Қироат ва тажвид илмида шуҳрат қозонган бу зотнинг тўлиқ исми Ҳофиз муҳаммад Шамсиддин ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Юсуф Жазарий Дамашқий бўлиб, лақаби Абул Хайрдир.
Олим ҳижрий 751 (мил. 1350) йили рамазон ойининг йигирма бешинчи куни Дамашқ шаҳрида туғилган.
Ҳикоя қилинишича, у кишининг отаси қирқ йил бола кўрмайди. Анча кексайиб қолгач, 750 ҳижрий йили муборак ҳаж сафарига боради. Каъбани тавоф қилиб, Замзам сувидан ичиб, Аллоҳ таолодан солиҳ, олим фарзанд ато этишини сўрайди. Бир йил ўтмасданоқ ўғил кўради.
Муҳаммад Жазарий ўн уч ёшида қуръони каримни тўла ёд олиб, ўн тўрт ёшида имомлик қила бошлайди. Ўн етти ёшга етганида эса, Шайх Абул Маолий ибн Лаббон назорати остида қироатларни жамлаб китоб қилади. Ёшлигиданоқ замонасининг етук уламоларидан қироат билан бирга тафсир, ҳадис, фиқҳ, усулул фиқҳ, ақоид, балоғат, сарф ва наҳв каби илмлардан сабоқ олади. Бир неча марта Мисрга сафар қилиб, қироат имомларидан сабоқ олади, ўзининг қироатини ҳам синовдан ўтказади.
Ҳижрий 774 йили шайхулислом Абу Фидо Исмоил Ибн Касир, 779 йили Шайх Зиёуддин, 785 йили шайхулислом Булқийний Муҳаммад Жазарийга фатво чиқаришга изн беришган.
Муҳаммад Жазарий умавий султонлар барпо этган жомеда қориларга раис бўлади ва кўпчиликка қироат илмини ўргатади. Дамашқда “Дорул Қуръонил карим” номли мадраса бино қилади.
Ҳижрий 793 йилдан бошлаб шом (Сурия)да бир неча йил қозилик қилади.
Аллома илм олиш ва тарқатиш ниятида кўп юртларга сафар қилади. Бир йили, ҳаж ибодатини адо этгач, Ҳижозга борганида баъзи кишилар Имом Жазарийга: “Бурса шаҳрида Қуръони каримни ўрганмоқчи бўлган толиби илмлар бор, улар сиздан таҳсил олишни орзу қилишади. Лекин ёнингизга келиб, илм ўрганиш учун етарли маблағлари йўқ”, дейишади. Шунда ул зот: “Ундай бўлса, уларнинг олдига мен бораман”, дейди-да, ҳижрий 798 йили Жиддадан кемага чиқиб, Қоҳирага йўл олади. Қоҳирадан Искандарияга, ундан Ўрта Ер денгизи орқали Антокияга етиб келади ва шу ерлик бир кишининг уйида меҳмон бўлади. Имом Жазарийдан Қуръон илмларини ўрганишни орзу қилган бурсалик илм толиби олим Ҳижозда экани хабарини олгач, шу томон отланиб, Бурсадан Антокияга келади. Талаба хуфтон намозига азон айтилгач, масжидга киради. Намоз тугаб, одамлар тарқай бошлайди. Шунда антокиялик бир киши унинг мусофир эканини сезиб, турар жойи бор-йўқлигини сўрайди. Талабадан борадиган ери йўқлигини эшитгач, уйига олиб бориб меҳмон қилади. Кечки овқат пайтида: “Бугун юртимизга Исломнинг буюк уламоларидан Муҳаммад ибн Жазарий келди”, дейди мезбон. Бу гапни эшитган илм толиби ўрнидан сакраб туради: “Аллоҳга қасам, у зотни кўрмагунимча ухламайман!” Мезбон: “Бу кеча дам ол, эртага кўрасан”, деса ҳам, барибир, кўнмай туриб олади. Шунда икковлари Имом Жазарий меҳмон бўлиб тушган уйни сўраб-суриштириб йўлга чиқишади. Илм толиби олим билан кўришгач, йиғлаб юборади, севинчидан терисига сиғмайди. Олим бўлган воқеани эшитгач, меҳри товланади. Талаба Қуръони каримни тўлалигича ёд олгач Антокияда қолади. Ундан сўнг Бурсага боради ва Боязид ибн Усмон (Боязид Йилдирим) билан учрашади. Боязид кўрсатган ҳурмат ва эҳтиромга жавобан олим у ерда бир неча йил истиқомат қилиб, маҳаллий аҳолига қироат ва ҳадис илмидан таълим беради. Ўша ерда икки жилдли “Ан-нашр фи ал-қироатил ашр” номли асар ёзади.
Ҳижрий 805 йили бобокалонимиз Амир Темур у зотни Румдан Туркистонга бошлаб келади. Олимга Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳридан турар-жой ҳозирлаб берилади. Кеш ва самарқандлик илм толиблари у зотдан таҳсил олади. Амир Темур бу буюк имомга доимо ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, улуғлаган.
Жазарий Амир Темур вафотидан сўнг, ҳижрий 807 йили Мовароуннаҳрни тарк этиб, ҳиротга кетади. У ерда ҳам қироатдан дарс беради. Сўнг бу ишни Яздин ва Исфаҳонда давом эттиради. Ҳижрий 808 йили рамазон ойида Шероз шаҳрига етиб келади. Юрт султони Пир Муҳаммад олимни ҳузурида олиб қолиш мақсадида унга қозилик вазифасини топширади. Шу сабабли Жазарий у ерда ҳам бир оз муддат туради, сўнг ҳаж ибодатини адо этиш ниятида Басра орқали йўлга чиқади. Икки довон ошиб, Унайза шаҳрига етгач, Бани Лом саҳройилари у зотни тутиб, бор нарсаларини тортиб олишади. Унайзага қайтиб, у ерда қироатга доир “Ад-Дурра” номли назмий асарини ёзади. Ҳаж ибодатини адо этгач, бир муддат Маккада яшайди. Мадина, Қоҳира ва Яманга бир неча марта сафар қилади.
Имом Жазарий тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва араб тили грамматикаси каби турли фанларга доир етмишдан ортиқ илмий асар тасниф этган. Улар орасида “усулул қироат”, “Ал-бидоя фи улумир ривоя”, “Ат-такрим фи ал-умрат минат танъим”, “мухтасару тарих ал-Ислом”, “Минҳожул вусул ила илмал усул”, “Матнул Жазариййа” каби асарлари анча машҳур.
Қироат илми олими Муҳаммад Жазарий умрининг охирини Шерозда ўтказди. У зот ҳижрий 833 йили рабиул аввал ойининг бешинчи куни, жума тонгида 82 ёшда дунёдан ўтади ва ўзи қурдирган мадраса ҳовлисига дафн этилади. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлиб, раҳматига олсин ва ётган жойларини ёруғ қилсин!
Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Олмаота шаҳрида Ўзбекистоннинг “Умра плюс” халқаро туризм ассоциацияси ташаббуси билан халқаро туризм ярмаркаси ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳамда мамлакатимиз Бош консулхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир Марказий Осиё давлатлари ўртасида зиёрат туризмини ривожлантириш, халқаро сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, зиёратчилар оқимини Ўзбекистонга жалб этиш ҳамда “Умра плюс” дастури доирасида янги туристик йўналишларни шакллантириш мақсадида ўтказилди.
Ярмаркада 50 нафарга яқин хорижий ҳамкорлар ҳамда Марказий Осиё давлатларининг туризм соҳасида фаолият юритувчи 600 нафарга яқин вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Олмаота шаҳрида жойлашган Ўзбекистон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Беларусь консуллик идоралари вакиллари ҳам қатнашиб, халқаро туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари юзасидан фикр алмашди.
Тадбир доирасида “Умра плюс” халқаро туризм ассоциацияси ҳамда Марказий Осиё давлатларининг йирик туроператорлари ўртасида музокаралар ўтказилиб, “Умра плюс” дастури доирасида 2026 йил якунига қадар қарийб 10 минг нафар зиёратчининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Эришилган келишувлар Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, туристик хизматлар экспортини ошириш, Марказий Осиё давлатлари билан туризм соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимизга хорижий зиёратчилар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Олмаота шаҳрида ўтказилган ушбу ярмарка Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида зиёрат туризми марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва хорижий туроператорлар билан янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир сўнггида Бош консулхона вакиллари томонидан фаол иштирокчилар ва ҳамкорларга “Умра плюс” халқаро туризм ярмаркасининг эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати