2007 йил Тошкент шаҳри Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ISESCO) “Фан, таълим ва маданият” тузилмаси томонидан Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинган эди.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳар йили мусулмон мамлакатларидаги 3 та шаҳарни Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилади. Уларнинг бири араб мамлакатларидан, бошқаси Осиё ва учинчиси Африкадаги мусулмон мамлакатлардаги шаҳарлардир.
Ташкилотдаги маданият вазирлари IX Ислом конференцияси томонидан 2020 йилда Бухоро, Қоҳира (Миср) ва Бамако (Мали) шаҳарлари Ислом маданияти пойтахти сифатида тасдиқланган.
Аслида Бухорои шариф бир неча асрлар давомида Ислом маданияти пойтахти бўлиб келган. Унинг “Қуббатул Ислом”, яъни “Ислом гумбази” деб номлангани ҳам бежиз эмас. Ташкилот томонидан ушбу шаҳарнинг Ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилиши асрлар давомида ушбу шаҳар ва ундан чиққан олимларнинг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини яна бир бор тасдиғи ҳисобланади.
Аъзамжон АБДУРАҲМОНОВ
Тошкент ислом университети “Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси ўқитувчиси
ЎМИ Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати