XIX аср охири ХХ аср биринчи ярмида Наманган шаҳридан етишиб чиққан улуғ уламолардан бири Саййид Собитхон тўра Абул Маонийдир. У киши ҳақида маълумотлар жуда кам. Чунки Собитхон тўра яшаган давр мустамлакачилик сиёсатининг ватанпарварлар ва зиёлиларга қарши кураши авж олган вақтга тўғри келади.
Собитхон тўра 1866 йил Наманганда таниқли олим Саййид Файзхон тўра хонадонида туғилди. У илмий муҳитда ўсиб улғайди, илк устози отаси бўлди. Сўнг Наманган мадрасасида ўқиб, шаҳарнинг кўзга кўринган олимлари, жумладан, Ҳазрат Иноятхон Лангарийдан сабоқ олди. Сўнг илмини янада чуқурлаштириш мақсадида Ҳўқанди латифга борди. Бу ерда бир неча йил туриб, “Мадрасаи Хон”да илм сирларидан воқиф бўлди, мадрасани муваффақиятли битириб, она шаҳрига қайтди.
Ёши улғайгач, ҳажга борди. Мадинада уч йил муқим яшаб қолди. Бир кеча тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради. У зот олимга “ватанга қайтинг” ишорасини қиладилар. Шундан сўнг у ота юртига қайтиб, қолган бутун умрини Наманганда ўтказди. XIX асрнинг сўнгги йилларида Намангандан етишиб чиққан олимларнинг кўпи ундан сабоқ олишган.
Собитхон тўра очиқ чеҳрали, ширинсўз ва тақволи инсон бўлган. У илм бобида улкан муваффақиятга эришган эди. У мадрасадан қайтиб келиши билан китоб варақлар, ёзаётган асарларига қимматли маълумотлар тўплар эди. “Тафсири Жалолайн”ни кўп ўқир эди.
Собитхон тўра тасаввуф, тафсир, ҳадис, тил ва адабиёт, тарих, жуғрофия, мантиқ ва бошқа илмлардан яхши хабардор эди. Ўзи ҳам араб, форс ва ўзбек тилларида ижод қилди.
Олимнинг “Башорат ан нажот фи ишорат ас-салот” китобида диний амаллар, ибодатларга оид турли фиқҳий масалалар жамланган. Ушбу асарнинг 52 бетдан иборат қўлёзма нусхаси ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Ушбу даргоҳда унинг қаламига мансуб “Тажҳиз ал амвот” асари қўлёзмаси ва бу китобнинг 1907 йили Бухорода нашр этилган тошбосма нусхаси ҳам бор. Ушбу асарда ўлим ва дафн маросими билан боғлиқ масалалар батафсил ёритилган. У хурофий тушунчалар авжига чиққан бир даврда ёзилгани боис катта аҳамият касб этган ва одамларни ҳидоят йўлига бошловчи муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилган. Бундан ташқари, олим фиқҳ илмига оид яна бир нечта асарлар ёзган.
Собитхон тўра тафсир ва ҳадис илмлари тарғиботчиси сифатида ҳам танилган. Ўша даврда Туркистон аҳолисида ушбу илмларга эътибор сусайиб кетгани учун ҳам шу йўналишга алоҳида эътибор берган.
Саййид Собитхон тўра турмуши ҳашамсиз яшаган, дунё лаззатларига парвосиз эканидан мол-дунё орттирмаган. Тушган совға-саломларни камбағалларга, илм толибларига эҳсон қилиб юборган.
Саййид Собитхон тўра юртимизни жуда ҳам севар, шу боис чоризм мустамлакасига айланиб қолган муқаддас Ватанини озод ва ҳур кўришни орзу қилар эди. Талабаларига Ватан озодлиги учун ҳаракат қилиш, керак бўлса, бу йўлда жон бериш кераклигини таъкидлар эди. Болшевиклар инқилоби бошлангач, Собитхон тўра шогирдларини Ватан мустақиллиги йўлида бирлашишга руҳлантирар эди. Собитхон тўранинг халқ ўртасидаги нуфузини яхши билган болшевиклар уни зимдан кузатиб, назорат қилиб туради.
Собитхон тўра Абул Маоний 1927 йили 63 ёшда оламдан ўтди, Наманган шаҳридаги “Мангулик” қабристонига дафн этилди. Аллоҳ таоло ул зотни раҳматига олсин.
Исломхон УБАЙДУЛЛАЕВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.
Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун ҳам кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан