“Улардан кейин (дунёга) келганлар айтурлар: “Парвардигоро, бизларни ва бизлардан илгари имон билан ўтганларнинг гуноҳларини кечир. Қалбларимизда имон келтирганларга нисбатан нафрат пайдо қилма! Парвардигоро, Сен меҳрибон ва раҳмлисан!” (Ҳашр, 10)
Бу ояти каримадан олдинги оятларда муҳожир ва ансорларнинг сифатлари зикр этилган. Бу оятда эса улардан сўнг қиёматгача дунёга келадиган мусулмонларнинг сифатлари қандай бўлиши лозимлиги баён этилган.
“Улардан кейин (дунёга) келганлар”дан мурод тобеинлар ва қиёматгача келадиган мусулмонлардир.
Мусъаб ибн Саъд айтади: “Мусулмонлар уч рутбададир. Икки рутба ўтган, фақат охирги бир рутба қолган – ана шу рутбада бўлишингиз сиз эриша оладиган энг катта ютуқдир”.
Бу оят саҳобаларни яхши кўриш вожиблигига далилдир. Шунинг учун аҳли суннат вал жамоатда бўлган киши саҳобалардан бирортасини сўкмайди, уларни ёмон кўрмайди ва аҳли қибладан ҳеч кимни кофирга чиқармайди.
“Парвардигоро! Бизларни ва бизлардан илгари имон билан ўтганларнинг гуноҳларини кечир!”
Ойша онамиз розияллоҳу анҳо бундай деган эканлар: «Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бу уммат кейингилари олдингиларини лаънатламагунича йўқ бўлмайди” деганларини эшитганман» (Ибн Касир бу ҳадисни Бағавийдан ривоят қилиб келтирган).
Демак, ўтган буюк зотлар алломаи замонларни беҳурмат қилиш, уларни лаънатлаш умматнинг ҳалокатига сабаб бўлар экан.
«Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: “Саҳобийларимни сўкаётганларни кўрсангиз “Сизларнинг ёмонларингизни Аллоҳ лаънатласин!” деб айтинг” (Имом Термизий ривояти).
Шаъбий айтади: “Яҳудийлар ва насронийлар рофизийлардан* битта хислати билан устун туришади – яҳудийдан “миллатингизнинг энг яхшилари кимлар?” деб сўрасангиз, дарҳол “Мусонинг (алайҳиссалом) асҳоби”, деб жавоб беришади. Насронийларга шу савол берилса, ҳеч иккиланмай “Исонинг (алайҳиссалом) асҳоби”, дейишади.
Рофизийлардан “Миллатингиз орасида энг ёмонлари кимлар?” деб сўрасангиз, “Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) асҳоби”, деб жавоб беришади. Ҳолбуки, улар саҳобийлар ҳақига мағфират сўрашга буюрилган”.
“Қалбларимизда имон келтирганларга нисбатан нафрат пайдо қилма!” Ояти каримада ҳозирги кунимизда ғоят долзарб бўлиб турган масала ечими баён қилинган. Бу нафрат ҳар қандай келишмаслик, фитна, парокандалик боис қалбда пайдо бўладиган нафратдир.
Бу оят мўминларни бир-бирларига нафрат қилмасликка буюради. Бу илоҳий фармонга тўлиқ амал қилинса, инсонлар орасида дўстлик, биродарлик қарор топади.
Аллоҳ таоло қалбимизда мўминларга нисбатан нафрат пайдо бўлишидан сақласин.
Қуртубий тафсири асосида
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
* Рофизийлар (арабча “рофиз” – тарк этиш, рад этиш, маслагидан қайтиш маъноларида) – ўрта асрларда изчил Ислом йўлидан четга чиққан оқимлар, хусусан, шиалар (Абу Бакр ва Умарнинг (розияллоҳу анҳум) халифалик ҳуқуқини рад этганлари учун) рофизийлар деб аталган. Кейинчалик ҳазрат Алини (розияллоҳу анҳу) илоҳийлаштириш тарафдорлари бўлган фирқалар (хусусан, исмоилийлар) шу ном билан аталган. Умумий маънода “рофизийлар” атамаси имомийлар, алавийлар ва зайдийларга нисбат берилади (“Ислом энциклопедияси”).
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Уламолар масалаларни диққат билан ўрганиб, таҳқиқ қилишади. Шунинг учун бир масалада турли ўлкаларда авлоддан авлодга маълум бир фатвога кўра амал қилиб келинади. Барча уламолар мана шу масалага мувофиқ келади. Натижада суянишнинг энг олий чегарасига чиқиб борилади.
Бу суяниш ниҳоятда қувватли бўлади, иймон келтирадиган даражада аниқ бўлмаса-да, шунга яқин келади. Аҳли суннанинг ўзига хос хусусияти мана шудир. Нима учун бу фиқҳ залолатдаги фиқҳ бўлмайди? Чунки унда хато бўлиш эҳтимоли жуда кам, чунки ундаги ижтиҳод бир кишига тегишли эмаски, унинг аксари хато бўлса... Балки бу нарса илмий мактаб ижтиҳодига, қарорига айланди. Бундай илмий мактабда эса хато қилиш эҳтимоли жуда кам бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг динини илмий мактабларнинг мана шундай тартибли илмлари орқали муҳофаза қилди.
Акс ҳолда Аллоҳ таоло Ўзининг динини Зайд, Амр ёки Юсуфнинг қўлида, яъни бир ёки бир неча кишининг қўлида муҳофаза қилган бўлиб қолар эди. Бу гапга ақл бовар қиладими? Йўқ. Аллоҳ таоло Ўзининг динини кучли, асосли, жуда кўп уламоларни ўз ичига олган қатъий, собит илмлар орқали муҳофаза қилади.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан