Кўпчилик фуқароларимиз томонидан уйида ит боқиш одати учраб туради. Бунинг ҳукми шариатимизда қандайлигини эса кўпчилик билмаслиги мумкин.
Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Фаришталар ит ва сурат бор уйга кирмаслар”, дедилар” (Имом Бухорий).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Кимки ит боқса ҳар куни савоб ишларига бериладиган ажрлардан бир қийрот (ёки икки қийрот) камаяди. Қўриқчи, подачи ва овчи итлар бундан мустаснодир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шу ўринда “қийрот” сўзига изоҳ сифатида қуйидаги ҳадисни келтирсак:
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Ким жанозага қатнашса ва намоз ўқигунча турса, унга бир қийрот, агар маййит дафн этилгунга қадар бўлса, икки қийрот савоб ёзилади”. “Икки қийрот нима?” – деб сўралди. Айтдиларки: “Икки улуғ тоғ мисличадир”. Имом Муслим ривоятида “Унинг кичиги Уҳуд тоғидек”, дейилган.
Ривоятларда келтирилишича, қиёмат аломатларидан бири кишиларнинг ит боласини боқишни одат қилишларидир. Ҳатто бу ишни улар ўз фарзандини парваришлагандан ҳам юқори даражага қўйишади (Табароний, Ҳоким ривояти).
Ҳадисдан маълум бўладики, уй қўриқлайдиган, подага қарайдиган ва овчи итлардан бошқасини боқиш мумкин эмас. Демак, қизиқиш учун уйда ит сақлаш ва боқиш шариатда қайтарилган.
“Сўраган эдингиз” китобидан
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати