Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Сиз ихтилоф қилишга лаёқатлимисиз?

04.05.2023   3048   3 min.
Сиз ихтилоф қилишга лаёқатлимисиз?

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир”, деганлар. Ихтилоф ўзро қарама қаршилик, маъносини англатсада, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларида юз берадиган ихтилофни раҳмат, деб сифатладилар. Демак, бундан кўринадики, диндаги ихтилофлар ичида мақталадиган, уммат учун раҳмат бўладиган ихтилоф ҳам мавжуд. Бундай ихтилоф ислом умматининг ички фитнасига, улар ўртасидаги уриш жанжалларга сабаб бўладиган ихтилоф бўлмаслиги лозим. Чунки Аллоҳ таоло “Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур” (Анфол-46), деган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ўзаро низолашишдан қайтарганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: Биз қадар борасида ўзаро тортишаётган эдик, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқдилар ва ғазаб қилиб, ҳатто юзлари қизариб кетди. Юзларига анор доналари сиқилганидек бўлиб кетди. Сўнг бизга юзланиб: “Сизлар шунга буйрилдингизми, мен сизларга шуни олиб келдимми?! Сизлардан олдингилар шу иш борасида низолашганлари туфайли ҳалок бўлдилар. Бу ҳақда сизлар талашиб тортишмасларингизни қасд қилдим”, дедилар. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда: “Менинг умматим залолат устида жамланмайди. Агар ихтилофни кўрсангиз саводи аъзамни (кўпчиликдан иборат тарафни) лозим тутинг”, деганлар.

Демак баъзи далиллар ихтилофни қораласа, баъзиларида ихтилоф мақталмоқда. Далиллар ўртасини мувофиқлаштириш учун уламолар уларда зикр қилинган ихтилоф ва низолашув ибораларини турлича изоҳлашган. Жумладан, “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир” деган ҳадисни қуйидагича тушунтиришган: Менинг умматларим ичидаги мужтаҳидларининг ижтиҳод жоиз бўлган фаъий-иккиламчи масалалар борасидаги ихтилофи раҳматдир. Бу ўриндаги раҳмат сўзининг маъноси, кенгчилик, енгиллик маъноларида бўлиб, ушбу иборага кўра барча мўътабар мазҳаблар гўёки алоҳида-алоҳида шариат каби бўлади ҳамда Аллоҳ таолонинг енгил ва осон дини бўлган Исломни кенгчилик йўли эканини ифодалайди.

Бундан кўринадики, ихтилоф муқаллидлар, яъни оддий мусилмонларнинг иши эмас, балки мужтаҳидларга доир вазифа бўлиб, улар ўз ижтиҳодлари билан ўзаро шариат доирасида ихтилоф қиладилар. Натижада бир масала борасида бир қанча қавллар юзага келади. Бу эса вазият тақозо қилганда, мажбурлик ўрнида бирор бир мужтаҳиднинг сўзини олиб, унга амал қилиш орқали танг вазиятдан чиқиб кетиш имконини беради.

Демак, шариатда рухсат берилган “Ихтилоф” сўзидан ‒ мақсад бир бўлиб, унга олиб борувчи йўлнинг турлича экани тушунилиши лозим. Бундай ихтилоф тарафларнинг ўзаро ҳурматига раҳна солмайди. Чунки улар бир эътиқод ва бир мақсадда бўлганлари учун ўзаро хурматни йўқотмайдилар.

Имом Бухорий номидаги

Тошкент Ислом институти

“Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси”

ўқитувчиси Я.Раззақов

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

21.08.2026   53105   2 min.
Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

Турк тили институти Илмий кенгаши аъзоси, филолог олим, профессор Зеки Каймаз Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Аввало, Ўзбекистон халқини истиқлолнинг 35 йиллиги муносабати билан чин кўнгилдан табриклайман. Ўттиз беш йил оз вақт эмас. Мен юз йилдан ошган мустақил Туркия фуқароси сифатида Сизларга ҳам яна кўп асрлар мустақиллик шодиёнасини нишонлашингизни тилайман.

Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан яқин муносабатда бўлиб келганмиз. Айниқса, Туркиядаги миллий озодлик кураши даврида бизга бу диёрдан жўнатилган кўмакни доимо катта миннатдорлик билан ёдга оламиз.

Қардош ўзбек халқи биз учун доимо яқин биродар, қалин дўст бўлиб келган. Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти бизни жуда мамнун қилади. Ушбу заминга ҳар борганимда гўзал ва обод мамлакатни кўрамаз. Юртингизда маданият ва маърифат ўчоқлари бисёр. Албатта, бу тамаддун ва цивилизациянинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Марказий Осиёдаги илк ўрта асрлардаги Биринчи ренессанс ҳамда Амир Темур асос солган Иккинчи ренессанс даврларида бу заминда буюк цивилизация шаклланди. Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Имом Мотуридий зиёратгоҳи каби маданий-маънавий масканлар ислом оламида муҳим аҳамиятга эга.

Геостратегик мавқеи нуқтаи назаридан, мен келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунё, хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида ёрқин юлдуз сифатида кўраман.

Бунинг сабаблари бор, албатта. Аввало, мамлакатдаги кучли иқтисодиёт. Қолаверса, чуқур илдизларга эга бўлган бой маданият ва тарих. Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тилагим – дўстлик ришталаримиз янада мустаҳкамлансин, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори даражага кўтарилсин.

Яна бир бор мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман ва ўзбек халқига самимий саломларимни йўллайман.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари