Аллоҳ таоло мўминларни бундай васф қилади: «Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва)эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол сураси, 2–4-оят).
Демак, ҳақиқий мўминлар юксак сифатларга эга бўлган кишилардир: «...Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган...»
Банда доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлиши керак. Бу ҳақда Қуръонда бундай марҳамат қилинади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз! (Аҳзоб сураси, 41-42-оят); «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара сураси, 152-оят).
Дарҳақиқат, мусулмоннинг бутун ҳаёти, қалби, тили, ўй-хаёли Аллоҳ таолога боғланган бўлади. Зикр бандани Раббисига энг осон ва тез яқинлаштирувчи йўлдир. Банда ўз Раббисининг зикри ила умр кечирар экан, ҳаёти осойишта ва хотиржам бўлади.
«...Оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган...». Банда Қуръонни қанчалик кўп тингласа ва тиловат қилса, унинг маъноларини тафаккур қилса, имони шунча мустаҳкам бўлади.
«...Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган...». Аллоҳга таваккул қилиш ҳақиқий мўминнинг сифатидир. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Осмонлар ва Ернинг ғайбий сири (уларнинг илми) Аллоҳга хосдир. Барча иш Унгагина қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Унга таваккул этинг! Қилаётган ишларингиздан (эса) Раббингиз ғофил эмасдир» (Ҳуд сураси, 123-оят).
Мўмин банда ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси ила бўлишига имон келтиради, шу сабабли ҳар бир ишини Аллоҳга таваккул қилган ҳолда бажаради.
«...Намозни баркамол ўқийдиган...». Ҳақиқий мўминлар намозни бенуқсон адо этишади.
«...Ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир...». Мўмин қўлидаги барча нарса Аллоҳнинг унга берган омонати эканини билади. Шу боис, Аллоҳ рози бўладиган йўлларга сарф қилади, қўлидаги бойликнинг кўп ёки озлигидан қувонмайди, балки холис Аллоҳ йўлида сарфлаганидан севинади.
Аллоҳ йўлида сарф қилинган бойлик асло камаймайди, аксинча, янада кўпаяди. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами)кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара сураси, 261-оят).
Демак, ушбу оятнинг бошида келтирилган сифатларга эга бўлган мусулмон ҳақиқий мўмин номига лойиқдир ва улар учун «...Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)...».
Ҳақиқий мўминлардан бўлишни истаган банда ўз нафсини тафтиш этиши лозим. Зикр этилган сифатларнинг бандада мавжуд бўлиши мўминнинг комиллигидандир. Барчамиз Аллоҳ таоло ҳузуридаги улуғ даражаларга ана шу сифатлар билан эришишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси