Динимизда оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар. Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бу борада ривоят қилинган ҳадисларнинг бирида: «Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин», дейилган (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий). Дарҳақиқат, Аллоҳ инсонни, у эркак ёки аёл бўлсин, нафсий рағбат билан яратган. Айни пайтда ушбу рағбатни ҳалол-пок йўл билан қондиришни буюриб, никоҳни жорий қилган. Албатта, ҳар қандай инсон болоғат ёшига етгач, ундаги яширин нафсоний рағбат авж ола бошлайди. Аллоҳдан қўрқиб, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) кўрсатмаларига амал қиламан деган банда, агар моддий ва бошқа имкониятлари мавжуд бўлса, никоҳланиш орқали бунинг олдини олади. Нафс рағбатини ҳаромга юриб қондириш йўли бўлган зинодан ўзини сақлайди. Бошқа бир ҳадисда эса: «Тўртта яхши иш бор, улар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланишдир», деб марҳамат қилинади (Имом Термизий ривояти). Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) яна шундай ҳадис бор: «Ким уйланган бўлса, динининг ярмини мукаммал қилибди, қолган ярмида Аллоҳга тақво қилаверсин» (Табароний, Байҳақий, Ҳоким ривояти). Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан холи тинч ва обод бўлиши, аввало, ушбу кичик жамиятнинг тинчлигига боғлиқ. Оила тинчлик-хотиржамлиги ва саодатини таъминлаш оиладаги ҳар бир шахснинг ўз масъулиятини ҳис қилиши ва бажариши билан барқарор бўлади. Бундай масъулиятни эса, эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи никоҳгина жорий қилиши ва мустаҳкамлаши мумкин. Пайғамбар (алайҳиссалом) бир ҳадисларида: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас (яъни, умматимдан эмас)”, деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) суннатлари экан, мусулмон киши оила қуришни пайсалга солмай, уни шаръий никоҳ асосида амалга ошириши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.
Усмонхон Алимовнинг "Оилада фарзанд тарбияси" китобидан
ЎМИ Матбуот хизмати
Бу муҳаддис Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг буюк устози, фазилатли Шайх Абдуллоҳ Сирожиддин раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзларидир.
У зот бу насиҳатни Шайх Аввомага талабалик йилларининг бошларида айтган эдилар. Бунга сабаб, Шайх Аввома бир кеча Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ўқиган шубҳали бир воқеага аниқлик киритиш учун устозларига мурожаат қилганлари бўлган.
Шайх Муҳаммад Аввома бундай дейдилар: “Шайх Абдуллоҳ бизга бешинчи курсда ҳанафий фиқҳи бўйича машҳур “Ал-Ихтиёр” китобидан дарс берар эдилар. Бир куни мен у кишининг ҳузурларига Исломга улкан хизмат қилган буюк имом – Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақидаги ғалати бир ривоятни ўқиб келдим.
Ривоятда айтилишича, Имом Бухорийдан бир эчкининг сутини эмган икки гўдак – бир ўғил ва бир қиз – кейинчалик ўзаро никоҳланишлари мумкинми, деб сўрашибди.
Ҳикояга кўра, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ уларнинг никоҳланишлари мумкин эмас, деб жавоб берган эканлар. Шундан сўнг, гўёки шаҳар олимлари бу фатвони жоҳиллик деб баҳолаб, Имом Бухорийни сургун қилган эмиш.
Мен бу воқеани Шайх Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳга айтиб берганимда, у зот хотиржамлик ва донолик билан:
— Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг, — дедилар”.
Шайх Муҳаммад Аввома давом этиб бундай дейдилар:
“Аллоҳга қасамки, бу сўз мен учун улкан сабоқ бўлди. Бу ҳаёт давомида амал қилишим керак бўлган бир мезон, хулқий қоидага айланди. Устозим бутун бошли одоб ва тафаккур дастурини битта жумлада жамлаб бердилар. Мен бу насиҳатни бундан эллик йил аввал эшитганман. Энди эса бошқалар ҳам ундан фойда кўришлари учун келтирмоқдаман”.
Биз учун сабоқ
Бу воқеадан олинадиган биринчи сабоқ шуки, қачонки биз шубҳали ёки билмаган маълумотга дуч келсак, дарҳол илмли ва ишончли кишилар билан маслаҳатлашишимиз керак.
Афсуски, бугунги кунда кўпчилик эшитган ёки ўқиган маълумотини текширишга уринмайди. Бу эса кўпинча жиддий ва аянчли оқибатларга олиб келади. Агар маълумот ўша соҳанинг ишончли мутахассисидан бўлмаса, биз ҳар қандай даъвони кўр-кўрона қабул қилмаслигимиз керак.
Ижтимоий тармоқлар тузоғи
Ижтимоий тармоқлар инсониятга мислсиз даражада кенг ахборот оламини тақдим этди. Бироқ унинг энг катта хавфларидан бири оммавий ёлғон ва дезинформациянинг тез тарқалишидир.
Кўпчилигимиз ўқиган нарсамизнинг барчасига ишонишга мойилмиз. Ҳолбуки, ушбу мақоланинг асосий мақсади айнан бундан қайтаришдир.
Баъзан одамлар хабарнинг мазмунига эмас, уни юборган кишига қараб ишонадилар. Ваҳоланки, у ҳам бу маълумотни бошқа бировдан олган бўлиши мумкин.
“Нусха кўчириш ва жойлаштириш” одати
Бугунги кунда одамларнинг асл манбага мурожаат қилмасдан маълумотларни кўчириб тарқатишлари одатий ҳолга айланган. Бу ҳам нотўғри ёндашувдир.
Бундай одатнинг энг катта зарарларидан бири шуки, хабар бир неча қўлдан ўтгач, унинг асл манбаси ва маъноси бутунлай йўқолиб кетади. Натижада, маълумотнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигини текшириш имконсиз бўлиб қолади.
Аслида, бу маълумот ишончлими? Балки у бошидан охиригача тўқима ва асоссиздир?
Шу сабабли яна бир бор огоҳлантирамиз:
Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!
Бу насиҳатга амал қилиш бугунги кунда осон эмас. Чунки кўпчилик одамлар уларга етиб келган ҳар қандай маълумотни текширмасдан қабул қилишга одатланиб қолган.
Аллоҳ таоло бизга ҳақиқатни англашни, маълумотларни тўғри баҳолашни ва фойдали илмга амал қилишни насиб этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД