Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Шаъни улуғ ибодатлар

06.01.2018   13335   5 min.
Шаъни улуғ ибодатлар

(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўранглар. Дарҳақиқат, у (намоз) оғирдир. Фақат хушуъ қилувчиларга (оғир) эмас” (Бақара, 45).

“Сабр” луғатда ўзини тийиш, тутиш маъноларини билдиради.

Аллоҳ таоло гуноҳлардан тийилишни, сабр қилишни буюрди. Чунки гуноҳлардан тийилган, сабр қилган киши тоат-ибодатга ҳам сабр қилган бўлади. Бу хусусда энг тўғри сўз шудир, дейдилар  Имом Қуртубий (раҳматуллоҳи алайҳ). Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар, 10).

Имом Қуртубий тафсирида келтирилишича, ояти каримада ибодатлардан намоз зикр қилинишининг боиси намоз шаънининг улуғлигига ишорадир. Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) бирор нарса ташвишга солса, намозга суя­нардилар (яъни, намоз билан хотиржам тортардилар) (Имом Аҳмад ривояти). Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) сафарга кетаётганларида укаси Қусамнинг (бошқа бир ривоятда – қизининг) ўлими ҳақида хабар келади. Ибн Аббос дарров истиржоъ калимасини (“Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”) айтади, сўнг четга ўтиб, намоз ўқийди, ортидан “(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангизлар”, оятини тиловат қилади. Бундан маълум бўладики, оятдаги “салот”дан мурод шариатдаги намоздир. Аммо баъзи муфассирлар “салот”нинг луғатдаги маъносини назарда тутишиб, бу оятда мурод дуо эканини ҳам айтишган.

Мужоҳид (раҳимаҳуллоҳ) эса оятдаги “сабр”дан мурод рўзадир, деганлар. Чунки рамазон сабр ойи дейилади. Зеро, рўза шаҳватлардан тўсади ва зуҳдни орттиради. Намоз эса ёмон ва бузуқ ишлардан қайтаради, киши қалбига хушуъ солади.

Имом Фахриддин Розий ҳам оятдаги “сабр”дан мурод рўза, дейдилар. Чунки рўзадор одам очлик ва чанқоқликка сабрли бўлади. Нафсини, меъдасини ва фаржини шаҳватдан тийган кимсадан дунё ғами, дилхиралиги узоқлашади. Бунга намоз ҳам қўшилгач, қалб маърифатуллоҳ нури билан мунаввар бўлади. Рўза намоздан олдин зикр қилиняпти. Чунки рўза кишидан нолойиқ нарсаларни кетказади. Намоз эса кишида керакли нарсаларни ҳосил қилади.

Озорларга сабр қилиш, тоат-ибодатда бўлиш билан нафснинг орзу-ҳаваслари жиловланади, қайсарлиги йўқолади, бу пайғамбарлар ва солиҳ зотларнинг хулқларидандир.

Сабр жуда улуғ фазилат, унинг охири ҳилмдир. Киши сабрни ўз фазилатига айлантириши билан хулқи ҳам ўз-ўзидан ҳалимлашиб-мулойимлашиб боради.

Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ) айтишича, Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): “Сабр имон учун танадаги бош каби зарурдир”, деганлар.

Дарҳақиқат, у (намоз) оғирдир. Муфассирлар оятдаги “ҳо” (“у”) кўрсатгич олмошидан мурод намозми ёки сабрми, деган масалада турли фикрлар айтишган. Баъзилари “ҳо”дан мурод намоздир, дейишган. Зеро, намоз ўқиш нафсга рўза тутишдан кўра оғирроқ келади. Чунки рўзада фақатгина нафсоний шаҳватлардан (кундузи) тийилиш буюрилган. Яъни, рўзадорга ейиш-ичиш ва жинсий муносабат тақиқланган, холос. Гуноҳ бўлмаган мавзуда гаплашиш, юриш-туриш каби хоҳишлардан рўзадор қайтарилмаган. Намоз ўқиётган кишига эса, намоз амалларидан бошқа нарса қилиш мумкин эмас. Намозда барча аъзолар бутун орзу ва шаҳватлардан тўсилади. Шундай бўлгач, намоз нафсга оғир туюлади.

Айрим муфассирлар фикрига кўра, оятдаги “ҳо”дан мурод ҳам намоз, ҳам сабрдир.

“Хошиъун” сўзи “тавозели”, “камтарин” каби маъноларни билдирувчи “хошиъ” сўзининг кўплигидир. Хушуъ нафсий ҳолатдир. Аъзолардаги сокинлик ва тавозе нафсда пайдо бўлади. Қатода (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Хушуъ қалбда бўлади. Намозда қўрқиш ва назарни ўнгу сўлдан тўсиш хушуъдир”.

Иброҳим Нахаъий Аъмашга (раҳимаҳуллоҳи алайҳимо): “Билгин, хушуъ қаттиқ, қуруқ нарсалар ейиш, қалин ва дағал кийим­лар кийиш, бошини эгиб юриш эмас. Хушуъ шарафли кишини ҳам, оддий одамни ҳам ҳақда тенг кўришдир. Аллоҳ сенга буюрган барча фарзларда итоат қилишингдир”, деган.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) бошини қуйи солиб кетаётган ёш йигитга: “Эй фалончи, бошингни кўтар, чунки хушуъ қалбдагидан бошқа нарса эмас”, деганлар.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Хушуъ қалбда, мусулмонларга юмшоқ муомала қилиш, намозда ўнгу сўлга қарамасликдир”.

Имом Фахриддин Розий айтади: “Оятдан мурод шу – намоз хушуъ қилмаган кимсаларга жуда оғир келади. Чунки намоз ўқиганида бирор савобга, уни тарк қилганида эса, қандайдир жазога лойиқ бўлишига ишонмагани учун унга бу иш машаққат бўлиб туюлади. Аммо қалби хушуъга тўла итоатлиларга эса, намоз ўқишнинг фойдалари кўп экани, ўқимаслик катта зарар эканига мустаҳкам ишончлари боис бу ибодат ҳеч оғир келмайди. Зеро, у намоз ўқиш билан катта ажр-савоб, улуғ неъматларга эга бўлишига ишонади”.

 

Имом Қуртубий ва Имом Фахриддин­ Розий тафсирлари асосида

Нўъмон Абдулмажид

тайёрлади.

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саудия матбуоти: Ўзбекистон маданий-гуманитар, туризм соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

24.08.2026   71607   1 min.
Саудия матбуоти: Ўзбекистон маданий-гуманитар, туризм соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Саудия Арабистонининг нуфузли ОАВда Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар, туризм ва спорт соҳаларидаги халқаро ҳамкорлиги ҳамда мамлакатда бўлиб ўтадиган йирик тадбирларга бағишланган таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Саудия Арабистонининг “Amwaj” нашрида жорий йилнинг 24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янгича нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилиши кенг ёритилди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтадиган ушбу йирик тадбирга етакчи хорижий журналистлар ва халқаро экспертлар тўпланиши қайд этилган. Форум дастури ялпи мажлислар, талабалар учун маҳорат дарслари, медиатурлар ва Самарқанднинг тарихий обидаларини зиёрат қилишни ўз ичига олади ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга бағишланади.

Шунингдек, нашрда Самарқандда Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган биринчи Ўзбекистон–Грузия туризм форуми ҳам ёритилган. Таъкидланишича, тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси бўлди.

Томонлар қўшма сайёҳлик маҳсулотларини яратиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Грузиядан келаётган сайёҳлар оқимининг сезиларли даражада ошгани ва Ўзбекистон туризм соҳасининг умумий кўрсаткичлари юқори экани қайд этилган.

“Saudi Press Agency” ахборот агентлиги Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ўртасидаги Англашув меморандумига доир ижро дастури имзолангани ҳақида хабар берди.

Ушбу ҳужжат мўътадиллик тамойилларини мустаҳкамлаш, экстремизмга қарши курашиш, воиз ва имомлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, Қуръони Карим маъноларини ўрганиш ва ёйиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари