Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

“Сарҳисоб – 2017” ғолиблари аниқланди

30.12.2017   10535   5 min.
“Сарҳисоб – 2017” ғолиблари аниқланди

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, Ислом дини таълимотларини тарқатиш ва турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни тўғри тарбия қилишда фаоллик кўрсатган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида «Сарҳисоб» танлови ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.

Ушбу анъанага мувофиқ бугун, 30 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида танловнинг Республика босқичи бўлиб ўтди. Танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Бу йилги танлов ҳар йилгидан ўзгача тарзда ташкил этилди, яъни унинг ҳудудий босқичлари ҳам ўтказилди. 2017 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг 
1 октябргача газета ва журналларда босил­ган, радио орқали эфирга узатилган, телевидениеда кўр­са­­­тилган ва Интернет тармоғида эълон қилинган материал­лар танловда иштирок этди. Ҳу­­­дудий босқич ғолиблари республика босқичида қат­на­шиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Танловнинг республика босқичи «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори остида ўтказилди. Республика босқичи ғо­либлари ҳудудий босқичда ғолиб чиққан иштирокчилар ора­­сидан сараланди.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзладилар. Муфтий ҳазратлари, бугунги кунда юртимиздаги шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларни ва динимиз равнақи йўлида қилинаётган ишларни ижодкор ходимлар кечаю кундуз, тиним билмай кенг халқ оммасига намойиш этишда жонбозлик кўрсатаётганини алоҳида қайд этдилар. Мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган ижод аҳлининг даъваткор сўзи, ибратли фаолиятига таҳсинлар айтдилар. Ижод аҳли Аллоҳ таолонинг «(Эй Муҳаммад,) Раббингиз йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..» (Наҳл, 125) деган хитобига амал қилган ҳолда ислом маърифатини тарқатишда янада собитқадам бўлиб, берилган имкониятлардан тўла фойдаланиш даври келганини алоҳида таъкидладилар. Танлов ғолибларига тақдим этилган совғалар рамзий экани, энг олий мукофот эса Яратган Парвардигорнинг ҳузурида бўлишини қайд этиб ўтдилар.

Шундан сўнг, телевидение, радио, матбуот ва Интернет йўналишларида энг яхши деб топилган ижодий ишларнинг муаллифлари ҳамда ушбу йўналишда алоҳида намуна кўрсатган тарғиботчилар қуйидаги йўналишлар бўйича махсус диплом ва қимматбаҳо мукофотлар билан тақдирландилар.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, ғолибларни қутлар экан, танловнинг бугунги кундаги аҳамияти, ижод аҳлининг самарали меҳнати ва уларни рағбатлантиришнинг фойдали жиҳатлари ҳақида гапирди. Шунингдек, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги директори Лазиз Тангриев сўзга чиқиб, ҳар бир мавзуни ўзининг профессонал мутахассислари ёритиши ҳақида гапириб, бу борада диний соҳа ходимлари, уламолар ва имом-хатиблар жуда фаол иштирок этаётганига алоҳида урғу берди. Шунингдек, у Президентимиз раислигида 29 декабрь куни миллий кино санъатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтганини билдириб, Президентимиз  буюк боболаримиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳаёти ҳақида ҳам фильмлар олиш кераклигини айтганига алоҳида тўхталди.

 

“Сарҳисоб – 2017” ғолиблари билан танишинг:

Матбуот йўналиши бўйича:

1-ўрин Одилхон Исмоилов (Тошкент шаҳар «Шайх Зайниддин» масжиди имом-хатиби);

2-ўрин Муҳтарама Улуғова (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири);

3-ўрин Жаҳонгир Жўраев (Дин ишлари бўйича қўмита ходими).

 

Телевидение йўналиши бўйича:

1-ўрин Ҳайитов Шуҳрат (“Ўзбекистон” телеканали “Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлар” бош муҳарририятининг бош муҳаррири);

2-ўрин Уйғун Ғофуров (Тошкент ислом институти ректори);

3-ўрин  Илҳом Маърупов (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири);

 

Интернет йўналиши бўйича:

1-ўрин Раҳматулла Сайфуддинов (Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби);

2-ўрин Олимхон Юсупов (Самарқанд вилояти “Махдуми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби);

3-ўрин Зоиржон Содиқов (Тошкент шаҳар вакиллиги ходими).

 

Радио йўналиши бўйича:

1-ўрин Шамсиддин Бауатдинов (Қорақалпоғистон Республикаси мусулмонлари қозиёти қозиси);

2-ўрин Хайрулло Турматов (Тошкент вилояти бош имом-хатиби);

3-ўрин Фарҳод Абдуллаев («Зиё» медиа маркази вакили).

 

Йилнинг энг фаол тарғиботчиси:

1-ўрин Раҳимберди Раҳмонов (диний идора Масжидлар бўлими мудири);

2-ўрин Нозима Ибрагимова (“Хадичаи Кубро” билим юрти мудираси);

3-ўрин Дамин Жумақулов (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири).

 

{gallery}//2017/SARHISOB2018{/gallery}

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

19.08.2026   74760   2 min.
Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.

Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.

Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.

Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари