Киши имон калимасини айтиб мусулмон бўлганидан сўнг ширк, куфр амалини қилмаса, ҳалолни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол демаса, шу билан бирга, Аллоҳ таоло буюрган ишларни бажариб, қайтариқларидан қайтса, нажот топади. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: «Банда, шубҳасиз, ишонгач, унга: “Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, вафот этгандан сўнг қайта тирилишга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳнинг тақдири билан бўлишига имон келтирдим, ҳисоб, мезон, жаннат ва дўзах – ҳаммаси ҳақдир”, дейиши вожиб бўлади», деганлар (“Ал-фиқҳул акбар”).
Имонимиз тақозосига кўра, инсонни зоҳирига эътибор қаратамиз. Унинг қалбини текшириб кўришга имконимиз йўқ ва бунга масъул ҳам эмасмиз. Демак, бир киши имон калимасини айтса, биз, албатта, унинг жонини, обрўсини, молини, динини, наслини дахлсиз, деб биламиз. Яъни, унинг обрўсини тўкишга, молига тажовуз қилишга ҳақимиз йўқ. У тилида имон калимасини айтдими, демак, у мусулмондир.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтади: «Бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳуроқа қабиласига жўнатдилар. Биз уларни янчиб ташладик. Мен ва ансорлардан бир киши душманлардан бирига рўбарў келиб, уни қуршаб олдик. У: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, деди. Ансорий уни тутиб олди. Мен уни найзам билан ўлдирдим. Ортга қайтиб келганимизда, бўлиб ўтган воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқларига етиб борди. У зот яна: «Эй Усома, “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, дегандан кейин ҳам уни ўлдирдингми?» дедилар. Усома: “У ўзини ҳимоя қилиш учун шундай деди”, деди. У зот: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, дегандан кейин ҳам уни ўлдирдингми?” дедилар. Мен Расулуллоҳ бу гапни такрорлайверганидан, кошки шу кунгача мусулмон бўлмасам эди, деб орзу қилдим».
Нуруллоҳ Имамов,
Тўрақўрғон тумани Хонақоҳ жоме масжиди имом хатиби.
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати