Эътиқод софлиги ҳамма замонларда зарур бўлган оимл ҳисобланади. Ақидаси тўғри бўлмаган кишининг қилган ибодати ҳам мақбул эмас.
Дунёдаги бўлаётган ҳунрезликлар, фисқу фасод ва ғалаёнлар замирида ҳам қандайдир ақида ёки нотўғри назарялар ётади.
Ҳар бир инсон ўзи ишонган нарсасининг тўғри ёки нотўғрилигини текшириб кўриши ва ҳақиқатни излаши керак. Айниқса диний эътиқод масаласида адашишлик бу фалокатга олиб келади.
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам «Умматим 73 фирқага бўлинади, биттасидан ташқари барча фирқалар дўзахга киради», деганлар. Шунда саҳобаи киромлар: Ё Расулуллоҳ, нажот топадиган бу фирқаи ножия қайсидир!-деб сўрашганида, Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутганлар», деб жавоб бердилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам хабар қилганларидек, ислом уммати тезда 73 фирқага бўлиниб кетди. Уламои киромлар мусулмонларни ботил, гумроҳ, бидъатчи фирқалардан асраш мақсадида уларга пайғамбаримиз хабар қилган ножия фирқа эътиқоди қандайлигини тушунтирдилар.
Пайғамбаримиз ва саҳобаи киромларнинг эътиқод ва амаллари Қуръони карим, ҳадис таълимотларига мос эканини исботлаб, соф исломий ақидани вужудга келтирдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганларидек – ақидага эга бўлганларни ножия, яъни, аҳли суннат вал жамоат деб ижмоъ (иттифоқ) қилдилар.
Ана шундай бир вазиятда, “Аҳли суннат вал жамоат” ақидаларини бир-бирига зид бўлган хилма-хил бидъатчи фирқалардан мухофаза қилиш мақсадида Умар ибн Абдулазиз, Зайнулобидин, Ҳасани Басрий ва Имом Аъзам (раҳима ҳумуллоҳ)лар ўз асарлари ила халқга тўғри йўлни кўрсатдилар.
Ботил ақидали бидъатчи фирқалар кўпайгач, калом илми (ислом фалсафаси) фиқҳ илмидан ажралиб чиқиб, тафсир ва ҳадис илмлари каби асосий илмлардан бирига айланди. Бу илмнинг асосчи самарқандлик Ҳазрати Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва ироқлик Ҳазрати Имом Абул Ҳасан ал-Ашъарий ислом оламининг осмонида ёрқин юлдузлар каби порладилар. Калом илми билан биргаликда ҳадис ва фиқҳ илми равнақига улкан ҳисса қўшган аллома Абу Мансур ал-Мотурудий ҳанафий мазҳаби фиқҳини мукаммал ўрганиб, ўз ақидавий таълимотларида унинг «Ал-Фиқҳул-акбар» (Улуғ фиқҳ) китобига асосландилар. Имом Мотуридий яшаган даврда ислом оламида эътиқод масаласида бир-бирига қарама-қарши фирқалар ўртасида мунозаралар кучайиб, у баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай зиддиятли даврда Имом Мотуридий ҳазратлари қиличлар ҳал қила олмаган, мусулмонларни тарқоқликка олиб бораётган эътиқодий оқимларга қарши ўз ақлу заковатлари, ояту ҳадислардан олинган, ҳар қандай ақлни таслим қиладиган далиллар асосида ўта муҳим муаммоларни ҳал этдилар. Ислом ақоидини парокандалик ва эътиқодий бузуқликлардан сақлаб қолгани учун «Мусаҳҳиҳу ақидатил-муслимин», яъни «Мусулмонлар эътиқодини тузатувчи» ва «Аъламул ҳудо», яъни «Ҳидоят йўлини, ҳақ йўлни билувчи зот» унвонларига мушарраф бўлдилар.
Минг йиллар давомида ўзбек халқи суннийликнинг мўътадил мазҳаби ҳанафийликнинг бағрикенглиги билан сиёсий-иқтисодий ва илмий-маданий ҳамда маънавий юксалишга қулай шароитлар яратиб келган. Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.
Биз бундан кейин ҳам аждодларимизга муносиб бўлиб соф ақидамиз ва мустаҳкам ишончимизни ботил ақидаларга алмаштириб қўймаслигимиз лозим. Бунинг учун соф ислом ақидасини бизга мерос қолдирган аҳли сунна ақидасидаги имом Мотуридий мазҳабини яхшилаб ўрганишимиз ва шу йўлда мустақим бўлишимиз шартдир.
Ҳусниддин Ибрагимов Самарқанд вилояти Ургут тумани "Чубин" жоме масжиди имом-хатиби
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси