Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Июл, 2026   |   16 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:54
Пешин
12:29
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:45
Bismillah
01 Июл, 2026, 16 Муҳаррам, 1448

Ота-онанинг вазифалари

24.12.2017   13673   6 min.
Ота-онанинг вазифалари

Диёримизда оила маънавияти ва маданияти асрлар давомида ўзига хос тарзда шаклланган. Ватанга, ота-онага содиқлик ва фидойилик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди.


Булар заминида ёшларга оилада, таълим масканларида, маҳаллаларда бериладиган таълим тарбия ётади. Шунинг билан биргаликда фарзанд тарбиясидаги энг муҳим омил бу – ота-она тарбияси, уларнинг фарзандига қилган эътиборидир. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бежиз айтилмаган. 
Серфарзандлик ва болажонлик; катталарга ҳурмат, кичикларга мурувват; эркакларнинг оиладаги юқори мавқеи, аёлларнинг ройишлиги; оила ва никоҳнинг муқаддаслигига эътиқод; ота-оналарнинг фарзандлар олдидаги ҳамда фарзандларнинг ота-оналар олдидаги бурч ва масъулиятининг муҳим қадрият сифатида эътироф этилиши; оила шаъни ва обрўсининг авайлаб асралиши; келин ва қайнона муносабатларининг ўзига хослиги; катта оилаларда бобо ва бувиларнинг раҳнамолиги; қариндошлар, қўни – қўшнилар, маҳалла – кўй олдидаги мажбуриятини теран ҳис қилиш каби ўзбек оиласига хос бундай хусусиятлар замирида динимиз таълимотлари ётади. 


Дунёда ота-она энг улуғ зотлар ҳисобланади. Чунки улар ўз фарзандлари учун ҳаётини, меҳрини бағишлайди. Фарзанди катта бўлиб, оила қуриб кетгандан кейин ҳам у ҳақда қайғуришдан тўхтамайди. 


Ота-она фарзанди дунёга келиши билан уни парвариш қилиб, катта қилади, касал бўлса, даволайди, едиради, кийдиради, уни оқ ювиб, оқ тарайди. Умуман, фарзандини ҳаётда керакли барча нарсалар билан таъминлашга ҳаракат қилади. Ҳатто бунинг учун ўзлари ейиш-ичиш, кийиниш ва шу каби нарсалардан маҳрум бўлсалар ёки кечалари уйқудан қолсалар ҳам. 


Бугун ёшларимиз бахтли, чунки уларнинг ота-оналари бошида, улар учун керакли нарсаларни ортиғи билан олиб бермоқда. Тўғри, бу ишлар ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий вазифаларидан ҳисобланади. Афсуски, баъзи ота-оналар ўзларининг вазифалари фақат шу деб ўйлашади. Ҳолбуки, булардан ҳам муҳим, булардан ҳам қийин ва булардан ҳам асосий вазифа ҳам бор, бу фарзанднинг маънавий-ахлоқий тарбиясидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Ота-она фарзандига яхши хулқдан ҳам ортиқроқ нарса бера олмайди”. Демак, ота-она фарзандига берадиган энг яхши нарсаси қимматбаҳо кийим, яхши таом ёки ажойиб совға эмас, балки гўзал хулқ ва яхши тарбияси экан. Чунки кийим, таом ёки совға болага маълум вақт фойда беради, вақт ўтиши билан эса эскиради. Гўзал хулқ, яхши тарбия эса фарзандга умри давомида фойда беради. Нафақат умри давомида, балки вафотидан кейин охиратда ҳам наф келтиради. Зеро, ҳадиси шарифда: “Банда гўзал хулқи ила кечалари ибодатда қоим бўлувчи ҳамда кундузи рўза тутувчининг даражаси – савобига эришади”, дейилган. 


Тан олиш керакки, баъзи оилаларда ота-она эрталабдан кечгача ишлаб, кўча-кўйда юради, уйда бўлган вақтларида ҳам ўз ишлари билан овора бўлиб фарзандларига вақт ажрата олмайди. Натижада фарзанд тарбияни телефон, интернет, телевизор ҳамда кўча-кўйдан олмоқда. Шундай тарзда улғайган бола яхши хулқли, одобли, илм-маърифатли ва келажакда эл-юртига хизмат қилиб, ота-онасига раҳмат олиб келадиган бўлиб улғайишига ким кафолат бера олади?! 
Фарзандларимиз, бўш вақтларида нима билан шуғулланмоқда, куни билан вақтини нималарга сарфлаяпти, уйдаги телевизор ёки компютерда нималарни томоша қилаяпти, сиз олиб берган телефондан яна қандай ишларда фойдаланмоқда, интернетда қандай маълумотларни ўқиб, қандай лавҳаларни кўрмоқда, кўчада кимлар билан дўст бўлиб, улар билан вақтини қандай ўтказмоқда ёки сиз бераётган пулларни қаерларга сарфлаяпти?! Бундай ишларда фарзандни назоратсиз қолдириш мумкин эмас. 


Бир одам ўғли билан бирга ҳазрат Умар (р.а.)нинг ҳузурига келди: 
“Бу ўғлим, менга итоат этмайди”, дея шикоят этди. 
“Аллоҳдан қўрқмайсанми, нега ота-онангга қарши чиқасан? Ота-онанинг фарзандда жуда кўп ҳақлари бор”, дея ҳазрати Умар ўсмирни огоҳ этиб, танбеҳ бердилар. 
“Эй мўминлар амири, боланинг ҳам отада бирон ҳаққи борми?” дея сўради ёш йигит. 
“Ҳа, бор. Аввал яхши хотинга уйланиши, бола туғса, яхши исм қўйиши, унга Қуръони каримни ва фарз ибодатларини ўргатиши, уйланадиган ёшга етгач уйлантириши – боланинг отасидаги ҳақларидандир”, дедилар ҳазрати Умар. 
“Аллоҳга қасамки, отам мусулмон аёлларни қолдириб, 400дирҳамга сотиб олган бир чўри билан турмуш қурди. Менга яхши исм қўймади. Исмимни қурт – ҳашорат маъносида Жуҳла деб қўйди. Менга Қуръони каримдан ва ибодатлардан ҳеч нарса ўргатмадилар”, деди. Буни эшитган ҳазрати Умар ўсмирнинг отасига қараб: Ўғлим менга итоат этмайди, дейсан. Ҳобуки, у сенга қарши чиқишдан аввал сен уни ҳақларини топтаб, фарзандинг олдидаги вазифаларингни адо этмабсан-ку. Энди бор, аввал ўз вазифаларингни бажар, - дея ҳалиги кишига танбеҳ берган экан. 


Ҳадис шарифда “Фарзандинг ё жаннатинг ёки дўзахингдир”, деб айтилган. Агар ота-она фарзандини яхши хулқли, одобли ва имон-эътиқодли қилиб тарбияласа, бундай фарзанд қиёмат кунида ўзи билан ота-онасини ҳам жаннатга етаклайди. 


Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги лозим экан. Ана шунда улар ота-онаси ва эл-юртига хизмат қиладиган, уларга икки дунёда обрў олиб келадиган, юзларини ёруғ ва бошларини юқори қиладиган фарзандлар бўлиб катта бўлишади.



Абдували ҲАҚНАЗАРОВ, 
Сирдарё вилояти 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

ДАНГАСАЛИКнинг  энг катта 100 та салбий ОҚИБАТИ

01.07.2026   716   3 min.
ДАНГАСАЛИКнинг   энг катта 100 та салбий ОҚИБАТИ

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

 

 

ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:

 

  • «Дангасадан Худо безор»;

 

  • «Дангасага иш буюрсанг, сенга ақл ўргатур»;

 

  • «Яхши билан юрсанг – етарсан муродга,

Ёмон билан юрсанг – қоларсан уятга».

 

 

ҚУРЪОНИ КАРИМ ОЯТИ КАРИМАЛАРИ ва

МУБОРАК ҲАДИСИ ШАРИФЛАРга асосан

уламоларимиз кўрсатиб берган

ДАНГАСАЛИКнинг энг катта 100 та салбий ОҚИБАТИ:

 

  1. Вақт зое кетади.
  2. Орзулар амалга ошмай қолади.
  3. Имкониятлар қўлдан кетади.
  4. Қарздорликка сабаб бўлиши мумкин.
  5. Камбағалликка олиб келиши мумкин.
  6. Ишлар орқага сурилаверади.
  7. Ризқ баракасини камайтиради.
  8. Атрофдагилар ҳурматини камайтиради.
  9. Оилавий муаммоларни кўпайтиради.
  10. Ишончли инсон сифатида кўринмасликка олиб келади.
  11. Бошқаларга юк бўлиб қолишга сабаб бўлади.
  12. Муваффақиятдан узоқлаштиради.
  13. Бошқаларга қарамликни оширади.
  14. Ҳар ишни эртага қолдириш одат бўлади.
  15. Ортиқча ухлашга ўргатади.
  16. Соғлиққа салбий таъсир қилади.
  17. Танани заифлаштиради.
  18. Жисмоний ожизликни кучайтиради.
  19. Хотирага салбий таъсир қилади.
  20. Инсон ўз кучига ишонмай қўяди.
  21. Тартибсиз ҳаёт пайдо бўлади.
  22. Афсуслар сони ортиб боради.
  23. Ҳар бир ишни оғир қилиб кўрсатади.
  24. Ишни ярим йўлда ташлашга ўргатади.
  25. Қўрқоқликни кучайтиради.
  26. Масъулият ҳисси пасаяди.
  27. Иродани заифлаштиради.
  28. Қарор қабул қилиш қийинлашади.
  29. Ўқиш ва илмда ортда қолдиради.
  30. Касбда ўсишни тўхтатади.
  31. Мақсадсизликни кучайтиради.
  32. Руҳий тушкунликни кучайтиради.
  33. Ўзини айблашни кўпайтиради.
  34. Инсонни бефарқ қилиб қўяди.
  35. Вақт қадрини йўқоттиради.
  36. Ишончни пасайтиради.
  37. Ибодатда сустлик пайдо қилади.
  38. Намозга бепарволик келтиради.
  39. Ҳаракатдан совутади.
  40. Сабрни камайтиради.
  41. Интизомни йўқотади.
  42. Иш сифати пасаяди.
  43. Диққатни сусайтиради.
  44. Илҳомни йўқотади.
  45. Ижодкорликни камайтиради.
  46. Ортиқча қўрқув уйғотади.
  47. Ўзгаришдан қочишга ўргатади.
  48. Қаноатсизликни кучайтиради.
  49. Ҳасадни ошириши мумкин.
  50. Бировнинг ютуғини кўра олмасликка олиб келади.
  51. Ҳаракатчан инсонларга нисбатан ички норозилик туғдиради.
  52. Ортиқча вазнга сабаб бўлиши мумкин.
  53. Руҳий чарчоқни оширади.
  54. Кун тартибини бузади.
  55. Режасизликни кучайтиради.
  56. Фурсатларни йўқоттиради.
  57. Мақсадларга етишишни секинлаштиради.
  58. Ўзига бўлган ҳурматни камайтиради.
  59. Ички кучни сусайтиради.
  60. Жавобгарликдан қочишга ўргатади.
  61. Муҳим ишларни кечиктиради.
  62. Кўп узр сўрашга ўргатади.
  63. Иродасизликни кучайтиради.
  64. Ҳаётда тартибсизлик келтиради.
  65. Қалбда умидсизлик пайдо қилади.
  66. Меҳнат завқини йўқотади.
  67. Яхши одатларни бузади.
  68. Ёмон одатларга йўл очади.
  69. Ўзини ривожлантиришни тўхтатади.
  70. Китоб ўқишдан совутади.
  71. Илм олишга қизиқишни пасайтиради.
  72. Тез зерикишга олиб келади.
  73. Қарорсизликни кучайтиради.
  74. Фаол инсонлардан узоқлаштиради.
  75. Бефойда машғулотларни кўпайтириб юборади.
  76. Инсонни суст табиатли қилиб қўяди.
  77. Ўз имкониятини очолмасликка сабаб бўлади.
  78. Аллоҳ берган неъматларни ишлатмасликка олиб келади.
  79. Қувончни камайтиради.
  80. Бахт ҳиссини пасайтиради.
  81. Муваффақият лаззатини татимай қолдиради.
  82. Жамият учун фойдани камайтиради.
  83. Қалбда пушаймонлик тўплайди.
  84. Ҳар кунини самарасиз ўтказади.
  85. Вақтни ҳис қилмасликка олиб келади.
  86. Келажакдан хавотирни оширади.
  87. Ҳар бир ишга эринч билан қарашни ўргатади.
  88. Ижтимоий тармоқларга ортиқча боғлаб қўяди.
  89. Ота-она ишончини йўқотиши мумкин.
  90. Раҳбарлар наздида қадрни туширади.
  91. Дўстлар ишончини камайтиради.
  92. Бошланган ишларни тугалламасликка одатлантиради.
  93. Ваъдада турмасликка олиб келади.
  94. Кечикишларни кўпайтиради.
  95. Кўп шикоят қилишга ўргатади.
  96. Қалбни қаттиқлаштиради.
  97. Нафсни кучайтиради.
  98. Ҳаёт сифатини пасайтиради.
  99. Дунё ва охират учун зарар келтириши мумкин.
  100. Шайтон васвасасига мойил қилади.

 

ИЛОҲО МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ ЎЗИ буюрган,

Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ тавсия этган,

ўтмишда ЎТГАНЛАРИМИЗНИНГ руҳлари шод бўладиган,

ХАЛҚИМИЗ хурсанд бўладиган,

ОТА-ОНАЛАРИМИЗ рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон домла Иномов

МАҚОЛА