Қуръони каримда хурмо меваси жаннат неъматлари қаторида зикр этилган. «Мевалар, хурмо ва анорлар бордир» (Раҳмон, 68).
Хурмо меваси ширин таъми ва ўзига хос озиқлик хусусиятлари боис доим суйиб ейилган. Мутахассисларнинг фикрича, бир дона хурмо ва бир пиёла сут инсоннинг озиқ моддаларга бўлган бир кунлик эҳтиёжини қондирар экан.
Хурмода инсон саломатлиги учун зарур ўндан ортиқ модда борлиги аниқланган. Улардан бири ҳазми енгил ва тез сингийдиган шакар – фруктоза танамизга қувват манбаидир. У шакар, глюкоза каби қонда қанд микдорини кўпайтириб юбормайди. Хурмода, шунингдек, А, Б1, Б2, Б3 ва Б6 дармондорилар, натрий, магний, темир, сера, калий, фосфор каби минераллар, ёғ ва оқсиллар кўп.
Хурмонинг икки фоиздан кўп қисмини оқсил ташкил этади. Оқсил тананинг касалликларга қарши иммунитетини мустаҳкамлайди. А дармондориси кўз мушаклари, иммун тизими, суяк, тўқима ва тишлар учун керакли, Б1 асаб тизими ишини яхшилайди, Б2 эса оқсил, углевод ва ёғларни парчалаш, ҳужайралар янгиланишида хизмат қилади.
Шифокорлар ҳомилали, ёш болали аёлларга фруктозаси кўп озиқлар ейишни тавсия этади. Чунки фруктоза ҳолдан тойган танага куч бағишлайди, сутни кўпайтиради. Бу вақтда онанинг калийга эҳтиёжи кескин ортади. Хурмода калий кўп. Калий аёл танасида сув мувозанатини сақлаб туради. Калий мияга кислород етказишга ёрдамлашади. Калий буйракларни чиқитлар ва заҳарли моддалардан тозалашда, қон босимини меъёрида сақлаб туришда жуда фойдалидир.
Хурмо ёйиш камқонликнинг олдини олади. Суяклар соғлом шаклланишида хурмодаги калций ва фосфат катта фойда беради. Мунтазам хурмо еб туриш суяклар заифлашуви, мўртлашувидан ҳимоя килади.
Асабийлик ва руҳий зўриқиш (стресс) ҳолларида хурмо самарали таъсир қилиши исботланган. Чунки хурмода Б6 дармондориси кўп.
Мўминжон САЙДАЛИЕВ тайёрлади.
Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати