Қадим Бухорони тарихчилар саёҳатчилар “шеърият ва афсоналар шаҳри” деб аташган. Бу қўҳна шаҳарнинг ҳар бир кўчаю хиёбони, гўшасида олис ўтмишнинг акс-садоси бор. Кўкка бўй чўзган миноралар инсон ақл-заковатини намойиш қилади. Бухоро Шарқу Ғарбда очиқ осмон остидаги музей, шавкатли тарихнинг жилвакор кўзгуси деган фахрли ном олган.
Бухоро ҳақида сўз борганида, Арк ҳақида гапирмасдан илож йўқ. Арк кейинги замонларда Бухоро амирларининг қароргоҳи бўлиб келган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Арк бир неча марта вайрон бўлиб, яна қайтадан тикланган. У ҳақдаги илк маълумотлар Абу Бакр Наршахийнинг (899-960) “Бухоро тарихи” асарида учрайди: “Бухоро ҳукмдори Бухорхудот Бидун ушбу қалъани қурдиради, аммо у тез орада вайрон бўлади. Шунда Бухорхудот донишмандларни чақириб, улардан маслаҳат сўрайди, улар эса қалъани Катта айиқ юлдузлари туркумини эслатувчи етти устун устида қуриш кераклигини айтишади. Ҳукмдор шундай йўл тутади ва Арк мустаҳкам бўлади”.
Арк қачон қурилгани ҳалигача аниқланмаган. Аммо олимларнинг тахминича, бундан бир-бир ярим минг йил олдин ҳам ушбу маҳобатли меъморий обида ҳукмдорларга қароргоҳ бўлган.
Арк – Бухоро тарихининг тирик гувоҳи, у неча-неча қонли жанглар, шафқатсиз истилочию босқинчиларни кўрган. 1220 йили Чингизхон қўшини шаҳарга бостириб келганида, аҳоли Арк ичига яширинади.
Аркда нафақат ҳукмдор амирлар, балки буюк олимлар, шоиру файласуфлар ҳам яшаб, ижод қилиб, авлодларга бебаҳо мерос қолдиришган. Бухоро маданияти энг юксалган ўрта асрларда Аркда Рудакий, Фирдавсий, Абу Али Ибн Сино, Форобий, Умар Хайём каби буюк зотлар яшаган. Абу Али ибн Сино бундай ёзади: “Бу ер кутубхонасидан шундай китобларни топдим, уларни олдин ҳам, кейин ҳам ҳеч қаерда кўрмадим. Уларни ўқиб чиқдим ва менга олам сирлари аён бўлди”.
Арк ғарбдан шарққа чўзилган қийшиқ тўртбурчак шаклига эга. У замонавий шаҳарнинг ғарбий қисми ўртасида жойлашган. Деворлар айланасига узунлиги 789,60 метр, майдони 3,96 гектар. Майдон сатҳидан баландлиги 16-20 метрни ташкил этади. Аркка икки устунсимон шаклда қурилган миноралар орасидан кирилади. Дарвозаларига йўлак тепага қараб юксалиб борадиган пандус (нишаб майдонча) шаклида қурилган.
Аркнинг ўзида меъморий иншоотларнинг катта бир мажмуаси жойлашган, шарқий қисми ҳозирда археологик ёдгорликдир. Унинг тепасига чиқиб қараган кишига кўҳна Бухоронинг бетакрор манзараси кафтдек намоён бўлади. Уста меъморлар Аркни бўлажак меъморлар учун дарслик деб атайдилар. Арк деворларида ғишт терилиши, қурилиш хом ашёларидан тарихда қандай фойдаланилгани яққол кўринади.
Ҳозир Арк юртдошларимиз ҳамда чет эллик меҳмонларни оҳанрабодек ўзига тортувчи ноёб тарихий-меъморий ёдгорлик сифатида ном қозонган.
Саида ДАРИЕВА
тайёрлади.
18 май — Халқаро музейлар куни муносабати билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ислом цивилизацияси тарихи ва муқаддас масканлар билан боғлиқ ноёб артефактларнинг махсус кўргазма-тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Марказнинг жаҳон ислом меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва уни кенг жамоатчиликка замонавий форматларда намойиш etish борасида амалга оширилаётган ишларининг амалий ифодаси бўлди.
Кўргазманинг энг муҳим жиҳаатларидан бири — Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи асосида ЕХҲТ ва Лондон полицияси ҳамкорлигида ўтказилган махсус тадбирлар давомида аниқланиб, Ўзбекистонга олиб келинган ноёб маданий бойликларнинг журналистлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали равишда очилганидир.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши натижасида бугунги кунгача қарийб 2 мингга яқин маданий бойликлар юртимизга қайтарилган бўлиб, Қурбон ҳайити арафасида халқимизга тақдим этилаётган бу бебаҳо туҳфалар катта маънавий аҳамият касб этмоқда.
Кўргазмада ислом оламининг энг муқаддас масканлари билан боғлиқ, юксак қадриятга эга бўлган нодир ёдгорликлар намойиш этилмоқда. Уларнинг марказий экспонатларидан бири — 1880 йилга мансуб, муқаддас Каъба эшигининг металл иплар билан тикилган тарихий пардаси бўлмиш “Бурқа”дир.
Шунингдек, жамоатчилик эътиборига Каъба кисвасининг бир қисми — “Хизом” ҳамда 1900 йилга оид Мадинаи Мунавварадаги Равза мақбараси ёпинчиғи тақдим этилди. Экспозициядан Каъбанинг шимолий қисми томига ўрнатилган зарҳал сув оқизгич — “Мизоб ар-Раҳмон”, “Муҳаммад” ва “Аллоҳ” ёзувлари туширилган бадиий паннолар ҳамда 1793–1795 йилларда кўчирилган, ислом хаттотлик санъатининг нодир намунаси ҳисобланган “Далоил ал-хайрот” ва “Ал-ҳизб ал-аъзам” асарларидан иборат ноёб дуо китоби ҳам ўрин олди.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан маданий меросни излаш ва Ватанга қайтариш бўйича қўйилган вазифалар амалда ўз ифодасини топмоқда. Ислом цивилизацияси маркази бу борада муҳим илмий-маърифий маскан сифатида жаҳоннинг турли давлатларидаги аукцион уйлари ва шахсий коллекцияларда сақланаётган юртимизга оид осори-атиқаларни аниқлаш ва сотиб олиш ишларини изчил давом эттирмоқда.
Халқаро музейлар куни муносабати билан ташкил этилган мазкур тақдимот нафақат марказ экспозициясини бойитади, балки халқимизнинг бой тарихи, маънавий мероси ва бағрикенглик анъаналарини кенг тарғиб қилишга, маданий меросни асраб-авайлаб, келажак авлодга етказиш ҳамда ёшларда тарихга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати