Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий
Усмонхон Алимовга
ТАБРИК ХАТИ
Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлар кенгашининг раиси, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Диний бирлашмалар билан алоқалар Кенгаши аъзоси, муфтий шайх Равил Ғайнутдин Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Алимов Усмонхонни Ислом академияси давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани олиши муносабати билан табриклади:
Бутун дунё уламолари кенгаши уюшмаси ва
Бутунжаҳон мусулмонлар бирлашмасининг Таъсис кенгаши аъзоси,
Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий
Алимов Усмонхонга
Ҳурматли муфтий!
Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлар кенгаши ва шахсан ўз номимдан Сизни Ислом академияси давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани олиши муносабати билан чин дилдан табриклайман.
Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, худди бизнинг буюк ўтмишдошларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбандий даврида бўлгани каби бугунги кунда ҳам муҳтарам Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлови ва сизнинг раҳбарлигингиз остидаги Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг улкан ишлари натижасида Ўзбекистондаги олий исломий таълимнинг шонли анъаналари қайта тикланмоқда.
Мен Ислом академиясининг Ўзбекистон ва ислом манфаати йўлида муваффақиятли ва самарали фаолият олиб боришига тилакдошман. Ўз дини ва умматига фидокорона хизмат қилиб келаётган инсон сифатида Сиз азиз биродаримнинг барча эзгу ишларингизга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлишини чин дилдан тилаб қоламан!
Ҳурмат ва эзгу дуолар ила,
Муфтий шайх Равил Гайнутдин,
Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси
ва Россия муфтийлар кенгашининг раиси,
Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги
Диний бирлашмалар билан алоқалар Кенгаши аъзоси
Россия диний ташкилотларнинг халқаро ҳамкорлик фаолияти юқори баҳоланди
Ҳозирги кунда Россия Федерациясида мусулмонларнинг давлат ва жамият ҳаётига таъсири ортиб бораётгани соҳа мутахассислари томонидан эътироф этилмоқда. Барча фуқаролар сингари мусулмонлар ҳам мамлакат ривожи ва осойишталиги учун бор имкониятларини ишга солиб, жидду жаҳд қилишмоқда. Барча дин вакиллари қатори уларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари конституцион таъминлангани, айниқса, ижобий самаралар бермоқда. Жумладан, минглаб янги масжидлар қурилиб, ҳожиларнинг сони ошмоқда. Диний адабиётлар минглаб нусхада нашр этилиб, кўп сонли диний ўқув муассасалари, шунингдек, ўнлаб диний идоралар рўйхатдан ўтмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Россияда Ислом фақатгина диний омил, маънавий-маданий қадриятлар тарқатувчи ёки ижтимоий дастурларни амалга оширувчи сифатида эмас, балки жамият ҳаётидаги жараёнларнинг муҳим таркибий қисмига айланганини кўрсата бошлади. Мисол учун, мамлакатда истиқомат қилувчи мусулмонлар орасида соф ислом маърифатини тарқатиш, бузғунчи ғояларга қарши курашда Россия диний идоралари ва бошқа мамлакатларнинг диний бошқармалари ўртасидаги ҳамкорликлар – жамият осойишталиги учун муҳим аҳамият касб эта бошлади. Ҳатто, бу борадаги ишлар Давлат раҳбари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.
Куни кеча Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Россия мусулмонларининг марказлашган диний ташкилотлари олиб бораётган халқаро фаолиятга юқори баҳо берди, деб хабар қилди kun.uz интернет-нашри.
Владимир Путин бу ҳақда Россия мусулмонлари марказлашган диний ташкилотлари муфтийлари ҳамда Болгария ислом академияси раҳбарлари билан учрашувда айтиб ўтган.
«Халқаро фаолиятга келадиган бўлсак, менинг фикримча, бу жуда қизиқарли, жуда тўғри йўналиш. Сизларга ёрдам ва қўллаб-қувватлов борасида бекорга мурожаат қилмайман, бу бизнинг бошқа давлатлардаги маърифий ишларимизга алоқадор», - дея айтиб ўтди у.
Ўз навбатида, Россия мусулмонлари диний бошқармаси раиси, Муфтийлар кенгаши раиси Равиль Гайнутдиннинг хабар беришича, Россия мусулмонлари ташкилотлари ўз мамлакати манфаатини нафақат унинг ичида, балки МДҲ давлатлари, мусулмонлар дунёси ва Европа мамлакатларида ҳам илгари суради.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати