Қуръон – шифо: ҳам маънавий, ҳам моддий иллатларга даводир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фотиҳа (сураси) ҳар қандай дардга шифодир”, деганлар (Доримий ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ). Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Энг яхши даво Қуръондир”, деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа ва Абу Нуайм ривояти).
Абдуллоҳ ибн Жобирдан ривоят қилинишича, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
– Қуръондаги энг яхши сура қайсилигини айтайми?” – дедилар. Шунда у:
– Ҳа, эй Расулуллоҳ, айтинг!” – деди.
Ҳабибимиз:
– Фотиҳа сураси. Унда ҳар қандай дарднинг давоси бор”, дедилар. (Аҳмад “Муснад”да, Байҳақий “Шуабул имон”да жаййид санад билан ривоят қилган).
Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Аллоҳнинг Китобида кўз тегишига қарши 8 та оят бор: Фотиҳа сураси (7 оят) ва Оятул курсий” (Суютий нақл қилган. Ривоят санади заиф). Талҳа ибн Мусаррифдан ривоят қилинади: “Айтилишича, беморнинг олдида Қуръон ўқилса, ўзини енгил ҳис қиларкан. Мен Хайсаманинг ёнига бордим. Унинг тоби йўқ эди. “Бугун анча яхшисан!” деб кўнглини кўтардим. Шунда у: “Ҳа, бугун ўзимизни яхши ҳис қиляпман. Олдимда Қуръон ўқилган эди”, деб айтди” (Байҳақий “Шуабул имон”да ривоят қилган. Суютий бу ривоятни тафсирда келтирган).
Олимлар айтишича, Қуръон эшитиш салбий ҳис-туйғулардан (стресслардан) халос этади, асабий тарангликка барҳам беради, саратон каби сурункали касалликлардан ҳимояланиш, уларга қарши курашишда ёрдам беради, уйқусизлик, паришонхонтирлик, беҳуда ғазабланишга шифо бўлади. Хотира сустлигидан шикоят қиладиганларга кўпроқ Қуръон ўқиш ёки эшитиш тавсия этилади.. Тиловатнинг овозли тўлқини асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Қуръон эшитиш билан юрак касалликларини ҳам даволаш мумкин.
Қуръон билан даволанишда мустаҳкам эътиқод ва ихлоснинг ўрни жуда катта. Шу билан бирга, касалликни тиббий муолажалар билан ҳам даволанади
Аллоҳ таоло айтади: “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қиламиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилади” (Ал-Исро, 82).
Яъни, Биз сизга Қуръонни нозил қиламиз. У жаҳолат ва залолатга даводир. Қуръон мўминлар қалбидаги маънавий иллатлар, нифоқ, шикр ва ҳақдан тойилиш кабиларни бартараф қилади. У мўминлар учун раҳматдир. Аммо Аллоҳга куфр келтириш билан нафсларига зулм қилганлар Қуръон эшитганлари заҳоти имондан йироқлашадилар ва бу нарса уларга зиён келтиради, холос.
Бошқа оятда Аллоҳ таоло шундай деган: “(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва шифодир”, деб айтинг (Фуссилат, 44).
Ушбу оятда Қуръон мўминлар учун ҳидоят манбаи, шифо хазинаси экани айтилмоқда. Мўмин бандалар Қуръон билан тўғри йўлни, эзгулик, яхшиликка олиб борувчи йўлни танийдилар, Қуръон билан ҳалолни ҳаромдан, оқни қорадан ажрата биладилар. Қуръон, шунингдек, мўминларнинг қалби ва танасидаги дардларга шифодир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизлар ўзингизга икки шифо – Қуръон ва асални лозим тутинглар!” (Байҳақий ва Ҳоким ривояти. Ҳадис лафзи Ҳокимга тегишли ва у: “Бу санад икки шайх шартига кўра саҳиҳ, аммо уни иккиси ҳам ривоят қилмаган”, деган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни асал ва Қуръон билан даволанишга буюрганлар. Бу иккиси қандай касалликларга даво экани қуйидаги ривоятда айтилади.
Абул Аҳвас Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Қуръонда икки шифо бор: Қуръон ва асал. Қуръон қалбдаги касалликларга шифо, асал эса танамиз дардига шифодир” (Байҳақий “Ас-сунанул кубро”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Бу ҳақда бошқа ривоятлар ҳам келган. Хайсама ва Асвад Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Сизлар ўзингизга икки шифо – Қуръон ва асални лозим тутинглар!” (Ҳоким ва Ибн Абу Шайба ривояти).
Абул Аҳвас Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Қуръон ва асал иккиси шифодир” (Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).
Демак, Қуръон маънавий касалликларга, қалбдаги иллатларга, асал эса танадаги дардларга малҳам бўлади.
Абдулмалик ибн Умайр ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фотиҳа (сураси) ҳар бир дардга шифодир”, деганлар” (Доримий ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Фотиҳа сураси, аввало маънавий касалликларга, эътиқоддаги тойилиш ва залолатга шифо, қалб иллатларига даводир. Қолаверса, у танадаги касалликларни ҳам даволовчидир.
Восила ибн Асқоъдан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига томоқ оғриғидан шикоят қилиб келганида, у зот: “Сен Қуръон ўқишинг керак”, деганлар. (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).
Аниқланишича, Қуръон ҳарфларини (айниқса ҳойи ҳутий ва айнни) талаффуз қилиш томоқдаги касалликларни бартараф этар экан. Шу сабаб бўлса керак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига томоқ оғриғидан шикоят қилиб келган кишини Қуръон ўқишга буюрганлар.
Абу Саид розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бир нечтаси сафарга чиқди ва араблар тураржойидан бирида қўниб топиб, улардан меҳмон қилишларини сўрашди. Аммо (қабиладагилар) бундан бош тортишди. Шу орада ўша қабила бошлиғини (чаён) чақиб олди. Улар қўлларидан келган барча чораларни ишга солсалар-да, бирон наф чиқмади.
Шунда улардан бири: “Анави гуруҳ олдига боринглар. Шояд уларда наф берадиган бирон нарса бўлса!” деди. Бас, улар саҳобалар олдига боришди ва: “Эй сизлар, қабила бошлиғимизни (чаён) чақиб олди. Ҳарчанд уринсак ҳам, бирон натижа чиқмади. Сизлардан бирортангиз бунга даво топа оласизми?” деди. Саҳобалардан бирлари: “Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин, Аллоҳга қасамки, биз сиздан меҳмон қилишингизни сўраганимизда, бош тортдинглар. Энди бирон мукофот тайин қилмагунингизча ҳаргиз дам солмайман!” деди. Бас, улар бир тўда қўйлар эвазига келишиб олишди. Ҳалиги киши “алҳамду лиллааҳи роббил-ъаламийн”ни ўқиб, унга пуфлаб (дам сола) бошлади. Бемор киши ҳеч нарса бўлмагандек соғайиб қолди. Шундан сўнг (қабила бошлиғи): “Келишган аҳдингизни бажаринглар!” деди.
Саҳобалардан бири: “Тақсимланглар!” деди. Дам солган киши бўлса: “Шошманглар! Аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига бориб, бу нарсани у зотга айтайлик ва нимага буюришларини кутайлик”, деди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига етиб келиб, бўлган воқеани айтишганида, у зот (дам солган кишига қараб): “У (Фотиҳа) дам солиш (сураси) эканини қаердан билдинг?” деб сўрадилар ва кейин: “Тўғри қилибсизлар. (Қўйларни) тақсимланглар ва ундан менга ҳам улуш ажратинглар”, деб кулиб қўйдилар” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Дорақутний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тахминан ўттиз кишини сафарга юборган эдилар. Улар кечаси бир қавм манзилига тушдилар. Аксига олиб, қабиладагилар уларни меҳмон қилгилари келмади.
Шу орада қабила бошлиғини чаён чақиб олди. Шунда қабиладаги баъзи кишилар саҳобаларда чаён чақишига шифо бўладиган нарса борлигини билиб қолишди ва улар олдига вакилларини юборишди. Қабиладагилар келиб ўз мақсадларини айтишгач, саҳобалардан бири туриб: “Ҳа, менда бунга даво бўладиган нарса бор. Мен дам соламан”, деди. Улар ўттизта қўй эвазига битим тузишди. Бас, у уч (ёки етти) марта Фотиҳа сурасини ўқиб, дам солди. Шунда чаён захридан беҳуш ётган қабила бошлиғи ҳеч нарса кўрмагандек ўрнидан туриб кетди. Улар вазифани аъло даражада бажариб, қўйларни қўлга киритишди ва сут билан сийланишди. Кейин саҳобаларда ундан улуш олиш умиди пайдо бўлди.
Аммо дам солган киши ҳали тақсимлашга эрта экани, аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бунинг, яъни дам солиш эвазига мукофот олиш ҳукмини билиш кераклигини айтди. Улар Мадинага келиб, бўлиб ўтган ишни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилишганда, у зот дам солган саҳобийга қараб: “Фотиҳа сураси билан дам солишни қаердан биласан?” деб сўрадилар. У: “Қалбимга илҳом қилинди”, деб жавоб берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар тутган йўл тўғрилиги, Фотиҳа сураси билан дам солиш ва бунинг эвазига ҳақ олиш жоизлигини айтдилар.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси