Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

02.02.2018 й. Тадбиркор – фаровонликка мададкор

29.01.2018   7856   10 min.
02.02.2018 й. Тадбиркор – фаровонликка мададкор

 بسم الله الرحمن الرحيم

ТАДБИРКОР – ФАРОВОНЛИККА МАДАДКОР

(“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб- қувватлаш йили”)

 

Муҳтарам жамоат! Динимизда ҳалол касбга тарғиб қилинган бўлиб, танбаллик, дангасалик, ишёқмаслик каби жамиятга зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилганмиз. Ҳатто ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъю ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган.

Пайғамбаримиз с.а.в.дан ворид бўлган ҳадисларнинг бирида:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ  صلى الله عليه وسلم : "طَلَبُ كَسْبِ الْحَلاَلِ فَرِيْضَةٌ بَعْدَ الْفَرِيْضَةِ "

 (رواه الإمام البيهقي في "شُعَب الإيمان").

яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир” (Имом Байҳақий бу ҳадисни “Шуъабул-имон” китобида келтирганлар). Имом Муҳаммад аш-Шайбоний илм талаб қилиш қандай фарз бўлса, ҳалол касб талаб қилиш ҳам худди шундай фарздир, деганлар.

Киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрига бош эгади. Зеро, мўминга Аллоҳнинг амри, Расулининг с.а.в. кўрсатган йўллари ҳалол меҳнат қилмоқликдир. Расул акрам с.а.в. шундай марҳамат қилганлар:

عَنِ الْمِقْدَامِ رَضِي اللَّه عَنْه عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَا أَكَلَ أَحَدٌ طَعَامًا قَطُّ خَيْرًا مِنْ أَنْ يَأْكُلَ مِنْ عَمَلِ يَدِهِ"  

(رواه الإمام ابن ماجه).

яъни: Миқдом р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. айтадилар:  “Киши ўз қўл меҳнати билан топганидан кўра яхшироқ ва покизароқ таом емайди” (Имом Ибн Можа ривояти). Пайғамбаримиз с.а.в. бир кишининг мисолини келтириб айтдилар:

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشْعَثَ أَغْبَرَ يَمُدُّ يَدَيْهِ إِلَى السَّماءِ يا رَبِّ يا رَبِّ وَمَطْعَمُهُ حَرَامٌ وَمَشْرَبُهُ حَرَامٌ وَمَلْبَسُهُ حَرَامٌ وَغُذِيَ بِالْحَرَامِ فَأَنَّى يُسْتَجَابُ لَهُ؟" (رواه الإمام مسلم).

яъни:  Расулуллоҳ с.а.в. айтадилар: Узоқ ҳаж сафарига чиқиб, соч-соқоли тўзиб, чангга ботган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб, “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди, дуо қилади, ваҳоланки егани ҳам ҳаром, ичгани ҳам ҳаром, кийгани ҳам ҳаром, ҳаромдан озиқланган… Қаердан ҳам дуоси ижобат бўлсин?!” (Имом Муслим ривояти).

Муҳтарам азизлар! Уламолар тирикчилик ва касб-кор қилиш орқали мол топишни бир неча даража ва мартабаларга бўлган.

Биринчиси – фарз даража бўлиб, бу кишининг ўзи ва оиласининг зарурий эҳтиёжларини қондириш ҳамда қарзларини узишга етадиган миқдорда ишлаб пул топишидир.

Иккинчиси – мустаҳаб даража бўлиб, бу фақир-камбағалларга ҳам ёрдам қўлини чўзиш, дўст-ёр ва яқинларига мурувват кўрсатиш мақсадида мол-дунё орттиришга ҳаракат қилишдир. Набиййимиз с.а.в. айтадилар:

عَن ابْنِ عُمَر رضي الله عنهما قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم: "أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ  لِلنَّاس".

яъни: “Одамларнинг ичида Аллоҳга энг маҳбуби одамларга кўпроқ манфаати етадиганидир.

Учинчиси – мубоҳ даражадаги касбу кор. Бу фаровон ҳаёт кечириш учун зиёда мол орттирмоқ. Бу ҳам агар ҳалолдан бўлса жоиздир. Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилдилар:

عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ  رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ: "مَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلالا اسْتِعْفَافًا عَنِ الْمَسْأَلَةِ  وَسَعْيًا عَلَى الْعِيَالِ وَتَعَطُّفًا عَلَى الْجَارِ  لَقِيَ اللَّهَ تَعَالَى وَجْهُهُ كَالْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ"

яъни: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш  учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи тўлин ой кечасидаги ой каби порлаган ҳолда Аллоҳга йўлиқади”.

Тўртинчиси – макруҳ даража бўлиб, бу манманлик, кеккайиш, кибру ҳаво ва мақтаниш учун гарчи ҳалолдан бўлса ҳам мол-мулк топиш. Набий с.а.в. дедилар:

" وَ مَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلالا مُفَاخِرًا مُرَائِيًا مُكَاثِرًا لَقِيَ اللَّهَ تَعَالَى وَهُوَ عَلَيْهِ غَضْبَانُ"  

яъни: “Ким мол-дунёни мақтаниш, кўз-кўз қилиш ва бошқалардан кўплиги билан фахрланиш учун талаб қилса, Аллоҳ таолога Унга ғазаб қилган ҳолида йўлиқади”.

Эрта билан ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман, деган эзгу ва покиза ниятларда ишига йўл олган инсонга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Шунинг учун Набий с.а.в. бундай деганлар:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُا ، قَالَتْ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " مَنْ بَاتَ كَالًّا مِنْ طَلَبِ الْحَلالِ بَاتَ مَغْفُورًا لَهُ "

(رواه الإمام ابن عساكر)

яъни: “Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган ҳолда тунаса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди” (Имом Ибн Асокир ривояти).

Банда ҳалол меҳнат қилиб, аҳли-аёлимнинг нафақаси зиммамдаги вожиб амал, деб ихлос билан бозорга қадам қўйиб кириб борар экан, Расулуллоҳ с.а.в. таълим берган қуйидаги дуони ўқиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бинобарин, бунда дуо қилувчи учун кўплаб фойдалар бор. Умар ибн Хаттоб р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. бундай дедилар:

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ  وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ دَخَلَ السُّوقَ فَقَالَ لاَ إلَهَ إلاَ اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيْكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَ لَهُ الْحَمْدُ يُحْيِيْ وَ يُمِيْتُ وَهُوَ حَيٌّ لَا يَمُوتُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيْرٌ، كَتَبَ اللهُ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ حَسَنَةٍ وَمَحَا عَنْهُ أَلْفَ أَلْفِ سَيِّئَةٍ وَرَفَعَ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ دَرَجَةٍ"

(رواه الإمام الترمذي).

яъни: “Кимки бозорга кириб, “Ла илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу ла шарика лаҳу,  лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, йуҳйи ва юмиту ва ҳува ҳайюл ла ямуту биядиҳил хойру ва ҳува ала кулли шайъин қодир”, - деса Аллоҳ унга минг-минг яхшиликлар ёзади, минг-минг хатосини ўчиради, уни минг-минг даражага кўтаради” (Имом Термизий ривояти).

 Дарҳақиқат, ризқни берувчи Аллоҳ эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ризқни қанча миқдорда бериш Аллоҳ таолога ҳавола, банданинг вазифаси эса ҳаракат қилиш бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ

 (سورة سباء/39).

яъни: “Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39- оят).

Биз ниятимизни тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб ҳалол касбу-ҳунар қилсак, берган ризқига шукрона қилсак, иншоаллоҳ, турмушимиз янада фаровон бўлади.

Аллоҳ таоло тадбиркорларимизнинг касбу корларига барака бериб, халқимиз турмушида фаровонликни янада зиёда айласин. Омин!

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намозга кеч келиб қўшилган кишига (масбуқга) тегишли баъзи амаллар ҳақида суҳбатлашамиз.

Намозга кеч келиб, имомга иқтидо қилган киши, имомни намознинг қаерида топса шу еридан бошлаб иқтидо қилади.

Агар имом товуш чиқариб (жаҳрий) қироат қилаётган бўлса, “Такбири таҳрима”ни айтиб, (яъни, “Аллоҳу акбар” деб) санони (“Субҳанакаллоҳумма...”) ўқимасдан, унга эргашади. Имом намозни тугатганидан кейин, етолмаган ракатларни ўзи ўқиб олади.

Агар имомга махфий намозда иқтидо қилган бўлса, келиб қўшилган киши санони ўқийди.

Жамоатга кеч қолиб келиб, имомни рукуъ ёки сажда ҳолатида топган  киши қарайди: агар санони ўқиб ҳам, имом билан бирга рукуни ёки саждани қила олишига кўзи етса, санони тик турган ҳолида ўқийди ва имомга эргашади. Бунга кўзи етмаса, санони ўқимай, руку ёки саждага боради.

Тўрт ракатли намознинг тўртинчи ракатига етган киши имом билан бир ракат ўқийди, имом салом берганидан кейин туриб, бир ракатни Фотиҳа ва зам сура билан ўқийди. Рукуъ ва сажда қилганидан кейин ташаҳҳудга ўтиради. Ташаҳҳуддан сўнг туриб, яна Фотиҳа ва зам сура ўқийди, рукуъ-сажда қилади ва тўртинчи ракатга туради. Тўртинчи ракатда фақат Фотиҳани ўқийди, рукуъ-сажда қилиб, ташаҳҳудга ўтиради ва салом бериб намозни тугатади.

Кеч қолиб келган киши шом намозининг охирги ракатига етиб келган бўлса, имом салом берганидан кейин, туриб икки ракат ўқийди. Бунда ҳар бир ракатдан кейин ташаҳҳудга ўтиради ва ҳар ракатида Фотиҳа ва зам сура ўқийди. Натижада шом намозини учта қаъда билан тугатган бўлади.

(Мазкур масалалар “Фатавойи ҳиндийя” китобидан олинди).

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Икки улуғ неъмат

14.08.2026   37081   3 min.
Икки улуғ неъмат

#Мустақилликнинг 35 йиллиги

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).

Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.

Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.

Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ