб олиш.
11) Қўшничилик қадриятлари – маҳаллада аҳиллик ва ўзаро ёрдам.
12) Ёрдамга тайёрлик – яқинлар ва муҳтожларга мурувват кўрсатиш.
13) Камтаринлик – одобли ва камтарона ҳаёт кечириш.
14) Ёш авлодга ғамхўрлик – фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.
15) Аёлларга ҳурмат – она, рафиқа, опа-сингилларни қадрлаш.
16) Таълимга интилиш – илм олиш ва билимни қадрлаш.
17) Ор-номус – ҳалоллик ва виждон билан яшаш.
18) Маросимларга риоя – миллий маросим ва оилавий удумларни эъзозлаш.
19) Сўзга содиқлик – ваъдага вафо қилиш.
20) Матонат ва сабр – қийинчиликларга бардош билан ёндашиш.
21) Ҳунармандчиликни қадрлаш – миллий ҳунар ва устачилик анъаналарини асраш.
22) Табиатга меҳр – ер, сув ва атроф-муҳитни авайлаш.
23) Бағрикенглик – турли миллат, дин ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.
24) Одоб-ахлоқ – юксак муомала маданиятига амал қилиш.
25) Миллий байрамларни эъзозлаш – Наврўз, ҳайитлар ва Мустақиллик байрамини қадрлаш.
26) Адолат – ҳалоллик, тенглик ва қонун устуворлигини қадрлаш.
27) Ўтганларни ҳам қадрлаш – бу дунёдан ўтганларни эҳтиром ва чиройли амаллар билан эъзозлаш.
28) Тил ва маданиятни асраш – ўзбек тили ва миллий меросни эъзозлаш.
29) Ватанпарварлик – Ватанни севиш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш.
30) Миллатлараро тотувлик – турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳилликни мустаҳкамлаш.
31) Жамоавийлик – ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик.
32) Миннатдорчилик – қилинган яхшиликни қадрлаш.
33) Устозга ҳурмат – устозларни эъзозлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш.
34) Миллий кийимлар – миллий маданият ва одоб тимсоли сифатида қадрлаш.
35) Аждодларга ҳурмат – тарихий мерос ва миллий илдизларни эъзозлаш.
* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...
*** ЭНГ муҳими: йўқотиб қўйишдан олдин уларнинг ҚАДРИГА етиш !!!
☼ Қуръони карим ояти карималари;
☼ Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари;
☼ динимиз асослари;
☼ шариатимиз аҳкомлари;
☼ шарқона одобларимиз;
☼ мазҳабимиз меъёрлари;
☼ жамиятшунослик алоқалари;
☼ одамгарчилик муносабатлари;
☼ инсоний туйғулар;
☼ руҳшунослик сир-асрорлари;
☼ юртимиз урф-одатлари;
☼ ўзбекчилик қоидалари;
☼ маданиятимиз ахлоқлари;
☼ инсоний ақл ва ахлоқий нормалар;
☼ доно мақолларимиз;
☼ миллий анъаналаримиз;
☼ диний қадриятларимиз;
☼ халқимиз онг-тафаккури;
☼ миллатимиз менталитети,
☼ анъанавий фалсафаси;
☼ ўзбек халқининг илғор қадриятлари;
☼ улуғларимиз ҳикматлари;
☼ доно халқимиз дунёқараши;
☼ мусулмончилигимиз кўрсатмалари
а с о с в а н е г и з л а р и д а
– улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,
– буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,
– меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,
– элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,
– жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар,
– замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг ажойиб кашфиётлари,
– бугунги кунда ва доим керак бўладиган ҳаётий масалалар, долзарб мавзулар, қизиқарли маълумотлар ҳамда халқимиз орасида эътироф этилган мезонлар
дан
улуғ устозларимиз (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг кенг, чуқур ва унумли истифода этиб, бизларга батафсил тақдим этаётган доно халқимизнинг анъанавий қадриятларини асраб авайлаш – ҳам бурчимиз, хам фарзимиз, ҳам қарзимиз!
Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин... Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзбекистон халқининг бундай фазилатлари янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат сўраб қоламиз.
Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир хонадонга соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, илоҳий файз-барака, кўпдан-кўп яхшиликлар ато этсин!
Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти ҳамда масжиду-мадрасаларимизни ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида, ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!
Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни доимо турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи – эшитиб турувчи, кўриб турувчи ва билиб турувчи Зот! Ҳаммаларимизнинг дилларимиздаги ниятларимизни, қалбимиздаги орзуларимизни ва барча ҳожатларимизни ўйлаганимиздан ҳам афзали-зиёдаси билан раво қилсин!
Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!
Иброҳимжон домла ИНОМОВ