Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Намоздан сўнгги тиловатнинг фазилати

19.12.2017   14147   5 min.
Намоздан сўнгги тиловатнинг фазилати

Ибодатлар орасида энг афзали Қуръони карим тиловатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини бунга қизиқтирганлар. Қуръони карим соҳибини шафоат қилади. Шайтон васвасаларига қарши қўрғон бўлади. Унинг тиловати гуноҳларни ўчирадиган, савобларни кўпайтирадиган энг гўзал амалдир. Аммо кейинги вақтларда намоздан кейин Қуръон тиловат қилинишини бидъат дейдиган, уни эшитишдан юз ўгирадиган кишилар пайдо бўлмоқда. Тиловат ўқилиб турган ҳолатда одобсизлик билан чиқиб кетаётганлар бўлиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қилинмаган экан, деган асоси йўқ гапларни айтиб, ўзларини оқлашга уринадилар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари намоздан кейин тиловат қилиш қандай амал эканини айтишган ва унга ҳужжатлар келтирган ҳамда тиловатнинг одоблари қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб бериб ўтганлар.

Энг аввало, фиқҳ ва ҳадис китобларида “Намоздан кейинги зикрлар” боби мавжуд бўлиб, уларда намоздан кейин зикр қилиш, Қуръони карим суралари ёки оятларининг тиловати буюрилгани маълум қилинади. Бу далиллар асосида намоздан кейин ўтириб зикрга ёки Қуръон тиловатига машғул бўлиш бидъат амал эмаслигини тушунамиз. Бундан эса бидъат деган фикрга бориш гуноҳ экани маълум бўлади. Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳони ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этишга буюрганлар. Буни 200-250 оят ўқишни, ҳатто 100 оят ва “Ихлос” сурасини уч бора ўқиш билан адо этиш, деб тушунтирганлар. Қуръони каримдаги кўпгина суралар ва баъзи оятларнинг фазилати зикр қилинган. Ушбу тиловатнинг Қиёмат куни шафоат қилиши, савоблар кўпайтириб ёзилиши, ҳожатларнинг раво бўлиши, беморларга шифо бўлиши, дуоларнинг ижобат бўлиши, тетиклик ва ақлга мусаффолик бериши ва бошқа кўпгина фазилатлари баён қилинган. Шундай суралардан Ёсин, Фатҳ, Ар-Роҳман, Воқеа, Духон, Мулк, Набаъ, Каҳф ва бошқаларни санаш мумкин. Оятлардан “Ал-Курсий”, Бақара сурасининг охирги икки ояти, Тавба сурасининг охирги икки ояти, Ҳашр сурасининг охирги уч ояти ва бошқалар бор.

Мўмин киши ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этиш учун алоҳида вақт ажратиши керак. Аммо кўпинча имкон топилмайди ёки шунчаки бу вазифа борлиги ёддан кўтарилади. Ҳар қандай хасталикни даволовчи моҳир табиб каби уламоларимиз беш вақт намозда қуйидаги сураларнинг тиловатини тавсия қиладилар: Бомдоддан кейин Ёсин сураси – 83 оят, Пешиндан кейин Ар-Роҳман сураси – 78 оят ёки Фатҳ сураси – 29 оят, Асрда Набаъ (Амма) сураси – 40 оят, Шомдан сўнг Воқеа сураси – 96 оят, Хуфтондан сўнг Мулк сураси – 30 оят. Жами 350 оят атрофида ҳар куни ўқилади. Демак, мўминлар намоздан сўнг ушбу сураларнинг тиловати сабабли Қуръони каримнинг ҳар кунлик ҳаққини адо этиш билан бирга мазкур сураларнинг фазилатларидан ҳам баҳраманд бўладилар.

Имом Исмоил Ҳаққий раҳматуллоҳи алайҳ машҳур “Руҳ ул-баён” асарида Тоҳо сурасининг 124-оятини қуйидагича тафсир қилган:

“Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни Қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”.

“Қуръони каримда келадиган “зикр” лафзи Қуръон, намоз, тасбеҳ-таҳлиллар ва бошқа шу каби маъноларда келади. Яъни Мени доимо ёдига солиб турувчи шу Китобдан ва Менга чақирувчи бўлган мана шу элчимдан юз ўгиришидир. Зеро, унга бу дунёда ниҳоятда тор ва қийинчилик машаққатлари кўп бўлган ҳаёт бордир. Оятда икки масдар, яъни ўзак сўзлар бир-бирига сифат бўлиб келтирилган. Бу эса муболағани, яъни ҳаёт торлигининг қўша-қўша машаққатлари борлигини ифодалайди. Бунинг сабаби, банда дунё орзу-ҳаваслари билан алданиб қолади. Ваҳоланки, дунёга интилиш инсонни аста ҳалокатга етаклайди. Ўзини назорат қила олмагани боис орзу-ҳаваслари, бойлик ва бошқа зийнатлар билан овора бўлиб қолиши кучайтирилади. Унинг камайиб қолишидан ёки йўқотишдан хавфда бўлади, кўнгил хотиржамлиги олинади. Зикрдан юз ўгирмаган кишида эса бунинг акси бўлади. У охират талабида экан, иймонининг баракаси билан бу дунёда унга кенглик ва хотиржамлик берилади. Билгинки, ҳаётнинг торлиги, машаққатларга бойлиги  бу – маъсияту гуноҳларнинг жазоси ва уқубатидан бўлиши мумкин”.

"Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, яъни Мени ёд этишни лозим тутмай, Менинг ҳидоятимга юрмаса, тўғри йўлдан юришни хоҳламаса, бас, унга жуда машаққатли ҳаётни берурмиз".

Бу машаққатлар унинг қалбини азоблаш билан бўлади, ҳар бир ишига, йўлларига парда ташлаб қўйиш, эшикларни унга ёпиб қўйиш билан амалга оширилади. Зеро, Аллоҳнинг зикри қалб калитидир, ундан юз ўгириш эса қалб эшигини ёпишдир.

Зокиржон ШАРИФОВ,

Тиллар кафедраси ўқитувчиси

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

11.08.2026   42156   2 min.
“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.

1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.

2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.

Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.

Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.

Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари