Абдураҳмон РАЪФАТ ПОШО
Kаъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ансорийларнинг улуғларидан, Ясрибда катта эътибор ва обрў топган кишилардан эди. У Ақоба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан аҳдлашиб, мусулмон бўлди. Фахри коинотнинг Бадр ва Табукдан бошқа юришларида қатнашди. Каъб ибн Молик Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўнлаб ҳадис ривоят қилган. Маккада вафот этган.
Уҳуд куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом яраландилар. Шу пайт кимдир: «Муҳаммад ўлди!» деб бақирди. Шу чоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар томон кела бошладилар. У зот алайҳиссаломни биринчи бўлиб Каъб ибн Молик таниб қолди ва баланд овозда: «Эй мусулмонлар, суюнчи! Расулуллоҳ тириклар!» деб қичқирди. Расулуллоҳ алайҳиссалом унга: «Жим!» ишорасини қилдилар. Мусулмонлар атрофида тўпланишди. Кейин биргалашиб, тоққа кўтарилишди.
* * *
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у масжидда ибн Абу Ҳадраддан қарзини беришини талаб қилди. Шунда икковларининг овозлари кўтарилди. Шовқинни ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйининг ичида туриб эшитдилар. Кейин ҳужралари пардасини очиб: «Эй Каъб!» деб чақирдилар. «Лаббай, ё Расулуллоҳ!» деди у. «Қарздан бунчасини кеч», деб унинг ярмига ишора қилдилар. «Шундай қилганим бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Кейин Расулуллоҳ Ибн Абу Ҳадрадга: «Тур, қарзни адо эт», дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ривояти).
* * *
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Табук сафари мевали дарахтлар соя солиб, бу манзара одамга ёқадиган пайтга тўғри келди. Менинг бундай роҳат-фароғатларга мойиллигим бор эди. Эрта тонгдан у зот ёнига тайёргарлик қилиш учун борардим-у, лекин ҳеч нарса қилмай қайтиб келар эдим. Хизмат қилиб юравердим. Мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга жўнашди. Мен эса йўлга тайёр эмасдим. Уларга орқадан етиб олишни ҳам ўйладим, аммо бу ҳам менга насиб қилмади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Табукдан қайтаётгани хабари келганида мени ғам босди. баҳона излашга тушдим: эртага нима деб у зотнинг ғазабидан қутулиб қолсам экан деб ўйлай бошладим. Ақлли кишилардан ёрдам сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келганлари маълум бўлганида мени ёмон хаёллар тарк этди. Охири рост гапиришга аҳд қилдим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрта тонгда шаҳарга кириб келдилар. Сафардан қайтсалар, олдин масжидга кириб икки ракат намоз ўқир, сўнгра одамлар билан учрашар эдилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Жойларига келиб ўтирганларида Табукка бормай қолганлар у зотга узр айта бошлашди. Мен ҳам у зот ҳузурларига келиб, салом бердим. Менга сал ғазабнок ҳолатда табассум қилдилар. Сўнгра: «Кел», дедилар. Мен қаршиларига ўтирдим. У зот бормаганим сабабини сўраганларида: «Аллоҳга қасам, менда узр йўқ», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рост гапирдинг, тур, то Аллоҳнинг ҳукми келгунича кут», дедилар.
Яна икки кишига шундай жавоб айтилди. Учовимизга одамлар билан гаплашиш тақиқланди. Шу азобда эллик кунни ўтказдик.
Мадина бозорида юрсам, шаҳарга дон сотгани келган Шом деҳқонларидан бири: «Ким менга Каъб ибн Моликни кўрсатиб қўяди?» деди. Одамлар менга ишора қилишди. У олдимга келиб, Ғассон подшоҳи битган мактубни узатди. Унда бундай деб ёзилган эди: «Бизга хабар етди, дўстинг сенга жафо қилибди. Ҳузуримизга кел, биз сенга тасалли берамиз». Мактубни ўқигач: «Бу бир фитна», дедим ва ёқиб юбордим.
Эллигинчи куни уйда бомдодни ўқидим. Намоздан сўнг Аллоҳни зикр қилдим. Юрагим сиқилиб, кенг ер торайиб кетгандек бўлиб турган пайтда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир тепаликда туриб, баланд овозда: «Эй Каъб ибн Молик, хурсандлик хабари!» деб бақирганини эшитдим. Аллоҳ таоло «Яна қолган уч кишининг ҳам (тавбаларини қабул этди). Уларга кенг ер торлик қилган, юраклари танг бўлган ва Аллоҳ (ғазаби)дан фақат Унинг Ўзига қочиш билан паноҳ топилишини билишганидан сўнг улар тавба қилувчилардан бўлишлари учун Аллоҳ тавбаларини қабул этди» (Тавба, 118) оятини туширган эди. Бир киши олдимга от чоптириб келди. Аслам қабиласидан яна бир киши пиёда келди. Бу киши тоғ ошиб келиб, баланд овоз билан хушхабар берди. Севинганимдан унга устки кийимларимни ечиб, кийдириб қўйдим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига жўнадим. Одамлар йўлда тавбам қабул бўлгани билан мени табриклашарди.
Масжидга кирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофида одам кўп экан. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу мен билан қўшқўллаб сўрашди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берсам, хурсанд бўлганларидан юзлари ёришди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ўтириб: “Албатта, Аллоҳ ростгўйлигим сабабидан нажот берди. Энди тавбамнинг натижаси ўлароқ, умримнинг қолган қисмида фақат рост гапираман...” дедим (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Аҳмад МУҲАММАД таржима қилди
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.