Шу йил 18 январь куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида 2023 йил сарҳисоби ва 2024 йилги режаларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланган тадбирда билим юрти мудири Абдулҳаким қори Матқулов ўтган йили қилинган ишлар, олдинда турган вазифалар ҳақида чиқиш қилди.
Тадбирда билим юрти устозлари 2023 йилда талабаларга самарали таълим-тарбия бериш билан бирга “Намоз. Ибодат арконлари”, “Тажвид. Қуръон ўқиш қоидалари”, “Болажонлар учун арабча ҳарфларни расмлар орқали танитиш ва ўргатиш бўйича осон қўлланма”, “Ислом одоблари энциклопедияси” ва “Мишкот ал-Масобиҳ шарҳи” китоблари нашрга тайёрланиб китобхонлар оммасига тақдим этгани алоҳида қайд этилди.
Маросим асносида узоқ йиллар мадрасада фидоийлик билан хизмат қилган устозлар ва ҳозирда фаоллик кўрсатиб келаётган муддарис-ходимлар меҳнати муносиб тақдирланди. Уларга билим юрти раҳбарияти томонидан “Табрикнома”, “Мақтов ёрлиғи”, эсдалик совға ва пул мукофотлари топширилди. 



Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати