Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Диний идора “Сунъий уруғлантириш ҳақида”ги фатвони эълон қилди

07.02.2018   24049   17 min.
Диний идора “Сунъий уруғлантириш ҳақида”ги фатвони эълон қилди

Аввал, сунъий уруғлантириш тўғрисида кўплаб мурожаатлар бўлаётганини инобатга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан фатво ишлаб чиқилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Ҳақиқатан ҳам, шу кунларда ушбу мавзу кун тартибига чиқди, десак муболаға бўлмайди. Ҳатто, айримлар етти ёт бегона инсоннинг уруғидан ҳомиладор бўлиб, қилган иши жоиз эмаслигини билгач, энди нима қиламан, деб бош қотираётгани кўпчилигимизга маълум. Шу нуқтаи назардан, сунъий уруғлантириш борасида динимиз таълимотида нима дейилади, қандай усули жоиз-у, қайсиниси ҳаром? Мўмин-мусулмонлар ҳам бу усуллардан фойдаланса бўладими? Шу каби саволларга батафсил жавоб берувчи, ушбу масалаларга аниқлик киритувчи барча ҳукм ва кўрсатмаларни ўз ичига олган фатво ишлаб чиқиш ва халқимизга етказиш бўйича уламолар қатор изланишларни олиб боришди.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон қори Ишматбеков ўтган йилнинг 16-17 декабрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё ислом кенгаши фатво ассамблеясининг иккинчи йиғилишида иштирок этди. Ушбу йиғилиш кун тартибида айнан сунъий уруғлантириш ва ҳомилага тааллуқли масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари мазкур мавзу доирасидаги барча жиҳатларни ўрганиб чиққандан кейин “Сунъий уруғлантириш ҳақида”ги фатвони эълон қилди. Қуйида фатвонинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 


 

СУНЪИЙ УРУҒЛАНТИРИШ ҲАҚИДА ФАТВО

 

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي خَلَقَ مِنَ الْمَاءِ بَشَرًا فَجَعَلَهُ نَسَبًا وَصِهْرًا وَ كَانَ رَبُكَ قَدِيْرًا وَ الصَّلاَةُ وَ السَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ اَلْقَائِلِ تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَعَلَى اَلِهِ وَاَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِاِحْسَانٍ اِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ اَمَّا بَعْدُ

Аллоҳ таоло Одам (а.с.)ни қудрати билан яратиб, унга жисм ва руҳ ато этди. Одам (а.с.)га Момо Ҳавво онамизни жуфти ҳалол қилиб бериб, шу жуфтликдан Ер юзида инсон наслини тарқатди. Аллоҳ таоло инсониятнинг шу тарзда жуфт бўлиб, ўзидан зурриёт тарқатиб яшашлиги нақадар улуғ неъмат эканлигини ва бу неъмат фақат Ўзининг тарафидан берилганлигини инсониятга эслатиб шундай дейди:

 وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً

(سورة النحل/ 72 آية)

яъни: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди” (Наҳл сураси, 72-оят). Дарҳақиқат, инсонни жуфт бўлиб яшайдиган қилиб яратилишидаги ҳикматлардан асосийси зурриёт қолдириб, наслни давом эттирмоқликдир.

Ислом дини насл қолдиришликнинг аҳамиятини баён қилар экан, кўпайишликка сабаб бўлувчи жуфтликка, яъни ҳалол йўл ила оила қуриб яшашга чақиради. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.)дан шундай ҳадис ривоят қилинган:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا اَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ:  تَنَاكَحُوا  تَكَاثَرُوا

فَإِنِّيْ  أُبَاهِي بِكُمُ الْاُمَمَ

(رواه ابن حبان)

яъни: “Уйланинглар, кўпайишинглар, албатта мен бошқа умматлар олдида сизлар билан фахрланаман”, – деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбар (с.а.в.) кишиларни кўп фарзанд туғишга қодир бўлган аёлларга уйланишга чақирадилар. Яна бир ҳадисда келади:

عَنْ مَعْقَلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ : تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمْ الْاُمَمَ "

(رواه أبو داود والنسائي)

яъни: “Меҳр-муҳаббатли, фарзанд кўрувчи аёлга уйланинг, зеро, мен бошқа умматларни олдида сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман”. Шу тариқа Ислом дини наслий кўпайишликнинг шаръий жуфтлик асосида бўлишига чақиради. Шаръий жуфтликдан бўлмаган кўпайишни инкор қилади ва ундан қайтаради.

Инсон борки, ўз Холиқига ва Розиқига илтижо қилиб, кўзини қувонтиргувчи покиза фарзандлар беришини сўрайди. Фарзанд неъматидан ҳеч ким беҳожат бўлмаганидек, инсонларнинг энг афзаллари бўлмиш пайғамбарлардек зотлар ҳам Аллоҳ таолодан фарзанд ато этишини тилаганлар. Қуръони каримда бу ҳақда хабар берилган:

ذِكْرُ رَحْمَةِ رَبِّكَ عَبْدَهُ زَكَرِيَّا. إِذْ نَادَى رَبَّهُ نِدَاءً خَفِيًّا.  قَالَ رَبِّ إِنِّي وَهَنَ الْعَظْمُ مِنِّي وَاشْتَعَلَ الرَّأْسُ شَيْبًا وَلَمْ أَكُنْ بِدُعَائِكَ رَبِّ شَقِيًّا. وَإِنِّي خِفْتُ الْمَوَالِيَ مِنْ وَرَائِي وَكَانَتِ امْرَأَتِي عَاقِرًا فَهَبْ لِي مِنْ لَدُنْكَ وَلِيًّا.  يَرِثُنِي وَيَرِثُ مِنْ آَلِ يَعْقُوبَ وَاجْعَلْهُ رَبِّ رَضِيًّا

(سورة مريم/ 4-6 الآيات)

яъни: (Эй Муҳаммад! Бу) Раббингиз Ўз бандаси Закариёга қилган марҳаматининг зикри (қиссаси)дир. Қачонки, у (Закариё) Парвардигорига хуфёна (товушсиз) дуо қилиб, деган эди: Эй Раббим! Дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим (сочим) оқарди. Эй Раббим! Мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) бахтсиз бўлган эмасман. Менинг ортимда қоладиган қариндошларим (динни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним эса туғмас бўлиб қолган. Энди Сен Ўз даргоҳингдан менга бир дўст (фарзанд) бер. У менга ва (бобом) Яъқуб наслига меросхўр бўлсин ва ундан барчани рози қилгин!(Марям сураси, 4-6-оятлар). Аллоҳ таоло Закариё а.с.нинг дуосини ижобат этиб Яҳё исмли ўғил ато этди. Шунингдек, Иброҳим а.с. ҳам Аллоҳнинг фарзанд ато этишидан ноумид бўлмадилар ва охир-оқибат дуолари ижобат бўлди:

 الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَهَبَ لِي عَلَى الْكِبَرِ إِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ إِنَّ رَبِّي لَسَمِيعُ الدُّعَاءِ

 (سورة ابراهيم/ 39  الآية)

яъни: “Менга кексаликда Исмоил ва Исҳоқни берган Аллоҳга ҳамд айтаман. Албатта, Раббим дуони (қабул қилиш учун) эшитувчидир” (Иброҳим сураси, 39-оят).

Аллоҳ таоло фарзанд неъматини энг олий неъматлардан деб баҳолайди. Айни пайтда хоҳлаган кишига ўғил фарзанд беради, хоҳлаганига қиз беради ва хоҳлаганига ўғил ҳам, қиз ҳам ато этади. Хоҳлаган кишисини эса бепушт қилиб қўяди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:

 لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ الذُّكُورَ

أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَنْ يَشَاءُ عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ

(سورة الشورى/ 49-50 الآية)

яъни: “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир” (Шўро сураси, 49-50-оятлар).

Ояти каримада таъкидланганидек, баъзиларнинг фарзанд кўрмасликлари ҳам Аллоҳ таолонинг синовидир. Ислом дини нуқтаи назаридан, фарзанд кўрмаслик ҳам Аллоҳ таоло нозил қилган минг бир дарднинг бири ҳисобланади. Шунинг учун фарзанд кўрмаслик дардига даво ахтариш жоизлиги хусусида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бепуштлик ҳам шариати исломия даволанишга изн берган хасталиклардан биридир. Имом Термизий Усома ибн Шарийкдан ривоят қилиб айтадилар, “Аъробийлар: “Эй Расулуллоҳ! Хасталикдан даволансак бўладими?” – деб сўрашди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳа, эй Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бирор хасталик берган бўлса албатта, унинг давосини ҳам бериб қўйибди. Фақатгина бир нарсанинг давоси йўқ, у ҳам бўлса ўлимдир”, – дедилар.

Замонавий тиббиёт илмининг хулосасига кўра, эркак ва аёлларда фарзанд бўлмасликнинг бир нечта сабаблари бор:

- аёлнинг бачадон бўйни йўлларида муаммо билан юзага келган бепуштлик;

- эркак манийсининг кучи, ҳолати ва ҳаракатидаги муаммолар билан боғлиқ бепуштлик;

- аёлда эндометриоз (бачадондан ташқари бирор аъзо ёки тананинг айрим қисмларида бачадон шиллиқ қавати (эндометрий) ҳужайраларига ўхшаш ҳужайраларнинг ривожланиши) ҳолати;

- бепуштликнинг ноаниқ шакллари;

- аёлда эндокрин саломатлиги бузилганлиги сабабли овулясия (етилган тухумҳужайранинг уруғланишга тайёр бўлиб тухумдондан бачадонга келиб тушиши) содир бўлмаслиги туфайли юзага келган бепуштлик;

- иммунологик бепуштлик. Бунда аёлнинг қон суюқлигида эркакнинг уруғига қарши антитаначаларнинг борлиги туфайли уруғлар бачадон бўйнига етгунига қадар нобуд бўлади ва ҳомиладорлик юз бермайди. Ёки аксинча, эркакнинг манийсида ўзининг уруғларига қарши антитаначаларнинг борлиги, уруғларнинг нобуд бўлишига олиб келади;

- эркакдаги жинсий ожизлик касаллиги.

Қадимдан олимлар бепуштликка даво ахтариб, фарзанд кўриш орзусида юрган эркак ва аёлларни бундай бахтга муяссар этиш устида бош қотириб келганлар. Буюк тарихчи, файласуф, жамиятшунос олим Ибн Халдун ва у кишидан олдин ўтган, ислом файласуфлари деб ном олган Ибн Сино, Форобий ва бошқалар ўз асарларида инсонни сунъий йўл билан вужудга келтиришга ўхшаш мавзуга ишора қилиб кетганлар. Масалан, Ибн Халдун ўзининг машҳур “Ал-Муқаддима” асарида қадимги кимё фани ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай дейди: “Ибн Сино, Форобий ва Тағроийнинг айтган гапларига суянган ҳолда, айтиш мумкинки, табиий муҳитда манийдан инсонни вужудга келтириш мумкин”. Табиий муҳит деганда Ибн Халдун онанинг қорни, яъни бачадонни назарда тутади. Сўнгра яна сўзида давом этиб: “Агар биз инсон бачадонда яралиб, ривожланишдаги барча босқичлар учун зарур бўлган шароитни яратиш имкони борлигига ишонсак ва бунинг учун етарли илм бўлса, албатта, инсоннинг шу тарзда вужудга келишига ишонамиз”, дейди. Ибн Халдун инсонни бу тарзда пайдо қилиш, албатта, етарли шарт-шароит бекаму кўст юзага келгандан кейингина амалга ошиши мумкин деб ишонади, аммо башарият илми бу ишга ожизлиги учун: “Қаердан ҳам бундай шароит вужудга келсин”, дейди. Албатта, Ибн Халдуннинг бу гапи ўша замондаги илмнинг эришган даражасига асосан айтилган эди. Ниҳоят ҳозирги замон илми худди мана шу муҳитни пайдо қилишга қодир эканлигини намоён этди. Шубҳасиз, бу илмлар Аллоҳ таолонинг Ўз халқига берган таълим ва ҳидоятидандир. Зеро, У зот:

عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ

(سورة العلق/5 الآية)

“Инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси, 5-оят). У ҳар нарсага қодир зотдир.

Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида олимлар сунъий уруғлантириш тажрибасини ҳайвонларда ўтказишди. 70-йилларга келиб эса бу тажриба инсонда синаб кўрилди ва ниҳоят 1978 йил 25 июнда “пробирка боласи” деб номланган чақалоқ Луиза Браун туғилгани ҳақидаги хабар бутун дунё оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзусига айланди.

Ҳозирги кунга келиб сунъий уруғлантиришнинг бир нечта турлари мавжуд бўлиб, улар асосан Ғарб давлатлари ва мусулмон бўлмаган мамлакатларда амалга оширилмоқда. Бепуштликдан азият чекаётган мусулмонларнинг фарзанд кўриш бахтига мушарраф бўлишдек орзуларини амалга ошириш илинжида сунъий уруғлантириш амалиётига мурожаат қилишлари табиий ҳолат эканлигидан келиб чиқиб, мусулмон уламолари бир нечта исломий конференцияларда ушбу амалиётнинг шаръий ҳукмлари борасида хулосаларини баён қилиб ўтганлар.

Ҳозирги кунда амалиётда қўлланилаётган қуйидаги бешта усулнинг шаръан ҳаром эканлигига бир овоздан иттифоқ қилганлар:

  1. Эркакдан олинган уруғ билан бегона аёлнинг тухумҳужайраси ички тарзда уруғлантирилиб, пайдо бўлган эмбрион бошқа хотиннинг бачадонига жойлаштирилади.
  2. Эркакдан олинган уруғ билан унинг хотинидан олинган тухумҳужайра ички тарзда уруғлантирилиб, сўнг пайдо бўлган эмбрион бегона аёлнинг бачадонига жойлаштирилади.
  3. Эр-хотиннинг уруғ ва тухумҳужайраси ташқи тарзда уруғлантирилади, сўнгра ихтиёрий равишда фарзандни туғиб беришга рози бўлган бегона аёл бачадонига жойлаштирилади.
  4. Эркакдан олинган уруғ билан унинг хотини бўлмаган аёлдан олинган тухумҳужайра орасида ташқи уруғлантириш амалга оширилади, сўнг эмбрион эркакнинг ўз хотини бачадонига жойлаштирилади.
  5. Эр-хотиннинг уруғ ва тухумҳужайраси орасида ташқи уруғлантириш амалга оширилади, сўнг эмбрион (эрнинг) бошқа хотини бачадонига жойлаштирилади.

Ислом уламолари шариатда талаб этилган барча эҳтиёт чоралари кўрилган ҳолда қуйидаги икки услубни зарурат ҳолатида энг охирги чора сифатида қўллашликни жоиз деганлар:

  1. Шаръий эр-хотиннинг уруғ ва тухумҳужайраси олиниб, ташқи уруғлантириш усулида уруғлантирилади, сўнгра пайдо бўлган эмбрионни яна шу хотиннинг бачадонига жойлаштирилади.
  2. Эрнинг уруғи олиниб хотиннинг (бачадон) бўйинчасидаги керакли ўринга ички уруғлантириш усули билан жойлаштирилади.

Маълумки, Ислом дини шаърий никоҳдан ташқари ҳолатда фарзандли бўлишни қоралайди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, гарчи бевосита бўлмаса-да билвосита бегона эркак ва номаҳрам аёлнинг тухум ва уруғ хужайраларини бир-бирига сунъий йўл билан чатиштириш орқали дунёга келадиган бола ҳам беникоҳ ҳукмида бўлади.

Ислом уламолари сунъий уруғлантириш операциясини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий ақди никоҳ бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга оширишни мубоҳ деб баҳолайдилар. Бунда эркак ва аёлнинг уруғларини сақлашда бегона шахсларники билан аралашиб кетмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини кўриш зарурлиги ва албатта, ушбу ишни ишончли табиб амалга оширишлиги қайд этиб ўтилган.

Сунъий уруғлантиришнинг бошқа барча турлари, жумладан, бачадонни ижарага олиш, эмбрионларни музлатиб сақлаш, хотинни бегона эркакнинг уруғи билан ҳомиладор қилиш ва бошқалар насабнинг аралашиб кетишига сабаб бўлгани учун шаръан манъ қилинган.

Ушбу фатволар Ислом олами робитасининг 1983 йилдаги бешинчи йиғилиши, 1985 йилдаги еттинчи йиғилиши, 1986 йилдаги саккизинчи йиғилиши қарорларида баён қилинган. Шунингдек, 1983 йилда Кувайт давлатида бўлиб ўтган Тиббий илмлар бўйича исломий конференциянинг “уруғлантириш ислом назарида” номли йиғилиши қарори, 1986 йилда Уммонда бўлиб ўтган Ислом конференцияси ташкилотининг фиқҳий кенгаши фатволарида ҳам ифодаланган. Шунинг учун, фарзанд кўриш бахтига бепуштлиги сабабли эриша олмаётган кимсалар бу усулдан фойдаланишга юқоридаги шартлар риоя қилиниши кафолатланган ҳолдагина мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Кейинги йилларда бизнинг юртимиз мўмин-мусулмонлари орасида ҳам бефарзандликдан азият чекаётганлар оилани сақлаб қолиш ёки фарзандлик бўлиш бахтига эришиш илинжида сунъий уруғлантириш амалиётига мурожаат қилиш истагини билдирмоқдалар. Ҳатто баъзилар бу йўл орқали фарзандли бўлишга ҳам улгурганлари маълум бўлмоқда. Таъкидлаш жоизки, сунъий уруғлантириш амалиётини қўллаш, унинг шаръий ҳукмини билмай ёки унга парво қилмай фойдаланиш ва фарзанд кўриш бир қанча ахлоқий, ижтимоий ва диний муаммоларни келтириб чиқаради.

Биринчидан, аёллар орасида турмушга чиқмай фарзандли бўлиш истагида бўлганларга кенг йўл очилади.

Иккинчидан, никоҳсиз авлоднинг дунёга келиши кўпаяди.

Учинчидан, насл-насабнинг аралашиб кетиши, билмаган ҳолда маҳрамларни бир-бири билан уруғлантириб қўйиш ҳолатлари юзага келади.

Тўртинчидан, уруғлантирилган ҳомилалар ёки уруғлантирилмаган тухум ва уруғ ҳужайралари билан савдо қилиш, уни даромад манбаига айлантириб олиш юзага келади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу Фатвони эълон қилади.

  1. Сунъий уруғлантириш амалиётини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий ақди никоҳлари бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга ошириш мубоҳдир.
  2. Сунъий уруғлантириш амалиёти учун ўрталарида шаръий ақди никоҳлари бўлган эркак ва аёлнинг уруғларини сақлашда бегона шахсларники билан аралашиб кетмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини кўриш ва албатта, уни ишончли табиб амалга ошириши шарт.
  3. Ўрталарида никоҳ бўлмаган эркак ва аёл ўртасида сунъий уруғлантириш амалиётини ўтказиш шаръан манъ этилади.
  4. Дину диёнатига беэътибор бўлмаган, наслу насабининг пок бўлишини муҳим деб билган мўмин-мусулмонлар сунъий уруғлантиришнинг манъ этилган усулидан фойдаланишдан ҳазарда бўлсинлар.

 

Валлоҳу аълам биссавоб.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларимизни Ўзининг тўғри йўлига бошлаб, шариатига мувофиқ ҳаёт кечирмоқларига муваффақ айласин. Омин! 

        

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий                                                                 У.Алимов  

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   30002   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари