Ислом умматини залолат йўлига бошлаётган “Ҳизб ут-таҳрир” сиёсий гуруҳининг раҳнамолари ўзларининг ботил ғояларини далил билан қўллаб-қувватлаш учун Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни нотўғри талқин қилишади.
Жумладан, “Ҳизб ут-таҳрир” нашрларидан бири бўлган “Сиёсий фикрлар” китобида, “Ҳизб ут-таҳрир”ни ташкил этиш, аслида, Ислом умматига Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси 104-оятининг қатъий талаби билан фарз деб, даъво қилишади.
وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُولَٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
“Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳий мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!”
Мазкур оятда келган “Уммат” лафзи, жамоат маъносида келган бўлиб, “Ҳизб ут-таҳрир” раҳнамолари ўзларига нисбат беришади. Оятда мажҳул (номаълум) сийғада “бир уммат” дейилган, уша уммат бизмиз дейишади. Ваҳоланки, Ҳизб ут-таҳрир фирқаси ҳаммага маълум бўлган сиёсий радикал жамоа. Ушбу оят нозил бўлганига 1400 йил бўлган, бу адашган фирқанинг ташкил этилганига ҳали 100 йил ҳам бўлгани йўқ. Улар бу оят айнан бизга нозил бўлган, дея ноҳақ даъво қилишади.
Демак, уларнинг даъвоси рост бўлса 1400 йил давомида Ислом уммати бу оятга амал қилмай “Ҳизб ут-таҳрир” жамоасини ташкил топишини кутиб ётган эканда! Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳам, саҳобалар даврида ҳам, кейинроқ, уммавийлару аббосийлар даврида ҳам, қўйингки, усмонийлар даврида ҳам, ҳеч бир замонда мусулмон олимлар тарафидан ушбу оятга амал қилиш мақсадида, алоҳида бир жамоа тузилиб, унга амир сайлаш масаласи кўтарилмаган.
Тафсир китобларига назар ташлар эканмиз, муфассирлар бу оятни қуйидагича тафсир қилишган:
Имом Табарий ўзининг “Тафсири Табарий” асарида мазкур оят хусусида Заҳҳокдан: “Улар (уша ояда зикри келган жамоа) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хос саҳобалари, хос ровийларидир” деб ривоят қилган.
Бу оят, ровийлар томонидан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар орқали тафсир қилинган. Оят тафсирларини жамлаб умумий таҳлил қилиб айтиш мумкинки, саҳоба ва ровийлардан иборат бўлган, Ислом умматининг илм аҳлидан бўлган хос даъватчилари, ҳамда уларнинг давомчиси бўлган уламолар жамоаси. Кўриниб турибдики, ўтмишда ўтган салафи солиҳларимиз оятдаги “Уммат” лафзини келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган ботил фирқаларнинг бирортасига нисбат бермаган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “Ҳизб ут-таҳрир” каби адашган фирқалар ўзларининг жирканч ғояларини кенг ёйиш мақсадида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни нотўғри талқин қилиш орқали ёлғон даъво билан чиқмоқдалар. Уларнинг ботил даъволарига қарши чиқиб, Ислом умматини бу хавфдан огоҳлантириш, ҳар бир илм аҳли зиммасидаги долзарб вазифадир.
Ўлжаев Умарали - Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати