بسم الله الرحمن الرحيم
Умрнинг қадри
Муҳтарам биродарлар! Мана 2017 йил ҳам ниҳоясига етиб, умримиздан яна бир йили ортда қолди. Зеро, Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини ва ундаги барча нарсалар, жумладан сизу биз инсонларни ҳам фоний қилиб яратди. Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч нарса боқий эмаслигини Қуръони каримда баён қилди:
كُلُّ مَنْ عَلَيْهَا فَانٍ وَ يَبْقَى وَجْهُ رَبِّكَ ذُو الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ (سُورَةُ الرّحمَنِ/26-27).
яъни: “(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг “юзи” боқий қолур” (Ар-Раҳмон сураси, 26-27-оятлар). Дарҳақиқат, умримизнинг бир қисми бўлмиш ўтказган бу йилимизда қанчалик хайрли ва савобли ишларни қилганимиз ёки гуноҳ ва хатоларга йўл қўйганлигимиз энди, охиратда ўзимизга ҳужжат бўлади. Яхшилик билан ўтказган бўлсак, алҳамду лиллаҳ, аммо гуноҳ ва хатоларни кўп қилган бўлсак, уларни тўғрилаб олиш учун ҳали имконимиз бор. Зеро, инсоннинг умри ниҳоясига етгач камчиликларни тўғрилашнинг имкони қолмайди. Қуръони каримда шундай хабар берилган:
وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ فِيهَا رَبَّنَا أَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا غَيْرَ الَّذِي كُنَّا نَعْمَلُ أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُمْ مَا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَنْ تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُ فَذُوقُوا فَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ نَصِيرٍ (سُورَةُ الفاطر/37).
яъни: “Улар у жойда: “Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин – бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!” – деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (жазоларингизни) тотаверингиз! Золимлар (кофирлар) учун ёрдамчи бўлмас” (Фотир сураси, 37-оят). Умрни ғанимат билиш ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в.дан кўплаб ҳадислар, саҳобалардан асарлар ворид бўлган. Абдуллоҳ ибн Умар р.а. айтадилар:
عَن عَبدِ الله بنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنهُمَا قَالَ، أَخَذَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِمَنْكِبِي، فَقَالَ: "كُنْ فِي الدُّنْيَا كَأَنَّكَ غَرِيبٌ أَوْ عَابِرُ سَبِيلٍ" وَ كَانَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنهُمَا، يَقُولُ: "إِذَا أَمْسَيْتَ فَلاَ تَنْتَظِرِ الصَّبَاحَ، وَإِذَا أَصْبَحْتَ فَلاَ تَنْتَظِرِ المَسَاءَ، وَخُذْ مِنْ صِحَّتِكَ لِمَرَضِكَ وَمِنْ حَيَاتِكَ لِمَوتِكَ" (رواه الإمام البخاري).
яъни: Расулуллоҳ с.а.в. менинг елкамдан тутиб шундай дедилар: “Дунёда гўё ғарибдек ёки йўловчидек бўл”. Шундан сўнг Ибн Умар р.а. ҳам: “Кеч кирса тонгни кутиб ўтирма, тонг отса кеч киришини кутиб ўтирма, соғлик вақтингда беморлигингда қилаолмайдиган ишларингни қилиб қол, тириклигингда вафотингдан кейин асқотадиган амалларни қилиб қол”, деб юрар эди (Имом Бухорий ривояти). Ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар:
روي عن ابن عباس رضي الله عنهما أن النبي صلى الله عليه وسلم قال لرجل يعظه:” اغْتَنِمْ خَمْسًا قَبْلَ خَمْسٍ: شَبَابَكَ قَبْلَ هِرَمِكَ، وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ، وَغِنَاءَكَ قَبْلَ فَقْرِكَ، وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ،
وَحَيَاتَكَ قَبْلَ مَوْتِكَ“) رواه الإمام الحاكم.(
яъни: Расулуллоҳ (с.а.в.) бир одамга насиҳат қилиб туриб унга:
“Сен беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билгин: ёшлигингни қарилигиндан аввал, саломатлигингни касал бўлишингдан аввал, бойлигингни фақирлигингдан аввал, бўш вақтингни бир ишга машғул бўлмасингдан аввал ва ҳаётлигингни ўлимингдан аввал ғанимат билгин”, - дедилар (Имом Ҳоким ривояти).
Ушбу ҳадисни биринчи ва бешинчи насиҳатларини кенгроқ шарҳ қиламиз.
Биринчи: “Ёшлик, ўспиринлик даврини кексайиб, мункиллаб қолишдан аввал ғанимат билмоқлик”. Ёшликда қилинган ишлар пухта, мустаҳкам бўлади, ибодатларнинг савоби ҳам ортиқ бўлади. Шунинг учун ҳам ҳамма замонда мамлакатнинг келажакдаги мустаҳкамлиги, унинг куч-қудрати, тараққиёти уша мамлакат ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғланган. “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, дейилади ҳадисда.
Бешинчи: “Тирикликни ўлим келишидан олдин ғанимат билмоқлик”. Аллоҳ таоло инсонни дунёга келтириб, унга Пайғамбар юбориб, унга шариат аҳкомларни етказди. Ўз навбатида шариат кўрсатмаларига амал қилган кишиларга улуғ савобларни ваъда қилди. Шариат қоидаларга амал қилиш – қилмаслик Аллоҳ учун ҳеч қандай фойда ёки зарар келтирмайди. Бас шундай экан, инсон ҳаётида Аллоҳнинг амрига нечоғлик итоат этса, келажакда охирати ҳам обод бўлади. Оқил инсон - ҳаётий дунёдан охирати учун фойдаланиб қолган кишидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ (سُورَةُ الملك/2).
яъни: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир.”,- деб марҳамат қилади (Мулк сураси, 2-оят).
Муҳтарам азизлар! Мўмин киши дунёнинг ўткинчилигини, охират ҳаётининг абадий эканлигини ҳеч қачон эсидан чиқармаслиги, айни пайтда Аллоҳ берган умрини дунё ва охирати учун фойдали бўлган амаллар билан ўтказишга ҳаракат қилмоғи, дунёнинг ёлғончи ҳою-ҳавасларига алданиб, гуноҳ ва маъсиятлар билан ўтказишдан эҳтиёт бўлмоғи лозим. Ҳозирги кунда ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлаётган омиллардан бири уларнинг охират кунида бўладиган воқеъликларни тафаккур қилмасликлари, қилаётган жиноятларининг оқибати дунё-ю охиратда уларга фойда бермаслиги, аксинча бу амаллар уларга хасрат ва надомат бўлишлини англамаётганидандир.
Муҳтарам жамоат! Маълумки, ёш авлодни баркамол вояга етказиш
ва турли зарарли одат ва таъсирлардан эҳтиётлаб сақлаш ҳозирги замоннинг энг долзарб масаласидир. Зеро, ақл ва танани муҳофаза қилиб, уни эҳтиётлаб сақлаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз амалдир. Шундагина инсон Аллоҳ ва унинг Расули ҳамда раҳбарлари буйруғига итоат қиладиган, иродали, иймонли, ақлли, соғлом, одоб-ахлоқли, жисмонан баркамол, ўз динига ҳимматли, халқига фидокор, юрт манфаатини кўзловчи, Ватанни севувчи ва ардоқловчи, ҳаммага баробар яхшиликни раво кўрувчи, масъулиятни тўла ҳис қилувчи, инсон бўлиши мумкин.
Айни шу маъно ва мазмун Аллоҳ табока ва таолонинг қўйидаги ояти каримасида мужассамдир:
وَالَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَنُكَفِّرَنَّ عَنْهُمْ سَيِّئَاتِهِمْ وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَحْسَنَ الَّذِي كَانُوا يَعْمَلُونَ
(سُورَةُ العنكبوت/7).
яъни, “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларнинг гуноҳларини, албатта, ўчирурмиз ва уларни қилиб ўтган чиройли амаллари билан мукофотлагаймиз” (Анкабут сураси, 7-оят).
Илова
Милодий сана ҳақида
Муҳтарам азизлар! Милодий йил деганда қуёшнинг чиқиб-ботиши билан ҳисобланадиган шамсий санани англамоғимиз керак. Мана шу қуёш нури йил давомида қачон кучаяди, қачон камаяди, шунга қараб, деҳқонлар баҳор, ёз, куз, қиш фаслларига эътибор бериб, ўз деҳқончиликларини қачон бошлаб, қачон йиғиштириб олиш лозимлигини белгилаб келадилар. Шамсий-милодий сана ҳисобидаги 12 ойни ҳар бир халқ ўз тилида номлаган. Масалан, биз кўпроқ арабча, ўзбекча, русча номларини қўллаймиз: Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадий, Далв ва Ҳут каби номлар халқимизга азалдан таниш. Январь, февраль, март, апрель, май, июнь, июль, август, сентябрь, октябрь, ноябрь ва декабрь ойлари кенг истемолда экани ҳам барчага маълум. Мазкур ойлар номининг христиан дини билан боғлиқ жойи йўқ.
Лекин халқимиз ичида “Янги йилни, яъни 1-январь кунини кутиб олиш, байрам қилиш, бир-бирини табрик қилиш мусулмончиликка тўғри келмайди, у христианларнинг байрами” каби гапларни гапириб юрувчилар ҳам бор. 1 январь христианларнинг байрами эмас, балки шамсий-милодий сана билан йил ҳисобини юритувчи халқларнинг ҳаммаси учун йил боши сифатида қарши олинадиган кун. Ваҳоланки, христианларнинг “Роджество” куни 25 декабрь ёки 7 январга тўғри келади. 1-январни эса барча дунё халқлари қатори биз ҳам йилнинг янгиланиши сифатида кутиб оламиз ва бир йил давомида қўлга киритган ютуқ ва камчиликларимизни бирма-бир сарҳисоб қилиб оламиз. Биз янги йилни мусулмонча эътиқод билан кутиб оламиз. Ҳатто динимиз таълимоти бўйича ҳар бир кунни қарши олишда “Мана шу ёруғ кунга саломат еткизганингга шукр” – деб Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтишимиз лозим.
“Баёнун лин-нас” номли китобда бу хусусда мусулмонлар учун анча кенглик борлиги қайд этилган. Далил сифатида “Рум” сурасининг
1-5 оятлари ва ҳадиси шарифлардан келтирилиб, икки ҳайитдан бошқа маълум кунларда барҳақ пайғамбарлар ҳаётида юз берган муҳим воқеа ва саналарни байрам қилиш ва байрамлар диний ҳамда дунёвий сабаблар муносабати билан нишонлаш дурустлиги зикр этилган.
Бинобарин, янги милодий-шамсий йилни диний байрам сифатида эмас, йилнинг янгиланиши, умримизга умр қўшилиши, эски йилда қилиб улгурмаган хайрли ишларимизни янги йилда қилиш учун яхши ниятлар билан кутиб олишимиз ақлан ва шаръан жоиздир.
Аллоҳ таоло кириб келаётган янги 2018 йилни барчамизга хайрли ва муборак айлаб, юртимизга тинчлик, хонадонларимизга қут-барака насиб айласин!
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов билан суҳбат
– Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимизни инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, одамни борига рози бўлиб, йўғига сабр қилишга ундайдиган гўзал фазилат – қаноат ҳақида гаплашсак. Аввало, қаноат деганда нимани тушунамиз?
– Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракотуҳ. Қаноат – инсонга берилган неъматларни қадрлаш, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиш, бор нарсага шукр қилиш ва ҳалол йўл билан ҳаёт кечиришдир.
Қаноат – бу қўл қовуштириб ўтириш, меҳнат қилмаслик, бирор касбнинг бошини тутмаслик ёки “борига шукр” деб тараққиётдан ортда қолиб кетиш эмас. Мусулмон киши, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, дунё ишларида ҳаракат қилади, ризқини излайди, касб-ҳунар ўрганади, оиласи учун меҳнат қилади. Аммо қалбида: “Менга берилган неъматнинг эгаси Аллоҳ таолодир”, деган эътиқодда бўлади.
Инсон қанча бой бўлмасин, агар қалбида қаноат бўлмаса, ўзини камбағал ҳис қилиши мумкин. Аксинча, мол-дунёси кўп бўлмаган инсоннинг қалби хотиржам, шукр қилувчи бўлса, у чинакам бойдир. Шу боис уламолар қаноатни қалбг бойлиги, деб таърифлашган.
– Ислом дининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қаноат ҳақида нима дейилгани ҳам ўқувчиларга қизиқ, албатта.
– Ҳа, шундай. Ислом таълимотида қаноат улуғ фазилат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят), деб марҳамат қилган.
Ислом дини инсонни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эриштирувчи дастуриламал, ҳаёт манҳажидир. Аммо динимизнинг асл моҳиятини, унинг таълимотлари барча замон ва маконларга мувофиқ келишини англаб етмаган кишилар уни таркидунёчиликка айлантириб қўядилар, динга амал қилиш учун дунёдан ажралиб чиқиш керак, деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, Парвардигори олам инсонга ато қилган барча неъматлари ҳам охиратни, ҳам дунёдаги насибани излаш воситаси эканини айтмоқда.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, парҳезкор бўл, одамларнинг обидроғи бўласан. Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан. Ўзингга ёққанини одамлар учун ҳам яхши кўр, мўмин бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, муслим бўласан. Кулгини кўпайтирма. Чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Ибн Можа, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонни ўзига берилган неъматларни қадрлашга тарғиб этганлар.
Баъзан инсон ўзидан бойроқ кишига қараб: “Унинг машинаси бор, уйи катта, кийими яхши, имконияти кўп”, деб ўзини камбағал ҳис қилади. Лекин ўзидаги неъматларга қарамайди. Бошқа бир инсон эса касал бўлиб ётибди, соғликка муҳтож. Яна бири фарзандли бўлишни орзу қилади. Демак, биз кўпинча ўзимизда бор нарсаларнинг қадрини уларни бой бергачгина англаб етамиз. Шу боис мўмин инсон ҳар куни: “Аллоҳ таоло менга қанча неъматлар берган-а. Ўзига шукр”, деб ҳамду сано айтиши керак.
– Демак, қаноат инсоннинг бахтли яшашига ҳам сабаб бўлар экан-а?
– Албатта. Қаноат билан бахт ўртасида катта боғлиқлик бор. Бугунги кунда инсоннинг кўзи кўп нарсага тушади. Телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларнинг ҳаётини кўрамиз. Кимдир янги машина харид қилганини, кимдир янги иморат қурганини, кимдир чет элга саёҳат қилганини кўрамиз.
Агар инсон ўз ҳаётини доимо бошқаларнинг ҳаёти билан солиштираверса, қалбида норозилик пайдо бўлади: “Нега менда йўқ? Нега унда бор? Нега унинг ҳаёти яхши?” деган саволлар кўпайиб боради. Бу эса инсоннинг хотиржамлигини йўқотади.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёвий масалаларда инсон ўзидан пастроқ ҳолатдаги кишиларга қарашини ўргатганлар. Яъни инсон ўзидан бойроқ кишига қараб ҳасрат қилмасдан, ўзидан камроқ имкониятга эга бўлган кишиларни кўриб, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсин.
– Айримлар қаноатли кишининг ҳаётга интилиши паст, деб тушунадилар. Бунга динимиз қандай қарайди?
– Бу қаноат тушунчасини нотўғри англашдан келиб чиқади. Мусулмон киши меҳнаткаш бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнат қилишга, ҳалол ризқ топишга тарғиб этганлар.
Деҳқон ерга уруғ сепиб, кейин “Аллоҳ ризқ беради”, деб уйида ўтирмайди. У ер ҳайдайди, уруғ сочади, суғоради, меҳнат қилади ва натижасини Аллоҳдан кутади. Тадбиркор ҳам ҳаракат қилади, талаба ўқийди, ҳунарманд ҳам меҳнат қилади. Қаноат шу ҳаракатдан кейин инсоннинг қалбидаги ҳолатдир. Яъни, қўлимиз меҳнатда, қалбимиз Аллоҳга боғланган бўлиши керак.
– Бугунги ёшлар орасида “кўпроқ пул топиш”, “бой бўлиш”, “қиммат машина олиш” каби мақсадлар кучайиб бормоқда. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?
– Мол-дунёга эга бўлиш ёмон эмас. Ислом бойликни ҳаром қилмаган. Ҳаром қилингани – бойликнинг инсон қалбини эгаллаб олиши, уни ҳаромга бошлаши ва Аллоҳ таолонинг зикридан, тоат-ибодатидан унуттиришидир.
Ҳалол меҳнат билан бойиган инсон жуда кўп хайрли ишлар қилиши мумкин. Камбағалларга ёрдам беради, масжидлар ва мадрасалар қуради, илмга хизмат қилади, етимларни қўллаб-қувватлайди. Мол-дунё қўлда бўлса – неъмат, қалбда бўлса синовдир.
Ёшларимизга шуни ўргатишимиз керак: катта мақсад қўйиш мумкин. Аммо мақсад ҳалол бўлиши керак. Ризқ ҳалол бўлиши керак. Меҳнат ҳалол бўлиши керак. Энг муҳими, инсон дунёвий мақсадга эришаман деб охиратни бой бермаслиги лозим.
– Фарзандларимизга қаноатни қандай ўргатишимиз мумкин?
– Энг яхши тарбия намуна бўлишдир. Ота-она “қаноатли бўл” деб, ўзи доимо бошқаларнинг мол-дунёсини муҳокама қилиб юрса, бола гапга эмас, амалга қарайди. Фарзандларимизга кичиклигидан: “Нон – неъмат. Уни исроф қилма”, “Ота-онангнинг меҳнати қадрига ет”, “Бошқаларга ҳасад қилма”, деган тушунчаларни сингдириш керак.
Боланинг истаган ҳамма нарсасини муҳайё қилавериш тўғри эмас. Чунки инсон хоҳлаган нарсасига осонгина эришаверса, берилган неъматнинг қадрини билмай қўйиши мумкин. Баъзида фарзандга: “Ҳозир имконимиз йўқ, сабр қиламиз”, дейиш ҳам тарбия, ҳам унинг қаноатли бўлишига замин яратади.
– Қаноат билан тақдирга рози бўлишни қандай тушунтирган бўлардингиз?
– Мўмин киши Аллоҳ таолонинг тақдирига иймон келтиради. Лекин тақдирни баҳона қилиб, ўзининг зиммасидаги вазифаларини ташлаб қўймайди. Касал инсон: “Тақдир экан”, деб даволанишдан воз кечмайди. Ризқ излаётган киши меҳнат қилишни ортга сурмайди. Талаба ўқишни тўхтатмайди. Биз сабабларни қиламиз, натижасини Аллоҳдан кутиб яшаймиз. Агар натижа биз кутгандек бўлмаса, “Нега бундай бўлди?” деб Аллоҳнинг тақдирига норози бўлмаймиз. Мана шу ҳолат инсон қалбига катта хотиржамлик беради.
– Сўнгги савол: инсон қаноатли бўлиши ва шу фазилатга эга бўлиши учун нима қилиши керак?
– Бунинг учун, аввало, шукрни канда қилмаслиги керак. Ўзини ҳадеб бошқалар билан солиштирмаслиги зарур. Чунки ҳар кимнинг тақдири, ризқи ва ҳаёт йўли ҳар хил бўлади.
Ҳалол меҳнат қилиб, исрофдан тийилиши шарт. Инсон кўп нарсага эга бўлиш билан бахтли бўлиб қолмаймиз. Керакли нарса билан кифояланишни ўрганишимиз лозим.
Эҳтиёжманд инсонлар ҳолига қараш керак. Инсон ўзидан камроқ имкониятга эга кишиларни кўрса, ўзининг неъматларини янада чуқурроқ ҳис қилади.
Аллоҳ таоло билан муносабатимизни мустаҳкамлашимиз шарт. Намоз, дуо, Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор инсоннинг қалбини поклайди. Қалби Аллоҳга боғланган инсон дунёвий нарсаларга ҳаддан зиёд боғланиб қолмайди. Ва ўшанда қиноат битмас хазина эканини англаб етади.
Т.НИЗОМ суҳбатлашди.