Аллоҳ таолонинг улуғ каломи Қуръони каримда тафаккур қилиш учун улкан маҳлуқотлар қатори ўргимчак, пашша, асалари ва чумоли каби митти жонзотлар яратилгани баён этилган. Буни шунчаки баён қилиб қўйиш учун эмас, балки нима мақсадда яратилганини англашга даъват этади. Инсон ҳаёт ташвишига ўралиб яшаганидан теварак-атрофида жонзотлар қандай яратилгани ва қай тарзда ҳаёт кечириши ҳақида ўйлаб кўрмайди. Мулоҳаза қилиб кўрилса, баъзи жонзотларни ибрат олиш ва яна баъзиларини инсонга беминнат хизмат қилишлари учун яратилган. Шундай митти жонзотлардан бири – асаларини Аллоҳ таоло Ўз китобида зикр этиб, бир сурани асалари номи билан “Нахл” деб атади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“(Эй, Муҳаммад) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!”. Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир”. (Наҳл сураси, 68-69-оятлар).
Бу оятда асаларига ваҳий қилди, дейишдан мақсад худди одамзотга ато этгандек илҳом, ҳидоят ва рушд-тўғри йўл кўрсатди, деб тафсир қилинган. Ҳақиқатан, унга илҳом берилмаса, эрта-ю кеч ўз инига ўзича қатнамас, ниҳоятда фойдали ва шифобахш асал болини ташиб келтирмасди. Аллоҳ таоло тўғри йўл кўрсатмаганида тўп-тўп арилар инлардан бол йиғиш мақсадида узоқларга учиб, ўз жойига қайтиб келолмасди. Чунки инидан чиққан асалари водий, дара, тоғ ва қир-адирлар оша парвоз қилиб, яна мўлжалдан адашмай, олдинги жойига қайтиб келишини тасаввур қилиш қийин.
Ҳар бир асаларининг танаси бош, кўкрак ва қориндан иборат. Орқа тарафидаги қорин ҳалқа шаклидаги қисмлардан ташкил топади. Асалари қорнида асал тўрва ва яна қурсоқ дейилган иккита ошқозон мавжуд. Асалари гуллардан йиққан гулширага дастлаб қурсоғида ишлов бериб, уни асал ҳолига келтиради. Шуниси ажойибки, асаларининг қорин қисмини кузатиш имкони бўлса, ўзига хос кимё лабораторияси сингари ишлаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Асалари тўплаган асалнинг ранги ҳеч қачон бир хил бўлмайди. Бу ранг у яшаган иқлим, мавсум ва гулширага боғлиқ. Асал оқ, қизил ва жигаррангда бўлиб, улар ичида энг яхшиси оч сариқ ранглисидир. Асаларичиликда асал рангини аниқлаш учун ранг жадваллари кашф қилинган. Инидан учиб чиққан асалари гулзорни кўриб қолса, бу ҳақда хабар бериш учун бошқалари ёнига қайтган заҳоти “рақс” га тушиб, уларга жой координаталарини хабар беради. Рақс воситасида етказилган маълумотларда гулшира жойини ва қаердалигини аниқ билдирилади. Инсон зоти қанча вақт машқ қилганда ҳам бу каби рақсни эплаб ўрганмаслиги мумкин. Ҳолбуки, бор-йўғи олти ҳафта яшайдиган асалари ўз “рақслари” билан маълумот етказиш маҳоратини тўлиқ эгаллайди. Асалари ҳаётини кузатилса, у асал хом ашёсини фақат қуёшга қараб аниқлай олади. У қутини айлангунча қуёш ҳар тўрт дақиқада бир даража жой ўзгартиради. Шунга асосан ари ҳам ўзига керакли манбани ва қутига боришнинг энг яқин йўлини топади. Асалари бу йўлда қанча айланмасин, қутига нисбатан қуёшнинг қай даражада ўзгарганини ҳисобга олишга мажбур. Асалари бу ишни шу даражада бекаму кўст бажарадики, аниқ ва изчил хатти-ҳаракатлари ҳамда қути ичидаги тартиб ва уйғунликни тасодиф ва на унга берилган таълим натижаси, деб изоҳлаш мумкин.
Буларнинг ҳаммаси асалариларга Парвардигор томонидан берилган ўзига хос туғма инстинктдир. Яратувчи Зот асаларини ана шундай мукаммал ва ғаройиб қилиб яратган. Аллома Қазвиний “Ажойиб махлуқотлар” асарида: “Рамазон ҳайити кунига марҳамат куни дейилади. Чунки унда Аллоҳ асалариларга асал йиғишни ваҳий (илҳом) қилди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло асаларилар аҳамияти катталигини эътироф этиб, фаҳмли, зийрак, шижоатли, йил фасллари, ёмғир вақтлари, яйлов ва озуқа тўплаш тадбирини билувчи, бошлиғига бўйсунувчи итоаткор, ажойиб ҳунарли ва ажиб табиатли жонивор эканини билдирди”, деб келтиради. Арасту фикрича, асаларилар тўққиз турдан иборат бўлиб, улардан олтитаси бир-бирига суянади. Озуқалари ширин чиқиндилар, гул ва баргларга сизиб кирувчи намлик бўлиб, уларни йиғиб тўплайди. Бу – асалдир. Шу билан бирга ёғли намликларни ҳам йиғади, улардан уяларини қуради. Ушбу ёғли намликлар мумдан иборат. Асалари уларни хартумчаси билан йиғиб, икки сонида кўтаради ва ундан белига ўтказади.
Қуръон асалари гуллардан озиқланиши ва бу озуқа қорнида асалга айланиши, уни оғзидан тўкиши ва ундан катта миқдорда тўпланиши ҳақида: “Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!” Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур” (Наҳл сураси, 69-оят), деб хабар беради. Аллоҳнинг “турли мевалардан” деган сўзидан мурод уларнинг баъзисидир. Бунга ўхшаш Аллоҳ таолонинг “турли нарсадан берилди” сўзидан баъзиси ирода қилинган. Асал рангининг турлича бўлиши асалариларга ва яйловларга боғлиқ бўлади. Яйловлар турига қараб асал таъми ҳам фарқ қилади.
Асалари тоза жой бўлса, дастлаб у ерда ўзига мумдан катакчалар ясаб олади. Яна подшо яшайдиган ва асал йиғмайдиган эркак асалариларга ин қуради. Эркак асаларилар асал тўплайдиган ишчи асалари урғочиларига нисбатан жуссаси каттароқдир. Агар инларидан учиб чиқмоқчи бўлишса, бирга учиб чиқади ва ҳавога кўтарилиб яна инга қайтишади. Асаларилар мумни ишлаб чиқаргандан кейин уруғ қўяди. Чунки уруғ қўйганда худди қушлар тухум босгандек устига ўтириб олади. Бу уруғлардан оқ личинкалар пайдо бўлиб, бироз вақт ўтмай вояга етиб, ўзлари озуқланади ва уча олади. Асаларилар бир гулга эмас, турли-туман гулларга қўнади. Улар инларидан бирини асал ва гулчангга, яна бирини болалари билан тўлдиради.
Асаларилар одатидан бири шуки, агар бирон нарса зарар етказмоқчи бўлиб, подшо асаларига яқинлашаётганини сезиб қолса, дарҳол уни индан чиқариб ташлайди. Кўпинча уни уядан чиқариб, ташқарида қатл этишади. Мабодо подшо асалари ҳамма асаларилар қаторида ташқарига чиққанда учишга қодир бўлмаса, уни кўтариб оладилар. Подшо асаларида ниш бўлса ҳам, аммо чақмайди. Асаларилар тўпланиб, ишларни ўзаро тақсимлаб оладилар. Бири асал йиғса, яна бири мум қилади, яна бири сув ташийди, яна бири ин қуради. Ясаган инлари ҳам жуда ажойиб. Бу инлар аниқ бир ўлчов асосида қурилгандек таассурот қолдиради ва эгрилиги йўқ олти бурчакли айлана шаклли инлар охирида бирлашиб, худди бир бутун нарсага ўхшаб қолади. Бунга сабаб шуки, учдан ўнгача шаклда ясалса, инлар бир-бирига қолдиқсиз бирлашмай, ораларида тирқишлар ҳосил бўлади. Олти бурчакли қилиб ясалган инлар бундай эмас. Агар олти бурчакли нарса яна ўзига ўхшашига бирлаштирилса, иккиси бир бутун нарсадек бир-бирига ёпишади. Буларни ясашда асалариларда на ўлчагич, на асбоб ва на циркуль бор. Балки бу марҳаматли, ҳамма нарсадан хабардор Зот Аллоҳ таолонинг: “(Эй, Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз” (Наҳл сураси, 68-оят) деб буюрганидек, Аллоҳнинг иши ва асалариларга ато этган илҳоми туфайли амалга ошади.
Асаларилар Рабби амрига тўлиқ ва чиройли итоат этиб, тоғларга, дарахтларга ва одамлар қурган айвонларда қандай қилиб ин қуриши ҳақида ўйлаб кўрган киши ажабланмай иложи йўқ. Бу учтасидан бошқа жойда умуман ин қуришмайди. Кўпроқ тоғларда ин қуриб, дарахтларга, айвон ва шийпонларда ин қуриши жуда кам. Ўт-ўлан ва ўтлоқзорга қараб инларини қандай чиройли тарзда қуриб олишларини бир ўйлаб кўринг. Дастлаб инни қуриб, ундан ҳар томонга тарқалади, турли гуллар ва мевалардан тотиб, инларига йўл олади. Чунки Рабби субҳонаҳу ва таоло уларга олдин инларни қуришни, кейин озиқа топиб, инларидан паноҳ топишни буюриб қўйибди. “Иҳё улуми дин” асарида: “Аллоҳ таоло асаларига тоғларда ин қуриб олишга ва қандай қилиб сўлагидан мум ва асал ишлаб чиқариши, бир қисмини шуъла-зиё ва бир қисмини эса шифо қилиб қўйганига қара”, деб келтирилади.
Яна улар гуллар ва нурларни ичиб, нопокликдан сақланиши, ўз бошлиғига итоат этиши ва асаларилар ўртасида адолат ва инсоф билан ҳукм юритилиши ҳақида ўйлаб кўрсанг, бундан ажабланмай иложинг қолмайди. Бошлиқ асалари нопок нарсага қўниб, ундан ўзига илаштириб қайтган асаларини эшик олдида қатл этади. Буларни бир четга қўйинг-да, мумдан олтибурчак шаклда қуриб олинган инларига аҳамият беринг. Бу инлар тўртбурчак ва на бешбурчак шаклда эмас, нега айнан олтибурчак шаклда қурилганига ҳар қандай зукко ва ақлли муҳандис тан беради. Асалари танлаган шакл ҳар жиҳатдан олиб қараганда шакллар ичида кенглиги ва ортиқча бурчак-жой қолмаслиги билан ажралиб туради. Чунки тўртбурчак шаклда чиқинди бурчаклар бўлиши табиий. Асаларилар ўз шаклига номутаносиблиги боис инларини тўртбурчак шаклда қурмайди. Агар думалоқ шаклда қурилса ҳам, инлари ташқарисида тирқишлар ҳосил бўларди. Агар думалоқ шакллар бирлаштирилса, бир-бирига зич ҳолда ёпишмаслиги аниқ. Олтибурчак шаклда қурилган инлар бирлашганида ҳеч қандай қолдиқ жой бўлмаслиги аниқ. Қандай қилиб Аллоҳ таоло ана шу митти жонзотга таълим бериб, ундан марҳаматини аямагани, унга ғамхўрлиги ва илҳом берганини кўринг. Асаларилар уяси яқинига борган кишини чақади. Баъзан чақилган киши ҳалок бўлади. Агар инлари ичида биронтаси ўлиб қолса, ҳавони бузмаслиги учун дарҳол уни ташқарига чиқариб ташлайди. Тозалик ҳам асалари табиатида мавжуд. Шунинг учун у ўз нажасини уясида олиб турмай ташқарига чиқаришга одатланган. Чунки унинг ҳиди ёқимсиздир.
Асалари кўпроқ баҳор ва куз ойларида асал тўплайди. Баҳорда асал тўплаши яхшироқдир. Ёш асалари каттасига қараганда меҳнаткаш бўлади. Асалари тоза, чучук сувни ичади, қаерда бўлса ҳам уни қидириб топади. Асалдан фақат ўзига керакли миқдорни тановул қилади. Агар инда асал камайиб қолса, тугаб қолишидан қўрқиб, кўпайтириш мақсадида асални суви билан оғзидан чиқаради. Чунки асал тугаб қолса, асаларилар подшо асалари ва эркак асаларилар инига зарар етказади. Балки у ерда бўлганларини қатл этилади. Юнонистонлик бир донишманд: “Инлардаги асаларилар каби бўлинг”, деб насиҳат қилганида шогирдлари ҳайрон бўлиб: “Инлардаги асаларилар қандай бўлади?”, деб сўрашди. Донишманд деди: “Улар инида бекорчини қўймайди, ундан юз ўгириб, ундан ҳайдаб чиқаради. Чунки у жойни торайтириб, асални еб тугатади. Ишчани ялқовини дарҳол билади”.
Асаларининг яна бир хислати шуки, қачонки инидан учиб чиқса, озуқа йиғиб, сўнгра қайтади. Ҳар бир асалари ўз жойига қайтишда асло хатога йўл қўймайди. Мисрлик асаларичилар асалари қутиларини кемаларга жойлаб, гуллар ва дарахтлар қуюқ ўсадиган жойларга сафар қиладилар. Асаларилар инлардан чиқиб, кун бўйи яйловда озуқа йиғиш билан машғул бўлади. Қоронғи тушгач, кемага қайтиб, ҳар бир асалари ўз жойини эгаллайди. Имом Аҳмад, Ҳоким, Термизий ва Насоий келтирган ривоятда амир ал-мўминин Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу шундай деди: “Расулуллоҳ алайҳиссаломга ваҳий келганида асаларилар ғувиллаши каби ғувиллаш эшитиларди. Бир куни у зотга ваҳий тушди. Биз бир соат кутиб ўтирдик. Бир вақт у зот қиблага қараб икки қўлларини кўтариб дуо қилдилар: “Эй Парвардигор, бизни зиёда қил, бизни кам қилма, бизни икром эт. Бизни хор этма, бизга ато эт, бизни маҳрум қилма, бизни афзал эт ва бизни ташвишлантирма, бизни рози қил ва биздан рози бўл”.
Асалариларга гулшира йиғишда қоронғулик, булут, шамол, тутун, сув ва олов кабилар халақит қилади. Шунга ўхшаш мўмин кишининг ишлашига ҳам ғафлат зулмати, шак булути, фитна шамоли, ҳаром тутуни, мўл-кўллик, фаровонлик суви ва ҳаво олови халақит қилади. Бир тафсирда асалнинг осмондан тушиши айтилиб, асаларилар уни териб, инларига келтириб, асал учун тайёрлаган мумга ташлайди, дейилган экан. Бу айрим кишиларнинг асаларининг озуқа чиқиндиси бўлиб, ошқозонида асалга айланади, деб ўйлаганидек эмас. Билгинки, Аллоҳ таоло ўз қудратини намойиш этиш учун асаларида заҳар билан асални жамлади ва буни ўзидан мум билан аралаш ҳолда чиқарди. Мўмин кишининг амали ҳам шундай хавф ва ражо билан аралашган. Асалда уч нарса мавжуд: шифо, ҳаловат ва юмшоқлик. Мўмин киши ҳам шундай. Асаларига ҳалолдан ейиш буюрилган. Ҳатто унинг сўлаги шифо ва даво бўлади. Табибларнинг давоси аччиқ, Аллоҳнинг давоси ширин бўлиб, бу ширин давони асал дейишган.
Асалари ўт-ўланларга қўниб, ундан ўзига ширин ва ёқимли нарсани йиғади, еган нарсасининг турли-туман бўлиши уни ўзгартира олмайди. Ибн Можа ва Ҳоким Ибн Масъуддан келтирган ривоятда Набий алайҳиссалом: “Асал ҳар бир дардга шифодир, Қуръон қалблардаги ҳар бир дардга шифодир. Сизлар ўзларингизга икки шифо – Қуръон ва асални лозим тутинглар”, дедилар. Яна Абу Ҳурайрадан келтирган ривоятда Набий алайҳиссалом: “Ким асалдан ҳар ойда уч марта эрталаб яласа, катта бало унга йўлиқмайди”, дедилар. Наққош деган зотнинг айтишича, Абу Важра асални кўзига малҳам қилиб, сурма қўярди, касал бўлиб қолса, асал билан даволанарди. Яна ривоятга кўра, Авф ибн Малик розияллоҳу анҳу касал бўлиб қолса, сув сўрарди ва Аллоҳ таоло: “Биз осмондан баракотли сув-ёмғир ёғдирдик...” (Қоф сураси, 9-оят) деб айтган дерди ва асал олиб келишни буюриб, мана шу оятни ўқирди. Сўнг зайтун – муборак дарахт деб, зайтун ёғи келтиришни буюриб, олиб келишгач, ҳаммасини аралаштириб ичарди ва шифо топарди. Мужоҳид деди: “Маккадан Мадинага боргунча Умар розияллоҳу анҳуга ҳамроҳ бўлдим. Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилган мана бу ҳадисни бошқа кишидан эшитмадим: “Мўмин киши асаларига ўхшайди, агар унга ҳамроҳ бўлсанг, сенга фойдаси тегади, агар ундан маслаҳат сўрасанг, сенга фойдаси тегади, агар бирга ўтирсанг, сенга фойдаси тегади ва унинг ҳар бир иши фойдалидир. Худди шундай асаларининг ҳам ҳар бир иши фойдалидир”.
Ибн Асир: “Мўмин билан асаларининг бир-бирига ўхшашига асаларининг маҳорати, зийраклиги, озори камлиги, соқчилик қилиши, фойдаси тегиши, қаноати ва эрталабда ҳаракати, ифлос нарсаларга йўламаслиги ва ўзи топган пок нарсани ейиши сабаб бўлган. Чунки у бошқанинг топганидан емайди, шунинг учун озғин. Ибн Умар розияллоҳу анҳу бирон нарсадан шикоят қилмасди, аммо бирон жойи оғриб қолса, уни асал билан даволарди. Ҳатто чипқонга, яра-чақа, йиринг ва моматалоқ – чақилган жойга асални суртиб, асалнинг шифолиги ҳақидаги оятларни ўқирди. Яна кўпларимизга маълум ва машҳур ҳадис: Абу Саъид розияллоҳу анҳу ривоятига кўра, бир киши Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб: “Укам қорнидан шикоят қилаяпти”, деди. У зот: “Асал ичир”, дедилар. Иккинчи марта келганда яна: “Асал ичир”, дедилар. Учинчи марта келганида қорнини юргизишдан бошқа фойда бўлмаганини маълум қилди. Пайғамбаримиз: “Аллоҳ рост айтади, укангнинг қорни ёлғон айтади. Унга асал ичир”, дедилар. Бас, яна ичирганида тузалиб кетди”.
Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо: “Набий алайҳиссалом ҳалво ва асални яхши кўрар эдилар”, деди. Мужоҳид асаларини бекордан-бекор ўлдиришни макруҳ деб фатво беради. Худди одамзотнинг сути ҳалол, гўшти ҳаром бўлганидек, агар асаларининг асали ҳалол бўлса ҳам, ўзини ейиш ҳалол эмас. Агар асаларини тушда кўрилса, мўл-кўллик ва бойлик аломатидир. Агар асалари инини ва ундан асал олинганини туш кўрилса, ҳалол молга эришилади. Агар асалари бошга қўнганини туш кўрилса, ҳокимлик ва мартабага эришади. Агар подшоҳ асаларини тушида кўрса, катта мулкка ноил бўлади. Агар деҳқонлар тушида кўрса, асалари яхшиликка далилдир. Ким асаларини ўлдирганини туш кўрса, у душмандир. Деҳқонлар асаларини ўлдирганини туш кўриши хайрли эмас, чунки асалари унга ризқ ва маошдир. Ким тушида асални кўрса, машаққатсиз ҳалол мол ва касалдан шифо топишдир. Ким одамларга асал едираётганини туш кўрса, уларга чиройли калом ва ёқимли овоз билан Қуръонни ўқиб беришига далолат қилади. Ким тушида асал ялаётганини кўрса, у уйланади. Асал болини тушида кўриш ҳалол мерос ва шерикли молга далолат қилади. Ибн Сирин: “Асал болини ҳалол ризқ деб таъвил қилиб, ким икки қўли орасида қўйилган асал болини туш кўрса, у илмли эканига ва одамлар ундан илм олиш учун олдига келишига далолат қилади”, деди. Агар асал болининг бир ўзи бўлса, у ғанимат молдир. Агар у бир идишда бўлса, у илм ва ҳалол мол эгаси бўлган кишидир. Асал ва асаларининг бундан ҳам бошқа ҳикматлари кўп. Бироқ уларни тўлиғича келтириш имкони йўқ.
“Асалдан шифо топишни истайсизми?”
китоби асосида Бобомурод ЭРАЛИ тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
«Бу каби ихтилофли масалалар фақат бизда, Ўрта Осиёда ёки МДҲ давлатларида эмас, бошқа ерларда ҳам борлигининг далили сифатида Миср Араб Жумҳурияти бош муфтийси шайх Али Жума ҳазратларининг «Замонавий фатволар» номли китобларидан таржима қилинган матнни келтиришга ижозат бергайсиз.
Савол: Дафн давомида ёки ундан кейин қабр олдида Қуръон ўқишнинг ҳукми нима? Маййитга Қуръон талқин қилинишининг ҳукми нима? Баъзи бир кишилар: «Бундай иш бидъат бўлиб, на Қуръон, на ҳадис ва на эргашиш лозим бўлган хабарда келмаган, Қуръон қабрлар олдида тиловат қилиш учун нозил қилинмаган», дейишади. Бу ҳақда шариатнинг ҳукми нима?
Жавоб: Қуръон тиловати шариат буйруғида умумлаштирилган ҳолда айтилган. Умумий буйруқ эса жамики макон, замон, шахс ва ҳолатларни ўз ичига олади. Ушбу умумийликни фақат далил билан чеклаш мумкин, холос. Агар далил келтирмасдан чекланса, бидъат ишни қилган бўлиб, Аллоҳ ва Расули кенг қилиб қўйган ишни торайтириш бўлади.
Шунга биноан, қабр олдида, дафндан олдин ёки кейин Қуръон тиловат қилиш шаръий амал бўлиб, насс(матн)ларнинг умумийлиги ҳам шунга далолат қилмоқда. Бунга яна қўшимча равишда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва салаф солиҳлардан ворид бўлган кўплаб асарлар бордир.
Имом Абу Бакр Ҳаллол Ҳанбалийнинг (ҳижрий 311 йилда вафот этган) «Жомеъ» китобининг «Қабрлар олдидаги қироат» номли жузида, Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдулвоҳид Мавдисий Ҳанбалийнинг китобидаги ушбу масалага оид жузда, имом Қуртубий Моликийнинг (ҳижрий 671 йилда вафот этган) «Охират иши ва ўликлар ҳолати хусусида эслатма» номли китобида, Ҳофиз Суютий Шофеъийнинг (ҳижрий 911 йилда вафот этган) «Ўликлар ва қабр ҳолатини шарҳлашда қалб очқичи» номли китобида, Ҳофиз Абдуллоҳ ибн Сиддиқ Fиморийнинг (ҳижрий 1413 йилда вафот этган) «Қуръон савоби етишида баённинг очиқ-ойдин бўлиши» китобида ва бундан бошқа бир қанча китобларда бу масала хусусида сўз айтилган.
Бу хусусда очиқ-ойдин келган саҳиҳ ҳадислар ҳам кўп. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.
Абдурраҳмон ибн Ало ибн Лажлаждан, у отасидан ривоят қилинади:
«Отам менга: «Эй ўғилчам! Агар вафот этсам, мени лаҳадга қўйгин. Лаҳадимга қўйиб бўлгач: «Бисмиллаҳи ва ъала миллати Расулиллаҳ», деб устимга тупроқ тортгин. Кейин бош томонимда Бақара сурасининг аввали ва охирини ўқигин, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деяётганларини эшитганман», деди».
Табароний ривоят қилган.
Худди мана шу ҳадисни Ибн Умар мавқуф ҳолатда ривоят қилган. Шунингдек, Ҳаллол ҳам «Қабрлардаги қироат» жузида, Байҳақий «Сунанул Кубро»да ва бу икковларидан бошқалар ҳам ривоят қилишган. Имом Нававий ва Ибн Ҳажар бу ҳадисни ҳасан дейишган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардаи бирор киши вафот этса, уни ушлаб турманглар. Қабрига тез олиб боринглар. Бош томонида «Китобнинг очувчиси» (Фотиҳа) ўқилсин. Қабрнинг оёқ томонида Бақара сурасининг охири ўқилсин», дедилар».
Табароний ва Байҳақий ривоят қилишган.
Имом Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да «Китобнинг очувчиси» деган жумланинг ўрнига «Бақаранинг бошланиши» деб айтилган ривоятни келтирганлар. Бу масалада бошқа ҳадислар ҳам бор, лекин бироз кучсиздир.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким қабрлар олдидан ўтаётиб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиса, сўнгра унинг савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича савоб берилади».
Ушбу ривоятни Ҳаллол «Қабрлардаги қироат» номли китобида, Самарқандий «Қул ҳуваллоҳу аҳаднинг фазилати» китобида ривоят қилишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кирса, сўнгра Фотиҳа, «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Ал ҳаакумут такаасуру» сураларини ўқиса, кейин: «Аллоҳим! Ушбу каломингдан ўқиган нарсаларнинг савобини қабристондаги мўмин ва мўминаларга атадим», деса, Аллоҳга у хусусида шафоатчи бўлишади», дедилар».
Абул Қосим Занжоний «Фавоид» номли китобида ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
«Ким қабристонга кириб, Ёсин сурасини ўқиса, у ердагиларнинг азоби енгиллатилади ва унга у ердагилар ададича ҳасанот ёзилади».
Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдулвоҳид Мақдисий Ҳанбалийнинг бу масаладаги қисмда таълиф этган нарсалари қуйидагичадир: «Ушбу мавзудаги ҳадислар заиф бўлса ҳам, уларнинг мажмуаси асли борлигини билдиради. Барча ўлка ва асрдаги мусулмонлар ҳеч қандай инкорсиз ижмоъ қилган ҳолларида ўликларига Қуръон ўқийдилар».
2. Суннатда Ёсин сурасини ўликларга қироат қилиш хусусида қуйидагилар айтилган.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсин сурасиии ўқинглар», дедилар».
Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган.
Қуртубий бу ҳадисни шарҳлаб: «Ушбу қироат маййит ўлган вақтда ёки қабри ҳузурида бўлиши мумкин», деган.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий «Фатво» номли китобида: «Ёсин қироати юқоридаги икки ўринда ҳам мандуб», деган.
3. Шунингдек, шариат ҳам жанозада Фотиҳа сурасини ўқишни айтган. Чунки бунда маййитга хос манфаат бор бўлиб, раҳмат ва мағфират ҳам мужассамдир. Аммо ундан бошқа сураларда ундай эмас.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уммул Қуръон» сураси бошқа сураларнинг ўрнини босувчидир. Лекин бошқа суралар унииг ўрнини боса олмайди», дедилар».
Дорақутний ривоят қилган. Имом Ҳоким саҳиҳ деган.
Шунинг учун имом Бухорий ҳам «Саҳиҳ» китобларида «Фотиҳани ўликка ўқиш боби» деб алоҳида боб очганлар. Демак, у жаноза намози ёки унинг ташқарисида бўлишдан умумийроқдир.
Жаноза намозида Фотиҳа сурасини ўқишга далолат қилувчи бошқа ҳадислар ҳам бор. Бундан ташқари, Фотиҳа сурасини дафн пайтида ёки ундан кейин ўқишга далолат қилувчи ҳадислар ҳам мавжуд.
Умму Афиф Надийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аёллар байъат қилганида, биз ҳам байъат қилдик. Ўша байъатда фақат маҳрам эркаклар билан гаплашишга ва ўликларимизга Фотиҳа сурасини ўқишга буюрдилар».
Табароний ривоят қилган.
Умму Шарик розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликка Фотиҳа сурасини ўқишимизни буюрдилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
4. Уламолар қабр олдида Қуръон қироат қилишга Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни ҳам далил қилиб келтиришади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтаётиб: «Мана шу иккови азобланмоқда. Катта нарса учун азобланаётгани йўқ. Улардан бири пешобидан тўсинмас эди, бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Сўнгра бир ҳил хурмо новдасини опкелтирдилар-да, иккига бўлиб, бунисига бирини, унисига бирини суқиб қўйдилар. Сўнгра: «Шояд, булар қуригунча икковидан (азоб) енгиллатиб турилса», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Хаттобий: «Бу қабрлар олдида Қуръон тиловат қилиш маҳбуб эканига далилдир. Чунки дарахт(шоҳи) нинг тасбеҳидан маййит наф олганидан кейин, Қуръон тиловатидан ундан ҳам кўп фойда ва барака умид қилинади», дейди.
Имом Қуртубий айтади: «Баъзи уламолар қабр олдида Қуръон қироат қилинишига икки новда ҳадисини далил қилишади ва қабрларга дарахт экиш ҳамда Қуръон тиловатининг фойдали эканини таъкидлашади. Дарахтлар азобни енгиллатганидан кейин, қандай қилиб мўмин кишининг Қуръон тиловат қилиши фойда бермасин! Шунинг учун уламолар «Қабр зиёрати мустаҳаб, тиловат зиёратчидан маййитга туҳфадир», дейишган».
Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»нинг шарҳида: «Уламолар қабр олдида Қуръон тиловат қилишни мана шу ҳадисга асосан мустаҳаб дейишган. Шоҳнинг тасбеҳи билан азоб енгил бўлгач, Қуръон тиловати билан азобнинг енгиллашиши янада аълороқдир», деган.
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта қабр устида жаноза намози ўқиганлар. Ушбу ҳабар икки «Саҳиҳ» ва бошқа китобларда келган. Намоз эса Қуръон тиловати, салавот, зикр ва дуоларни ўз ичига олади. Демак, буларнинг барчаси жоиз бўлган ўринда баъзиси жоиз бўлиши табиийдир.
Шунингдек, уламолар қуйидагиларни айтадилар:
«Маййитга қироат савобининг етиб боришини ҳажнинг савоби маййитга етиб боришига қиёс қилиб олганлар. Чунки ҳаж хам намоз амалини ўз ичига олади. Ўз-ўзидан, намозда Фотиҳа ва бошқа суралар бор. Демак, буларнинг барчаси етиб борганидан кейин, баъзиси, яъни тиловат етиб бориши табиийдир. Баъзилар тортишса ҳам, мана шу охирги маъно ҳақдир. Лекин аксар уламолар: «Қироат қилувчи киши маййитга қироатининг савоби ададича савоб берилишини сўраса, Аллоҳ Ўз изни билан ўшанча савоб беради. Чунки агар Карим сифатли Зотдан сўралса, У албатта беради. Ва дуо қилинса, ижобат этади», дейилади.
6. Мана шу ҳеч қандай инкорсиз, авлоддан авлодга, салафдан халафга ўтиб келаётган амал бўлиб, эргашилаётган мазҳабларда эътимодли нарсадир. Ҳаттоки Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдул Воҳид Мақдисий Ҳанбалий ҳамда Шайх Усмонийлар ҳам китобларида қуйидагича нақл қилишган: «Албатта, истиғфор, дуо, садақа, ҳаж ва қул озод қилишда маййитга манфаат бўлиб, савоби унга етиб туради. Қабр олдида Қуръон тиловат қилиш эса мустаҳаб амалдир».
Ўтган солиҳларнинг ушбу мавзудаги асарлари:
Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» номли китобида имом Шаъбийдан қилган ривоятда: «Ансорийлар маййит ҳузурида Бақара сурасини ўқишар эди», деб айтилган.
Имом Халлол «Қабрлардаги қироат» номли китобларида: «Агар бирор киши ўлса, ансорийлар унинг қабрига навбат билан қатнаб, у ерда Қуръон ўқишар эди», деб айтганлар.
Халлол Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилиб: «Қабрлар олдида Қуръон қироат қилишнинг зарари йўқ», деб айтганлар.
Ҳасан ибн Саббоҳ Заъфаронийдан ривоят қилиб: «Шофеъийдан қабрлар олдида қироат қилиш хусусида сўрадим. Шунда у зот «Зарари йўқ» дедилар», деб айтади.
Али ибн Мусо Ҳаддоддан ривоят қилинади:
«Мен Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Қудома Жавҳарий билан жанозада эдим. Маййит дафн этилгач, кўзи ожиз бир киши қабр олдида ўтириб, тиловат қила бошлади. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбал: «Эй фалончи! Қабр олдидаги қироат бидъатдир», деди.
Қабристондан чиққач, Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга:
«Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир Ҳалабий хусусида фикрингиз қандай?» деди. Имом Аҳмад:
«У ишончли, - дедилар. Сўнг: - Сиз у кишидан бирор нарса ёзиб олганмисиз?» деган эдилар, Муҳаммад ибн Қудома қуйидагича жавоб берди:
«Мубашшир Абдурраҳмон ибн Алодан, у эса отасидан ривоят қилади. Отаси васият қилиб: «Агар дафн қилсангиз, маййитнинг бошида Бақара сурасининг боши ва охирини ўқинглар. Чунки мен Ибн Умарнинг шундай васият қилганларини эшитганман», деган экан».
Шунда имом Аҳмад:
«Бориб, халиги одамга айтинг, тиловат қилаверсин», дедилар».
Кейинги мавзу:
Эргашилатётган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари