Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448

Эҳсон қилинг, жаннатга киринг

27.12.2017   15409   6 min.
Эҳсон қилинг, жаннатга киринг

"Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир" (Оли Имрон, 92).

Имом Насафий (рaҳимаҳуллоҳ) оятнинг тасфсирида: "Муҳтожларга қилaятган инфоқ-эҳсонингиз ўзингиз яхши кўриб, уни бошқа нарсалардан афзал деб билган мол-мулкингиздан бўлсин", деган.

Мазкур оятнинг “Яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар" жумласидан яхши бандалардан бўлолмайсиз ёки Аллонинг ажру савобига эришолмайсиз, деган маънолар тушунилади. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): "Банда Аллоҳнинг розилиги учун яхши кўрган нарсасини – гарчи у бир дона хурмо бўлса ҳам – садақа қилган киши мазкур оятга амал қилган бўлади", деган. Имом Воситий (рaҳимаҳуллоҳ) эса: "Яхшилик (жаннат)га эришиш”, яхши кўрган нарсаларнинг маълум қисмини инфоқ-эҳсон қилиш билан бўлади", дейди. Муҳаммад ибн Ҳусайн (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилинади: “Имом Суддий (роҳимаҳуллоҳ): “Оятдаги "яхшилик"дан мурод жаннатдир”, деган.

Банда ўзи яхши кўрган нарсани муҳтожларга эҳсон қилса, буюк ажрга эга бўлади. Умар ибн Абдулазиз шакар сотиб олиб, уни садақа қилар эди. У зотга "Нега шакарни пулини садақа қилиб қўя қолмайсиз?" дейилди. У зот "Ўзим яхши кўрган нарсани эҳсон қилишни хоҳлайман", деган.

Инсон ўзида бўлишини хоҳлаган нарсани, биродарига илиниши кишининг имони комил эканига ишорадир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Инсон яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам илиниб, унда шу нарса бўлишини яхши кўрмагунча комил мўмин бўлолмайди", дедилар (Имом Бухорий ривояти).    

Манбаларда айтилишича Ойша (розияллоҳу анҳо) Қуръони карим тиловат қилаётиб "Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар” оятига етганларида тўхтаб, тилла суви юритилган Мусҳафларини сотиб, пулини садақа қилиб юборганлар.

Мазкур оятининг “Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир" қисмини Имом Абу Жаъфар (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай тафсир қилган: "Эй мўминлар Аллоҳга итоат этиб, Унгагина ибодат қилинг. Ундан умид қилинаётган яхшилик, Аллоҳ таоло сизларни жаннатга киритиб, дўзах азобидан халос этишидир.

Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) Мадина шаҳридаги ансор саҳобаларнинг мол-мулки кўпларидан бири эди. Унинг Масжиди набавий рўпарасида Байраҳо номли боғи бўлиб, уни жуда яхши кўрарди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам боғга кириб, ундаги булоқнинг сувидан ичар эдилар. Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: "Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар” ояти нозил бўлган пайтда, Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу): "Ё Расулуллоҳ, менинг энг яхши кўрган нарсам Байраҳо номли боғим. Уни Аллоҳ йўлида садақа қилдим. Мен уни охиратга захира бўлишини умид қиламан. Боғни, Аллоҳ буюрган жойга ишлатинг”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сенга барака берсин! Бу жуда фойдали мол бўлди, жуда фойдали мол бўлди. Эй Абу Талҳа, сўзингни эшитдим, уни ўзингнинг муҳтож яқинларингга сарфлашингни фойдали деб ўйлайман", дедилар. Абу Толҳа (розияллоҳу анҳу): "Боғни қариндошлари ва аммакиларининг ўғилларига бўлиб берди (Имом Бухорий ривояти).

Ояти каримада ихтиёрий эҳсон-садақа қилишнинг меъёри баён қилинмоқда. Унга кўра, инсон инфоқ қилишда қўлидаги арзимас, яроқсиз нарсани эмас, балки, ўзига маҳбуб-севимли, сифатлисининг маълум қисмини чин кўнгил билан бериши лозим. Фарз эҳсонлар – закот ва ушр каби садақаларни беришда ўртачасини бериш лозим экани манбаларда зикр қилинган. Зеро, оятнинг сўнгида "Нимани инфоқ қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир", деб, севимли ва сифатли нарсани инфоқ қилишга тарғиб этилмоқда.

Аллома Шаъровий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Аллоҳ таоло банда яхши кўрган нарсасини инфоқ қилгани эвазига яхшилик – жаннатни беради. Инсон ҳақиқатда яхши кўрганини инфоқ қилгани ёки яроқсиз нарсани бергани Аллоҳ таолога маълум. Эй мўминлар, бу борада ўзингизни алдашга уринманг! Зеро, Аллоҳ қалбнинг тубида ҳаммадан яширин бўлган сирларни ҳам билур. Шунинг учун оятнинг сўнгида "Нимани инфоқ қилсансиз, Албатта Аллоҳ уни билгувчидир", деб огоҳ этмоқда!

Инсон дунёда яхши кўрган нарсасини беҳуда сарфламайди. Балки, унинг ортидан яхшироқ нарсага эришишга ишонса, уни шунга сарфлайди. Демак, ўзи учун севимли нарсани дўстига эҳсон қилган киши охиратда қайта тирилиши, ҳисоб-китоб бўлиши, ажр-мукофот олиши ва берганидан кўпроғига эга бўлишига ишоди. Шунинг учун, ҳар нарсани яхшисини ҳадия қилади.

Эҳсон қилинадиган нарса сифатли бўлиши лозим. Ҳадияни олган одам, ўзини камситилгандек ҳис қилмаслиги керак. Балки, совғани олиб хурсанд бўлиб, очиқ юз билан қабул қиладиган нарса бўлсин. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир (Бақара, 267).

Баъзи кишилар закот ёки садақа берадиган бўлсалар, сифатли ва марғуб молларидан эмас, балки нуқсонли ва паст навли нарсаларидан берадилар. Ваҳоланки, ўша нарсалар ўзларига берилса олмаган ёки ноиложликдан олган бўлур эдилар. Бу ояти кариманинг нозил бўлишига сабаб баъзи мусулмонларнинг ўша даврда закотга бериш учун энг паст навли хурмоларни ажратганликлари бўлган.

Аллоҳнинг ғанийлиги, яъни бой ва беҳожат экани тўғрисида қайд этилишининг сабаби Унинг бутун борлиқ ва мулкка эга экани ҳамда одамларнинг берадиган эҳсон ва садақаларига мутлақо муҳтож эмаслиги, балки қилинадиган хайр-эҳсонлар ва закоту ушрлар бандалардан олиниб яна уларнинг муҳтожларига берилишидир. Шунга кўра, халқ орасида “Берган Аллоҳга ёқибти” деган нақл ноўриндир.

Билимдон эканини эслатишидан мурод бандаларига буюрган ёки уларга тақиқлаган ишларини У билим ва ҳикмат асосида қилишини, бирор ишни беҳуда ёки бесабаб қилмаслигини эслатишдан иборатдир (Шайх Абдулазиз мансур).

 

Тафсир китоблари асосида

Тошкент ислом институти мударриси

 Баҳодир АЪЗАМОВ тайёрлади.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Диний таълимда янги босқич: Тошкентда нуфузли анжуман бўлиб ўтмоқда

20.08.2026   62102   2 min.
Диний таълимда янги босқич: Тошкентда нуфузли анжуман бўлиб ўтмоқда

Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.  Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.

Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди. 

Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.

Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари