“Мусобақада қатнашувчиларни рўйхатга олиш жараёни давом этмоқда. Иштирок этиш истагида бўлганлар 15 январга қадар рўйхатдан ўтишлари мумкин”, деб хабар беради Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита.
Мусобақада иштирок этиш учун жорий йилнинг 8 январь ҳолатига кўра, Республика бўйича 733 нафар юртдошларимиз ҳужжат топширишган. 9 январь ҳолатига кўра 1101 тани ташкил этган эди.
Ташкилий қўмитанинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизматига маълум қилишича, бугун, 10 январъ ҳолатига кўра, 2079 кишини ташкил этди (1118 нафар эркаклар, 861 нафар аёллар). Бу халқимизнинг Аллоҳнинг каломига бўлган чексиз муҳаббатидан далолат, десак муболаға бўлмайди.
Рақамлардан кўриниб турибдики, бир кунда иштирок этиш хоҳишини билдирганлардан қарийб 1000 нафари рўйхатдан ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Қуръон мусобақасида 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган барча фуқароларимиз ҳифз ва тиловат йўналишлари бўйича қатнашишлари мумкин.
Фуқаролардан келиб тушаётган кўплаб талаб-истакларни инобатга олган ҳолда иштирокчиларни рўйхатга олиш муддати 13 январдан 15 январгача узайтирилгани маълум қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шу йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги «Кўкалдош» ва «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом таълим муассасалари талабалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлишди. Билим юрти мударрислари бошчилигида ташкил этилган ушбу маърифий саёҳатдан кўзланган асосий мақсад ёшларни юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва аждодларимизнинг бой илмий мероси билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
Саёҳат доирасида марказ мутахассислари томонидан талабалар учун махсус маҳорат дарси ташкил этилиб, унда Ислом цивилизацияси ривожи, юрт алломаларининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ва қадимий қўлёзмалар билан ишлаш усуллари ҳақида муҳим маълумотлар берилди.
Сўнгра талабалар марказда сақланаётган ноёб қўлёзмалар, замонавий интерактив кўргазмалар ҳамда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби улуғ зотлар ҳаётига бағишланган бўлимларни катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар.
Бу каби тадбирлар бўлажак диний соҳа ходимларини ватанпарварлик, илмга муҳаббат ва аждодлар меросига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати