Ибодатлар орасида энг афзали Қуръони карим тиловатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини бунга қизиқтирганлар. Қуръони карим соҳибини шафоат қилади. Шайтон васвасаларига қарши қўрғон бўлади. Унинг тиловати гуноҳларни ўчирадиган, савобларни кўпайтирадиган энг гўзал амалдир. Аммо кейинги вақтларда намоздан кейин Қуръон тиловат қилинишини бидъат дейдиган, уни эшитишдан юз ўгирадиган кишилар пайдо бўлмоқда. Тиловат ўқилиб турган ҳолатда одобсизлик билан чиқиб кетаётганлар бўлиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қилинмаган экан, деган асоси йўқ гапларни айтиб, ўзларини оқлашга уринадилар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари намоздан кейин тиловат қилиш қандай амал эканини айтишган ва унга ҳужжатлар келтирган ҳамда тиловатнинг одоблари қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб бериб ўтганлар.
Энг аввало, фиқҳ ва ҳадис китобларида “Намоздан кейинги зикрлар” боби мавжуд бўлиб, уларда намоздан кейин зикр қилиш, Қуръони карим суралари ёки оятларининг тиловати буюрилгани маълум қилинади. Бу далиллар асосида намоздан кейин ўтириб зикрга ёки Қуръон тиловатига машғул бўлиш бидъат амал эмаслигини тушунамиз. Бундан эса бидъат деган фикрга бориш гуноҳ экани маълум бўлади. Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳони ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этишга буюрганлар. Буни 200-250 оят ўқишни, ҳатто 100 оят ва “Ихлос” сурасини уч бора ўқиш билан адо этиш, деб тушунтирганлар. Қуръони каримдаги кўпгина суралар ва баъзи оятларнинг фазилати зикр қилинган. Ушбу тиловатнинг Қиёмат куни шафоат қилиши, савоблар кўпайтириб ёзилиши, ҳожатларнинг раво бўлиши, беморларга шифо бўлиши, дуоларнинг ижобат бўлиши, тетиклик ва ақлга мусаффолик бериши ва бошқа кўпгина фазилатлари баён қилинган. Шундай суралардан Ёсин, Фатҳ, Ар-Роҳман, Воқеа, Духон, Мулк, Набаъ, Каҳф ва бошқаларни санаш мумкин. Оятлардан “Ал-Курсий”, Бақара сурасининг охирги икки ояти, Тавба сурасининг охирги икки ояти, Ҳашр сурасининг охирги уч ояти ва бошқалар бор.
Мўмин киши ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этиш учун алоҳида вақт ажратиши керак. Аммо кўпинча имкон топилмайди ёки шунчаки бу вазифа борлиги ёддан кўтарилади. Ҳар қандай хасталикни даволовчи моҳир табиб каби уламоларимиз беш вақт намозда қуйидаги сураларнинг тиловатини тавсия қиладилар: Бомдоддан кейин Ёсин сураси – 83 оят, Пешиндан кейин Ар-Роҳман сураси – 78 оят ёки Фатҳ сураси – 29 оят, Асрда Набаъ (Амма) сураси – 40 оят, Шомдан сўнг Воқеа сураси – 96 оят, Хуфтондан сўнг Мулк сураси – 30 оят. Жами 350 оят атрофида ҳар куни ўқилади. Демак, мўминлар намоздан сўнг ушбу сураларнинг тиловати сабабли Қуръони каримнинг ҳар кунлик ҳаққини адо этиш билан бирга мазкур сураларнинг фазилатларидан ҳам баҳраманд бўладилар.
Имом Исмоил Ҳаққий раҳматуллоҳи алайҳ машҳур “Руҳ ул-баён” асарида Тоҳо сурасининг 124-оятини қуйидагича тафсир қилган:
“Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни Қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”.
“Қуръони каримда келадиган “зикр” лафзи Қуръон, намоз, тасбеҳ-таҳлиллар ва бошқа шу каби маъноларда келади. Яъни Мени доимо ёдига солиб турувчи шу Китобдан ва Менга чақирувчи бўлган мана шу элчимдан юз ўгиришидир. Зеро, унга бу дунёда ниҳоятда тор ва қийинчилик машаққатлари кўп бўлган ҳаёт бордир. Оятда икки масдар, яъни ўзак сўзлар бир-бирига сифат бўлиб келтирилган. Бу эса муболағани, яъни ҳаёт торлигининг қўша-қўша машаққатлари борлигини ифодалайди. Бунинг сабаби, банда дунё орзу-ҳаваслари билан алданиб қолади. Ваҳоланки, дунёга интилиш инсонни аста ҳалокатга етаклайди. Ўзини назорат қила олмагани боис орзу-ҳаваслари, бойлик ва бошқа зийнатлар билан овора бўлиб қолиши кучайтирилади. Унинг камайиб қолишидан ёки йўқотишдан хавфда бўлади, кўнгил хотиржамлиги олинади. Зикрдан юз ўгирмаган кишида эса бунинг акси бўлади. У охират талабида экан, иймонининг баракаси билан бу дунёда унга кенглик ва хотиржамлик берилади. Билгинки, ҳаётнинг торлиги, машаққатларга бойлиги бу – маъсияту гуноҳларнинг жазоси ва уқубатидан бўлиши мумкин”.
"Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, яъни Мени ёд этишни лозим тутмай, Менинг ҳидоятимга юрмаса, тўғри йўлдан юришни хоҳламаса, бас, унга жуда машаққатли ҳаётни берурмиз".
Бу машаққатлар унинг қалбини азоблаш билан бўлади, ҳар бир ишига, йўлларига парда ташлаб қўйиш, эшикларни унга ёпиб қўйиш билан амалга оширилади. Зеро, Аллоҳнинг зикри қалб калитидир, ундан юз ўгириш эса қалб эшигини ёпишдир.
Зокиржон ШАРИФОВ,
“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.
Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.
“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.
Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.
Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.
“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.
Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати