Ҳар бир балоғатга етган ақли расо мусулмон учун дастлаб соғлом ақидани ўрганиши фарз бўлади. Шунингдек, Исломни қабул қилган кишига ҳам амалий ҳукмларни ўргатишдан олдин соғлом ақида ҳукмлари ўргатилади. Бунга Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис далилдир. Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида бундай деганлар:
إِنَّكَ تَقْدَمُ عَلَى قَوْمٍ أَهْلِ كِتَابٍ فَلْيَكُنْ أَوَّل مَا تَدْعُوهُمْ إِلَيْهِ عِبَادَة اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ فَإِذَا عَرَفُوا اللَّهَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللَّهَ فَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَوَاتٍ فِى يَوْمِهِمْ وَلَيْلَتِهِمْ
“Сиз аҳли китоб бўлган қавмга боряпсиз, уларни аввал чақирадиган нарсангиз Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиш бўлсин. Қачон Аллоҳни танисалар, Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз қилганини хабар беринг”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида мусулмон киши энг аввал тўғри ақидани ўрганиши лозимлигини хабар берганлар.
Соғлом ақида Ислом динининг асоси бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг деярли ўн уч йил давомида у зотга, асосан, ақидага тааллуқли ҳукмлар ваҳий қилинган.
Уламолар “Соғлом ақидани қисқача қилиб Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон келтиришдир”, деб тушуниш мумкин, деганлар.
Мазкур нарсаларга қатъий равишда ишониш соғлом ақиданинг асослари бўлиб, иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалар мазкур асослардан келиб чиқади.
Баён қилинган ушбу ақида турли замонлар ва маконлар туфайли ўзгармаган, юборилган барча пайғамбарларда фарқланмаган ягона қатъий эътиқоддир.
Соғлом ақиданинг аввали Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига ва комил сифатлар билан сифатланганига иймон келтириш ҳисобланади. Мусулмон киши номусулмон кишидан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман) деб шаҳодат калималарини айтиши ва уларнинг тақозосига кўра ҳаёт кечириши билан ажралиб туради. Ушбу гувоҳлик бериш мусулмонликнинг асоси ҳисобланиб, мусулмон кишининг ҳамма қарашлари мазкур асос устига қурилади.
Шунга кўра, соғлом ақида мўминнинг ҳаётида мислсиз аҳамиятга эгадир:
– соғлом ақида мўмин банда ва Аллоҳ таоло ўртасидаги алоқанинг моҳияти нимадан иборатлигини тушунтириб беради. Уламолар соғлом ақидали мусулмоннинг тасарруфи қандай бўлишига қуйидагича мисол келтирганлар. “Бир кишига дўсти маълум миқдорда маблағ бериб уни қаерларга сарфлашини тайинласа, дўсти мазкур жойларга ортиқча қийналмасдан, ичи ачишмасдан сарфлайди. Чунки унда қўлидаги маблағ тўғрисида “бу маблағ менинг шахсий молим эмас, менинг қўлимда турган омонатдир, мен уни фақатгина эгаси тайинлаган жойларга сарфловчиман холос” деган соғлом ақидаси бўлади. Шу маънода соғлом ақидали мўмин киши ўзидаги барча нарсаларни Аллоҳ таолонинг унга берган омонати деб билади. Молидан закот ё ушр ёки етим-есирларга бирор эҳсон қилар экан, ўз ёнидан бераётгандек оғриниб эмас, балки зиммасидаги омонатини адо этаётганидан хурсанд бўлиб сарфлайди. Бу эса ундаги соғлом ақиданинг самараси ҳисобланади;
Демак, дунёда бахтли ҳаёт кечириб, охиратда жаннатга киришни хоҳлаган инсон, албатта, соғлом ақидани ўрганиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир.
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси
катта ўқитувчиси Абдулқодир домла Пардаев
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати