Бирор масаланинг ечимини топиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёки саҳобалардан ривоят қилинган далил топилмаса, тобеинларнинг тафсирларига мурожат қилиб, уларнинг сўзларини қабул қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида ислом уламоларининг қарашлари турлича. Жумладан:
Имом Аҳмаддан икки хил фикр келтирилган. Бирида қабул қилиш, яна бирида қабул қилмасликни айтган.
Ибн Уқайл, тобеин сўзини қабул қилмаслик таклифини берган.
Шуъба ибн Ал-Ҳажжожнинг айтишича: “Тобеинларнинг сўзлари қабул қилинмайди, деганлар қуйидагича сабаб кўрсатадилар: “Тобеинлар бевосита Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитмаганлар. Шунинг учун уларнинг тафсирини саҳобалар тафсири даражасига кўтариб бўлмайди. Бунинг устига тобеинлар Қуръоннинг нозил бўлиш ҳолатига, нузул вақтидаги аломатларга шоҳид бўлмаганлар. Шундай экан, улар муродни тушунишда хато қилган бўлишлари, далил бўлмайдиган нарса ва ҳолатни далил деб англашлари мумкин. Бунинг устига тобеинларнинг адолати саҳобаларнинг адолати билан тенг деб бўлмайди”.
Бу ҳақда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ бундай деган:
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган хабарларни бош ва кўзимиз устига қабул қиламиз. Саҳобалардан келган хабарларни қабул қилишда ихтиёрлимиз; хоҳласак қабул қиламиз, хоҳламасак йўқ. Аммо тобеинлардан келган хабарга келсак, улар ҳам, биз ҳам уламолармиз”.
Баъзи муфассир уламолар аксинча фикр билдирганлар:
“Тобеинларнинг сўзлари тафсирдан олинади, чунки улар аксар тафсирларини саҳобалардан олганлар. Масалан, Мужоҳид бундай дейди: “Мен Мусҳафни “Фотиҳа” сурасидан охиригача Ибн Аббос ҳузурида уч марта ўтказдим. Ҳар бир оятдан сўнг тўхтаб, унинг маъносини сўрар эдим”.
Қатода ҳам: “Қуръонда бирор оятни қолдирмасдан маъносини эшитдим”, деган. Шунинг учун баъзи муфассирлар ўз тафсирларида тобеинлар ривоятларидан ҳам фойдаланганлар.
Шуъба ибн Ал-Ҳажжож шундай дейди:
“Тобеинларнинг сўзлари ҳужжат бўлолмайди. Ҳақиқатда ҳам, бир тобеиннинг сўзи унга мухолиф бўлган тобеинга ҳужжат бўлолмайди, мухолифининг сўзини ҳеч ким қабул қилмайди. Шундай экан, тобеинлар бир сўзда иттифоқ бўлсалар, бошқа ҳужжат қидириб юрмасдан ўша сўз олинади. Агар тобеинлар ихтилофда бўлсалар, уларнинг сўзлари тарк қилинади ва Қуръоннинг, суннатнинг ёки умуман арабнинг луғатига, саҳобийларнинг қавлига қайтилади”.
Демак, тобеинларнинг сўзини тафсирда ҳужжат сифатида олиш жоиз эмас. Хусусан, аҳли китоблардан ривоят қилинган бўлса, ундай сўзлар тарк қилинади.
Аммо уларнинг сўзлари раъй билан ҳам эмас, аҳли китоблардан ривоят қилинган ҳам эмас, балки саҳобийлардан ривоят қилинган бўлса уни олиш мумкин. Тобеинлар иттифоқ қилган бўлсалар, уни олиш вожибдир.
Тобеинларнинг тафсири бир неча аломатлар билан ажралиб туради:
1.Тобеинлар тафсирига яҳудийлар ва насронийлардан қилинган жуда кўп ривоятлар кириб қолган. Бунинг сабаби аҳли китобларнинг кўпчилиги ислом динига кирганлигидир. Уларнинг зеҳнига шариат аҳкомларига алоқаси бўлмаган турли хабарлар, масалан, яралишнинг бошланиши, вужуднинг сирлари, коинотнинг яратилиши ва бошқа кўплаб қиссалар ўрнашиб қолган. Бу хабарларни Қуръони карим муфассал эмас, ижмолан баёнини ёки ишорасини қилиб ўтган. Қуръондаги бундай хабарлар, айниқса, яҳудийлар ва насронийлар ҳақидаги маълумотларни инсон нафси батафсилроқ билишга, тушунишга қизиқади. Шунинг учун тобеинлар аҳли китоблардан эшитган бундай “исроилиётлар”ни таҳрир ва танқид қилмасдан ўқувчига қизиқарли бўлсин, деб ўз тафсирларига қўшиб юборганлар. Исроийлиётларнинг аксари аҳли китоблардан мусулмон бўлган Абдуллоҳ ибн Салом, Каъбул-Аҳбор, Ваҳб ибн Мунаббаҳ ва Абдулмалик ибн Абдулазиз ибн Журайждан ривоят қилинган.
2.Бу даврдаги тафсир тобеинларнинг саҳобалар билан учрашиб, улардан эшитиб, қилган ривоятлари асосида юзага келган. Бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида саҳобалар билиттифоқ ривоят қилганидек умумий маънода эмас, балки ҳар бир тобеин ўз устози-имомидан эшитганини хоссатан ривоят қилган. Масалан, маккаликлар Ибн Аббосдан, мадиналиклар Убай ибн Каъбдан, ироқликлар эса Ибн Масъуддан ривоят қилиб, ўз ривоятларини бошқаларнинг ривоятидан устун қўйганлар.
Ал-Ҳасан ал-Басрий ҳам ўз тафсирида қадарни исботлашга уриниб, унга унамаган кишини кофирга нисбат берган. Бунинг натижасида Ал-Ҳасаннинг тафсиридан қилинган ривоят ҳам баьзи олимлар наздида қимматга эмас, деб саналади.
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Чор Бакр жоме масжиди-имом хатиби
Дўстингиз сизга айбларингизни айтиши, сиз эса ҳушёр тортиб, ўзингизни ўнглаб олишингиз нақадар гўзал!
Шу сабаб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Айбларимни кўрсатиб қўйган кишига Аллоҳ раҳм қилсин”, деган эдилар.
Улуғлардан бири айтади: “Ҳар гал кўришганингизда сиздан бир айб топадиган биродарингиз, ҳар сафарги учрашувда қўлингизга битта тилло танга қистириб қўядиган биродардан кўра яхшироқдир”.
Дарҳақиқат, айбларингизни кўрсатиб қўядиган киши сизни ҳадя ва мол-дунёга кўмиб ташлайдиган кишидан яхшироқдир.
Ҳотамул Асом айтади: “Биродарингда бирорта айб кўрсанг-у, уни беркитиб, индамай қўяверасанг, шубҳасиз, унга хиёнат қилибсан. Мабодо ўзидан бошқага айтадиган бўлсанг, у ҳолда ғийбат қилибсан. Унинг бу айбини юзига солсанг, дўстлигингни бузибсан. Шунинг учун ҳам унга юмшоқлик ила насиҳат қил. Унга айби нимада эканини тушунтир. Бироқ бу ишларни одамларнинг олдида қила кўрма!”.
Имом Шофеъий айтадилар: “Биродарига махфий тарзда панд-насиҳат қилган киши ҳақиқий маънода насиҳат қилибди ва унинг обрўсини сақлабди. Ким биродарига ошкора (одамларнинг олдида) насиҳат қилса, уни шарманда қилибди ва обрўсини тўкибди”.
Шоир айтади:
Ёлғиз пайтим ёмғир айла насиҳатинг,
Оламонда асло бундай қила кўрма!
Койишдир ул жамоатда панд айтганинг,
Қулоқ осмоққа мен ҳеч рози бўлмам!
Леонардо да Винчи бундай деган: “Дўстингга махфий ҳолда танбеҳ беравергин, бироқ бошқаларнинг олдида уни мақтаб қўй”.
Биродарингизнинг обрўсини сақланг, зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни ўша кишидан жаҳаннам азобини даф қилади” .
Ўз-ўзидан маълум бўладики, дўстингиздан айрилмаслик учун унинг баъзи камчиликларини кечиришингизга тўғри келади.
Шоирлардан бири шундай деган эди:
Дўстсиз яшамоқдан хавфсираб доим,
Юмиб ўтаман каму кўстига кўзим.
Холид ибн Сафвондан “Биродарларингиз орасида қай бири сизга маҳбуброқ?” – деб сўрашганида, у киши: “Қоқилишимни кечирадиган, камчиликларимни қабул қиладиган ва хатоларимни беркитадигани”, деб жавоб берган экан.
Суқрот айтади: “Дўстинг учун ўзингни қурбон қилишинг жуда ҳам осон, бироқ бу қурбонликка том маънода ҳақли бўлган дўстни топиш анчайин машаққатдир”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.