Қуръон ва Тавротда ёки Қуръон ва Инжилда келган бир хил мавзуни олиб, уларни муқояса қилиб кўрсак, маслакда (баён қилиш усулида) жиддий ихтилофлар борлигини кўрамиз. Масалан, Одам алайҳиссалом қиссасини олайлик. Бу қисса Тавротда ҳам келган. Қуръонда эса жуда кўп жойда келган бўлиб, энг узун ва кенг баён этилгани “Бақара” ва “Аъроф” сураларидадир. Лекин бу сураларда ҳам жаннатни қаердалиги, Одам ва Ҳаввога ейиш манъ этилган дарахтнинг номи, қайси ҳайвоннинг сабаби билан Шайтон жаннатга кириб олиб, Одам ва Ҳаввони хато қилдиришга имкон топгани, Одам ва Ҳавво жаннатдан чиқарилгандан сўнг қайси ерга тушганлари тўғрисида батафсил маълумот йўқ. Тавротга назар солган киши эса Одам ва Ҳавво яратилган жаннат Аданнинг (Адан – Сомали давлати, Қизил денгиз ва Аммон денгизи оралиғидаги ер) шарқида жойлашгани, Аллоҳ уларга ейишни манъ этган дарахт жаннатнинг ўртасида бўлиб, унинг “ҳаёт дарахти ёки яхшиликни ва ёмонликни билдирувчги дарахт” деб номланиши, Шайтоннинг жаннатга киришига илон ёрдам бергани, шунинг учун Аллоҳ уни қорни билан юрадиган ва тупроқ ялайдиган қилиб жазолагани, Ҳаввони ва унинг зурриётини эса қорнида бола кўтариб, машаққат билан туғиш жазосига маҳкум эканини ва бошқа шунга ўхшаш ҳодисаларни батафсил билиб олади.
Шунингдек, Қуръони каримда Исо алайҳиссаломнинг қиссаси, унинг мўъжизалари ҳақида “Марям”, “Оли Имрон” ва “Моида” сураларида мўъжазгина хабарлар мавжуд бўлса ҳам, бу сураларда Исо алайҳиссаломнинг насаби, қандай туғилгани, қаерда туғилгани, Марямга туҳмат қилган одамнинг номи, Осмондан тушган дастурхондаги таомнинг нави, Исо алайҳиссалом касални даволаган ва ўликни тирилтирган вақтдаги ҳодисалар ҳақида батафсил айтилмаган. Аммо бу маълумотлар Матто, Марк ва Лука Инжилларида муфассал баён этилган.
Мусулмонлар ўз китобларида берилган маълумотларнинг мўъжаз эканини, бошқа дин аҳлларининг китобларида эса бу маълумотлар муфассал берилганини кўриб, ўзларининг билимларини ва мукаммаллаштириш мақсадида улардан баъзи ривоятларни иқтибос қилиб олишлари мумкинми ёки йўқми? Қуръон тафсирларига исроилиётлар қачондан бошлаб кириб келган? Исроилиётлардан тафсирда фойдаланишнинг чегараси нима билан белгиланади? Ана шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Маълумки, Қуръони карим тафсирига исроилиётларнинг кириб келиши саҳобалар давридан бошланган эди. Бунинг биринчи сабаби юқорида айтиб ўтилганидек, Қуръоннинг жуда кўп оятларидаги қиссаларнинг Таврот вқа Инжилда келтирилган қиссаларига мувофақати бўлса, иккинчи сабаби Қуръоннинг мўъжазлиги, Таврот ва Инжилнинг айни хабарга муфассаллиги эди. Учунчи сабаби эса саҳобалар замонида тафсир учун асосий масдарлардан бири аҳли китоблар эди. Муфассир саҳоба Қуръони каримдаги бирор қиссага келганда, бу қиссани батафсилроқ тушунтиришга майл қиларди ва исломни янги қабул қилиб, мусулмонлар билан бирга яшаётган яҳудий ёки насронийдан эшитишга мажбур бўларди. Чунки саҳобанинг Қуръон оятидаги қиссалар ҳақидаги саволига яҳудий ёки насронийдан бошқа одам жавоб бера олмас эди.
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Бухоро туманидаги “Чор Бакр” жоме масжиди имом-хатиби
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати