Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Январ, 2025   |   14 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:36
Шом
17:21
Хуфтон
18:39
Bismillah
14 Январ, 2025, 14 Ражаб, 1446

Жаннат хабари берилган аёл

6.01.2018   14742   2 min.
Жаннат хабари берилган аёл

Саҳобия онамиз

Жаннатни Аллоҳ суйган бандаларига қароргоҳ қилган, уни Ўз раҳмати ва ризолиги билан тўлдирган, ундаги неъматларни улуғ, мулкини эса буюк деб таъриф этган. Агар жаннатнинг ери ҳақида сўрасангиз, билингки, у миск ва заъфарондир. Шифти эса – Раҳмоннинг арши. Ундаги биноларнинг ғишти олтину кумушлардан, еридаги тошлари маржону ёқутлардандир. Жаннатдаги дарахтнинг танаси бу дунёдаги каби ёғочдан эмас, балки соф тиллодан, мевалари эса асалдан-да тотли.

Жаннат башорати берилган аёлларни биласизми? Мен бугун сизга улардан бирини танитмоқчиман.

Мўминлар онаси – Хадича бинти Хувайлид. Уни, албатта, барчамиз яхши таниймиз. Хадича онамизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётида юксак ўринлари бор. У ўз замонасидаги аёлларнинг энг яхшиси бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу онамизга қайта-қайта жаннат башоратини берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Хадича сизга бир идишда нонхуруш [ёки таом, ёки шарбат] олиб келяпти. Олдингизга келганида, унга Роббининг ва менинг номимдан салом айтинг ҳамда жаннатда ичида ғавғо ҳам, чарчоқ ҳам бўлмаган, ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини беринг», – деди».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланмасларидан олдин вафот этган Хадичадан рашк қилганчалик у зотни бирорта аёлларидан рашк қилмаганман, чунки мен у зотнинг уни (кўп) эслаганларини эшитар эдим. Аллоҳ у зотга (Хадичага) жаннатда ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини беришни амр қилган. У зот қўй сўяр, ўшандан етганича унинг дугоналарига ҳадя қилар эдилар».

Дунё уммондир, унда ғарқ бўлганлар кўп, жаннат эса нажот соҳилидир. Омонлик соҳилига етишиш лаззати дунё уммонида саёҳат қилиш лаззатидан анчагина каттадир. Дунё кўприкдир, ундан ўтгин-у, уни обод қилиш билан овора бўлма! Дунёни обод қилма, деганим сени дангасалик ва тарки дунёга чорлаш эмас, балки дунё сенинг асосий мақсадингга айланиб, охиратга ҳозирлик кўришингдан тўсмасин, деганимдир.

Жаъфар АБДУЛЛОҲ

тайёлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺ бошларидан кечирган энг катта қайғу

13.01.2025   1862   5 min.
Расулуллоҳ ﷺ бошларидан кечирган энг катта қайғу

Муҳтарама синглим! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида юз берган энг оғир, у зотга энг кўп қайғу келтирган мусибат ҳақида ўқишдан олдин фикрингизни бир жойга жамлаб, яхшилаб ўйлаб, қуйидаги саволларга жавоб бериб кўринг:

Ҳаётингизда қандай ҳолатлар сизни қайғуга солган?
Уларнинг сабаби ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
Ўша ҳолатларда ўзингизни қандай тутгансиз?
Уларнинг қайси бирини энг оғир мусибат деб билгансиз?

Бу саволлар ҳақида кенгроқ фикр юритиб жавоб берган бўлсангиз, келинг, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида юз берган энг оғир мусибат билан танишамиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо бундай деганлар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Бошингизга Уҳуд кунидан ҳам оғирроқ кун келганми?» дедим. У зот шундай дедилар: «Ҳа, бу қавм менга кўп озорлар етказди. Аммо уларнинг энг оғири Ақаба куни бўлган. Ўшанда Ибн Абду Ялил ибн Абдукулолга мени ҳимояга олишни таклиф қилган эдим. Лекин у мен истаган нарсани қабул қилмади. Мен ташвишланиб, бошим оққан томонга қараб юриб кетдим. Бир жойга келганда ўзимга келиб, бошимни кўтардим. Қарасам, тепамда бир булут менга соя солиб турибди. Разм солсам, унинг устида Жаброил бор экан. У менга шундай нидо қилди: «Аллоҳ қавмингнинг сенга айтган гапини, сенга нима жавоб қайтарганини эшитди. У Зот ҳузурингга тоғ фариштасини юборди, уларни нима қилишни истасанг, буюришинг мумкин», деди. Шу пайт тоғ фариштаси менга салом бериб, «Эй Муҳаммад! Нима десангиз, шуни қиламан. Истасангиз, уларнинг устига Маккадаги иккита катта тоғни тўнтариб ташлайман», деди».

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Аллоҳ уларнинг авлодида ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган зотларни чиқаришини умид қиламан», дедилар (Имом Бухорий, имом Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо Уҳуд жангида Расулуллоҳнинг қанчалар маҳзун бўлганларини кўрган эдилар. Бу жангда етмишта энг забардаст саҳоба шаҳид бўлган. Ўша жангда мушриклардан бири Расулуллоҳнинг юзларига қилич билан урганида юзлари қонаб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидаги қонни арта туриб, «Аллоҳга даъват қилаётган пайғамбарининг юзига жароҳат етказиб, тишини синдирган қавм қандай нажот топади?» деб, куйинган эдилар. Жанг тугагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳид бўлганларни бирма-бир кўздан кечира бошладилар. Амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг жасади қаршисида тўхтаб қолдилар. Ҳамза у зот учун энг суюкли, қариндошлари ичида энг қадрли инсон эди. Мушриклар Ҳамзанинг қорнини ёриб, ички аъзоларини чиқариб ташлашибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, қаттиқ изтироб чекдилар, «Энди менга сизнинг фироқингиздан оғир мусибат йўқ», дедилар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳамза ибн Абдулмутталибга йиғлаганларидек қаттиқ йиғлаганларини кўрмаганмиз. У зот амакиларини қибла тарафга қўйиб, жанозасини ўқишга турганларида йиғидан ўзларига сиғмай кетдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига, саҳобаларига етган мусибатларни дуо билан, сабр билан енгар эдилар.

Убайд ибн Рифоъа Зуроқий отасидан ривоят қилади:

«Уҳуд куни мушриклар чекингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафларни тўғриланглар, Роббим азза ва жаллага сано айтайин!» дедилар. Саҳобалар у зотнинг ортларидан сафлангач, шундай дедилар: «Аллоҳим! Сенга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳим, Сен берган нарсани тутиб қолувчи йўқ. Аллоҳим, Сен узоқ қилган нарсани яқин қилувчи йўқ. Аллоҳим, Сен яқин қилган нарсани узоқ қилувчи йўқ. Аллоҳим, Сен бермаган нарсани берувчи йўқ, Сен берган нарсани тўсувчи йўқ. Аллоҳим, бизга баракотингни, раҳматингни, фазлингни, ризқингни кенг қилгин! Аллоҳим, ҳеч қачон тугамайдиган, йўқ бўлмайдиган доимий неъмат бергин. Аллоҳим, муҳтожлик кунида неъмат, уруш кунида омонлик бергин. Аллоҳим, бизга берган нарсаларингнинг ёмонлигидан, биздан тўсган нарсаларингнинг ёмонлигидан Ўзинг асрагин. Аллоҳим, бизга иймонни севдиргин, уни қалбимизда зийнатлагин, қалбимизни куфр, фосиқлик ва осийликдан бургин. Бизни тўғри йўлда юрувчи бандаларингдан қилгин. Аллоҳим, бизни мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин, мусулмон ҳолимизда тирилтиргин. Бизни хор бўлмаган, фитнага учрамаган ҳолимизда солиҳларга қўшгин. Аллоҳим, Сенинг йўлингдан тўсаётган, расулларингни ёлғончига чиқараётган кофирларга қарши Ўзинг уруш очгин, уларга азобингни юборгин! Аллоҳим, Китоб берилган кофирларга қарши Ўзинг уруш очгин, Ҳақ илоҳ Ўзингсан» (Имом Аҳмад ривояти).

Уҳуд жанги куни кўз ёшлари қонларига аралашиб, ниҳоятда оғир мусибат етиб турган лаҳзаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўллари энг тўғри йўл эди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг олдида туриб, Аллоҳ таолога дуо қилиб, уларнинг қалбидаги иймонни янада мустаҳкамладилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло берган нарсани тўсувчи йўқ, У Зот тўсганини эса берувчи йўқ.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.