Ҳовлимизда унча катта бўлмаган гулзоримиз бор эди. Кичик гулзор бўлишига қарамай унда жуда гўп гуллар ва дарахтлар ўсарди. Гулларнинг ичида энг яхши кўрадиганим жасмин гули эди. Марҳум отам ҳар куни бомдод намозидан қайтишларида бир даста жасмин гулидан олиб ёстиғим олдига қўйиб қўярдилар. Эрталаб жасмин ифори билан уйқудан туриш ажойиб эди.
Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, отажоним бир неча йиллар давомида хонамдан жасмин гулини аритмадилар. Отамнинг менга бўлган ғамхўрликлари ва меҳру муҳаббатлари жасмин гули тимсолида гавдаланарди. Эътибор нишонаси бўлган мана шу жасмин гули мени маккор йигитларнинг тузоғига линиб қолишимдан асраган бўлса не ажаб. Мен отаси меҳр берган қизлар кўчада йигитлар билан гаплашиб кетмаслигини, иффатини сақлашини ўз ҳаётимда яшаб кўрганимдан Аллоҳга ҳамд айтаман.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳазрат Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хонадонларида, у зотнинг меҳрибончиликларида вояга етдилар. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёшликларидан беҳад севар эдилар, шунинг учун ҳам ҳали ёш бола бўлсалар-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчилардан бўлиб иймон келтирдилар. У зот жуда ёш эдилар, лекин ишқ инсонни шижоатли қилади. У зот ана шу севги шаробидан ичиб, жасур ва баҳодир йигитга айландилар. Ҳазрат Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган ҳар қандай ёвузликка қарши шердек ташланар эдилар. Ана шу ишқ у зотни Ҳазрат Али қилган эди.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Муҳаммаддан келтирган ривоятда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тобутга қўйилганларида Али: «У зотнинг жанозаларига ҳеч ким имом бўлмайди. У зот тирикликларида ҳам, маййитликларида ҳам имомимиздир», дедилар. Одамлар тўп-тўп бўлиб кириб, саф-саф бўлиб, имомсиз жаноза ўқидилар. Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўпараларида туриб: «Ассалому алайка, айюҳаннабийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Аллоҳим! Гувоҳлик берамизки, у зот ўзларига нозил бўлган нарсани бизга етказдилар, умматга насиҳат қилдилар. Аллоҳ динини азиз қилгунича, сўзини олий қилгунича Аллоҳ йўлида жанг қилдилар. Аллоҳим! Бизни у зотга нозил қилган динингга эргашганлардан қилгин. У зотдан кейин бизни саботли қилгин. У зот билан бизни жам қилгин», дедилар.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатингиз қандай?» деб сўрашганда, «Аллоҳга қасамки, у зот бизга молу жонимиздан, бола-чақамиздан, ота-онамиздан ҳам, ташна одамнинг муздек сувга муҳаббатидан ҳам севимлироқлар», деб жавоб берганлар.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси