Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни овозингиз билан безанг!” деб марҳамат қилдилар» (Абу Довуд ва Насаий ривояти).
Қуръони каримни чиройли овоз билан безаш масаласи олимлар ўртасида турли фикрларга сабаб бўлган. “Қуръоннинг чиройли овозга эҳтиёжи йўқ”, деган тушунчадагилар ҳадис аслида: “Овозингизни Қуръон билан безанг” маъносида бўлгани, бироқ ривоят асносида сўзлар ўрни алмашиб қолганини айтади. Уларга кўра, Аллоҳ таолонинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг абадий мўъжизалари бўлмиш Қуръон ҳеч кимнинг чиройли овозига муҳтож эмас. У ҳар жиҳатдан гўзал ва мукаммал, биз унинг қироати билан овозимизни гўзаллаштиришга муҳтожмиз.
Аммо кўпчилик уламолар бу фикрга қўшилмайди. Ибн Дайба таъкидлаганидек, ҳадисда келган “Қуръон” сўзидан мақсад унинг тиловатидир. Демак, ўткир хотира ва хушовоз ила Қуръони карим тиловатини гўзаллаштириш кераклигини англаш зарур. Зеро, гўзал сўз гўзал овоз билан янада ёқимли бўлади. Унинг хушовозда ўқилиши одамларда Қуръони каримни тинглашга бўлган мойилликни кучайтиради. Демак, ҳадисдан тиловатда имкон қадар овозни чиройли қилишга уриниш кераклиги тушунилади.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш лозим, Қуръони каримни чиройли ўқийман деб уни тағаннийга (оҳангга солиш, қўшиққа ўхшатиш) айлантириш ҳам ярамайди. Уламолар тиловатда тажвид қоидаларидан четга чиқиб, тағаннийга йўл қўйишни макруҳ дейишган. Бундай тиловатни эшитганлар ҳам қарши чиқишлари, хатолигини тушунтиришлари лозим. Каломуллоҳ ҳар жиҳатдан ўзгача; унинг тиловатида ҳам бу ўзига хосликни асраш, турли қўшиқ ва байту ғазаллар оҳангига ўхшатмаслик керак. Мулла Али Қори “Мирқот” китобида қўшиқ каби оҳангга солиб тиловат қилиш ҳаромлиги, эшитганлар ҳам гуноҳкор бўлишига доир фатво берган. Унинг чек қўйилиши вожиб бўлган энг ёмон бидъатлардан эканини таъкидлаган.
Али Қори ушбу ҳадис шарҳида шу маънода ворид бўлган бошқа ҳадисларни ҳам келтиради: “Қуръонни овозингиз билан безанг. Зеро, хушовоз Қуръон чиройини орттиради” (Насаий ва Ҳоким); “Чиройли овоз Қуръон зийнатидир” (Табароний); “Ҳар нарсанинг безаги бор, Қуръоннинг безаги чиройли овоздир” (Абдурраззоқ).
Юқоридаги ривоятларни зикр қилгач, Али Қори айтади: “Бу ерда Қуръонни овоз билан гўзаллаштиришга амр бор. Қуръоннинг овоз билан гўзаллашиши тажрибада тасдиқланган ҳақиқат. Шундай экан, бу ҳол ҳадисда сўзлар ўрни алмашиб қолган, деган даъвони рад қилади”.
Али Қори фикрининг тасдиғи сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга айтган ушбу сўзларини келтиради: “Сенга Оли Довуд алайҳиссаломга берилган мизморлардан бир мизмор берилган. Кеча кечқурун сени тинглаётганимни бир кўрсайдинг. Ҳақиқатан, сенга Оли Довуд алайҳиссаломга берилган мизморлардан бир мизмор берилган”.
Хулоса, муҳими Қуръонни ўқиш. Тартил билан ўқиб, қироатни безаш мустаҳаб эканига бутун уламолар иттифоқ қилишган. Тағанний ва лаҳн билан ўқиш хусусида эса ихтилоф бор. Жумҳур уламо бунинг жоиз эмаслигини, чунки мазкур ҳолатда хушуъ йўқолишини айтганлар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ