Финландиялик ёш педагог қандай қилиб Исломни қабул қилгани ҳақида сўзлаб берди. Исломни янги қабул қилган ва ўзига Ризо номини олган мусулмон йигит аввал Исломга қизиқмасди ва динини ўзгартириш ҳақида ўйламасди.
«Мен Исломни жуда юзаки тушунардим, у ҳақида кам нарса билардим, – дейди у. – Касбим ўқитувчи ва ўқувчиларим орасида турли дин вакллари бор. Мактабимдаги диний ранг-баранглик Исломни тушунишимга йўл очиб берди. Аввалига бу динга алоҳида муҳаббат қўймадим, аммо унинг асослари билан танишганимдан сўнг қизиқиш туфайли барча саволларимга жавоб топиш истагида уни ўрганишни бошладим».
Ризонинг сўзларига кўра, у Қуръоннинг ўз она тилига ўгирилганини ўқиганида, руҳий кашфиётнинг теранлигидан лол қолди, деб хабар беради IslamNews сайти Abna24 га таяниб.
«Энди жуда хотиржам ва сокинман, дин ҳақида янада кўпроқ нарсалар ўрганишга ҳаракат қиламан, китоблар ва мақолалар ўқияпман, атоқли мусулмон раҳнамоларининг таълимотлари билан танишмоқдаман».
Ризо ватандошларига ҳам Ислом ҳақида кўп нарсаларни айтиб бериш ниятида.
ЎМИ Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати