Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги фожиада юртдошларимиз ҳалок бўлгани муносабати билан хорижий мусулмонлари идоралари раҳбарлари, муфтийлар номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси номига ҳамдардлик мактублари келиши давом этмоқда. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига,
Ҳурмали Муфтий ҳазратлари!
Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган фожиали ҳодисада 50 дан зиёд ўзбекистонлик қардошларимиз қурбон бўлгани бизни чуқур қайғуга солди. Шу муносабат билан мен Қозоғистон мўмин-мусулмонлари номидан Сизга чуқур таъзия билдираман.
Мазкур фожиали ҳодиса туфайли ҳалок бўлган ўзбекистонлик қардошларимиз ҳаққига Қозоғистоннинг барча масжидларида жума намозида дуолар қилинди.
Аллоҳ таолодан марҳумларни ўз раҳматига олишини сўраймиз. Ҳақ таоло бу мусибат ўрнини хайрли ишлар билан тўлдирсин.
Камоли эҳтиром билан,
Қозоғистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий Серикбай ҳожи ОРАЗ
Аввал Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси профессор, доктор Али Эрбош, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Махсатбек ҳожи Тохтамишев таъзия билдиргани ҳақида хабар берган эдик.
Ҳамдардлик мактублари келиши давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ