“Албатта, Парвардигордан қўрққанларидан хавфда бўлувчилар, Парвардигорнинг оятларига имон келтирадиганлар, Парвардигорга ширк келтирмайдиганлар, садақаларини (Қиёматда) Парвардигорга қайтувчи эканларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиганлар, айнан ўшалар яхшиликларни қилишга шошурлар ва унда олдиндадирлар” (Мўминун, 57-61).
Бу ояти карималарда мўминларга хос тўртта сифат баён қилинган:
Биринчиси, улар “Парвардигордан қўрққанларидан, хавфда бўлувчилар” дир. Бу мазмунли оятни Муқотил ва Калбий “Парвардигорнинг азобидан қўрққанларидан хавфда турувчилар” деб, бошқа муфассирлар эса “Парвардигордан қўрққанларидан доимо Унинг тоатида бўладиган ва розилигини истовчилар” деб тафсир қилишган. Имом Фахриддин Розий “Ким қўрқишнинг (“хошят”) олий даражасига – хавфда бўлишга етса, дунёда Аллоҳнинг ғазабига, охиратда азобига учрашдан қўрқади ва барча гуноҳлардан сақланади”, деб тафсир қилган.
Иккинчиси, мўминлар “Парвардигорнинг оятларига имон келтирадиганлар”дир. Бу оят тафсирида Имом Фахриддин Розий айтади: “Билгин, Аллоҳ таолонинг оятлари (белги ва аломат) У зот яратган нарсалардир. У нарсалар Аллоҳ таолонинг борлигига далилдир”.
Бу ўринда шундоқ ҳам аён нарсалар эмас, балки фикр-мулоҳаза билан билинадиган нарсалар назарда тутилган. Фикр ва мулоҳаза қиладиган одам албатта Яратувчининг борлигини ва Унинг сифатларини билади. Бу билиш қалбда ҳосил бўлса, унинг тасдиғи тилга кўчади. Мана шу имондир”.
Учинчиси: Мўминлар “Парвардигорга ширк келтирмайдиганлар”дир. Имом Фахриддин Розий айтади: “Бу оятда яширин ширк, яъни, риё ва хўжакўрсиндан йироқ бўлиш, тоат-ибодатларини холис Аллоҳ таоло розилиги учун адо қилиш мўминларнинг сифати” экани баён этилган.
Абу Лайс Самарқандий бу оят тафсирида бундай деган: «оятдаги “ширк келтирмайдиганлар”дан мурод “фалончи бўлмаса, бу нарсага эришолмасдим”, демайдиганлардир».
Тўртинчиси, улар “садақаларини (Қиёматда) Парвардигорга қайтувчи эканларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиганлар”дир. Бу оятда зикр қилинган садақаларга закот, каффорат, омонат, қарз каби адо этилиши лозим бўлган барча ҳақлар киради. Улар юракдан қўрқиб адо этилганидагина фойдали бўлади. Ким чин дилдан қўрқиб ибодатга киришса, уни бекаму кўст бажаришга астойдил тиришади.
Имом Қуртубий шу оят тафсирида бу ҳадисни келтиради: “Ойша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ алайҳиссаломдан “У кимсалар ичкилик ичишгани ва ўғрилик қилишгани учун Аллоҳдан қўрқадими?” деб сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Йўқ, эй Сиддиқнинг қизи, улар рўза тутишса-да, намоз ўқишса-да, садақа беришса-да, Аллоҳ таолодан қўрқадиганлардир. Айнан ўшалар яхшиликларни қилишга шошиладилар, деб жавоб бердилар” (Имом Термизий).
Ҳасан Басрий айтади: “Биз шундай зотларни кўрдик, сиз гуноҳингиз сабабли азобланишдан қўрқишингиздан кўра улар яхши амалларининг қабул бўлмай, юзларига урилишидан кўпроқ қўрқардилар”.
Қалбда қўрқув ҳисси пайдо бўлишига сабаб амаллар ҳисоб-китоби учун Парвардигор ҳузурига қайтишни, охиратда пушаймонлик фойда бермаслигини билишдир. Ана шуни англаган қалб эгаси гуноҳлардан, риёдан йироқ бўлади, амалларини нуқсонсиз адо этишга тиришади.
“Айнан ўшалар яхшиликларга шошурлар ва унда олдиндадирлар”. Бу оят икки хил тафсир қилинган. Биринчиси, мўминлар ибодатларнинг вақти ўтиб кетмаслиги учун уларни вақтида адо этишга шошиладилар. Иккинчиси, мўминлар дунёда барча фойдали ишларга шошиладилар. Шунинг учун уларни адо этишда олдиндадирлар.
Имом Қуртубий, Абу Лайс Самарқандий
ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида Нўъмон АБДУЛМАЖИД
тайёрлади.
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати