Қадим замонда бир подшо вазирликка муносиб номзод қидира бошлади. Энг яхши номзодни танлаш учун бир синов ўйлаб топди. Салтанатидаги энг катта дарвозани қалъага келтиришларини буюрди. Бу улкан темир эшикни кўрганлар ҳайратдан ёқа ушлади.
Сарой аъёнлари, турли амалдорлар, донишмандлар йиғилган мажлисда подшо шундай деди:
– Катта дарвозани кўрган бўлсаларинг керак. Уни бекорга олиб келмадим. Унинг эшигини оча билган кишини вазир лавозимига тайинлайман.
Аъёнлар дарвозага яқин ҳам бормади. Шунча одамнинг олдида шарманда бўлишни ўзларига эп кўрмай, бу ёғи нима бўлар экан деб кузата бошлади. Донолиги билан ном қозонган баъзи бир кишилар дарвозани бир қур айланиб кўрдилар-у, аммо эшикни очишга ҳаракат қилмадилар. Кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди: донишмандлар воз кечган ишга уринишдан не наф!
Бироқ шу чоқ бир ясовул подшодан изн сўради. Рухсат олгач, дадил бориб дастани тортди: эшик осонгина очилди. Дарвоза ҳатто қулфланмаган ҳам экан. Шунчаки ўз ҳолича ёпиб қўйилган экан.
Ясовул ўзига ишончи, дадиллиги туфайли юксак мартабага эришди.
Ҳаётда айнан шундай вазият учраши амримаҳол бўлса-да, шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келиб турамиз. Таваккалчилик, иккиланмай олға қадам ташлаш бизга муваффақият келтирса, журъатсизлигу қатъиятсизлик афсус ва аттангларга сабаб бўлади.
Ориф ТОЛИБ тайёрлади
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ