Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Аллоҳ таолонинг фазли билан Ислом неъматига эришди. У зот бутун вужуди билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрар, қалби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муҳаббатига лиммо-лим тўла эди. Бу муҳаббат Ибн Умар розияллоҳу анҳуни барча ишларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшашга чорларди. Шунинг учун, у доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кузатиб, сўзларини ихлосу муҳаббат билан тингларди. Ҳатто масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай руку ва сажда қилиб намоз ўқисалар, у ҳам худди шундай ибодат қиларди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилган. Унинг ҳадис ривоят қилишда асосий мезони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандай эшитган бўлса шундай етказиш эди. У зот алайҳиссаломнинг сўзларига бирор сўзни қўшмасди. Шунингдек, бирор калимани камайтирмас эди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу вақт ўтиши билан ҳадис ривоят қилишда саҳобийларнинг омонатдорларидан бирига айландилар.
Зубайр раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима эшитса, уни ёдлаб оларди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор суҳбатларида қатнаша олмаса, гувоҳ бўлганлардан сўрар эди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам борган масжидларни зиёрат қилиб, у ерда икки ракат намоз ўқирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж мавсумида Арофат тоғида турган жойга Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам, албатта, тўхтарди”.
Набий алайҳиссалом сафарга чиққан пайтда, ҳордиқ чиқарган жойларда Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам тўхтаб ўтарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сояланган дарахтнинг остида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу тўхтар ва ўша дарахтга сув қуйиб парвариш қилиб кетарди. Натижада дарахт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдидан ўтган пайтдагидек узоқ вақт яшнаб турарди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дуо қилишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тақлид қиларди. Агар у зот (алайҳиссалом) туриб дуо қилсалар, тик турар, ўтириб илтижо қилсалар ўтириб дуо қиларди.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан эргашар эди. Бундан Ойша розияллоҳу анҳо қаттиқ таъсирланиб бундай деган экан: “Бирор киши Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дек Набий (алайҳиссалом)нинг ортларидан эргашган эмас”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёд этиб, сўз бошласа кўзлари ёшга тўларди. Аҳли байтнинг уйларини олдидан ўтса, кўзларини юмиб оларди. Дарҳақиқат у зот розияллоҳу анҳу бутун умри давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиб яшади. У зот алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида садоқат билан хизмат қилди. Бир мўмин бундай дуо қиларди: “Ё Аллоҳим! Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга эргашишим учун, унинг умрини узун қилгин. Зеро, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудек амалларни мукаммал бажарадиган бошқа одамни билмайман”.
Манбалар асосида
Зомин тумани “Хўжа Рўшноий”
жоме масжиди имом-хатиби
Абдулғофур МАМАТҚУЛОВ
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Уч тоифадан бўлишга интилинг
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қиёмат куни жаҳаннамни кўрмайдиган, Аллоҳ таоло жаҳаннам азобидан қутқарадиган кўзлар ҳақида шундай деганлар: «Уч тоифа инсон борки, уларнинг кўзи жаҳаннамни кўрмайди: Аллоҳ йўлида соқчилик қилган кўз; Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўз; Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилган кўз».
Рекламаларни томоша қилиш ва уларнинг таъсири
Бир қиз айтади:
«Бир куни овқатланиб ўтирсак, телевизорда «Дўмбоқ жўжа» деган таомнинг рекламаси бўлиб қолди. Ҳозиргина онам берган овқатни емай, хархаша қилаётган кичкинтой укам рекламани кўриб, «Ойи, қорним очди...» деб қолди. Ана шунда рекламалар бизни қанчалар ўйинчоқ қилиб, ўзига тобе қилиб олаётганини тушуниб қолдим. Овқат егиси келмаётган бола биргина рекламани кўриб, бир зумда қовурилган жўжа ейман деб жанжал қила бошлади-я! Бу каби рекламаларнинг салбий таъсирларидан бири – инсонни ўз ҳаётидан нолиб, ундан норози бўлиб яшайдиган қилиб қўяр экан. Натижада инсон қаноатнинг ҳаловатини йўқотиб, Аллоҳ берган неъматларни кўра олмайдиган бўлиб қолар экан».
Энди шу саволга жавоб беринг:
«Сиз ҳам рекламанинг ҳис-туйғуларингизга, ўй-хаёлларингизга, хотиржамлигингизга, бутун ҳаётингизга қандай таъсир қилишини сезганмисиз?»
Қизларнинг реклама борасидаги тажрибалари
Жуда кўп қизлардан «Реклама бўйича бирор тажрибангиз борми?» деб сўраб, ажойиб жавоблар эшитганмиз. Келинг, улардан баъзиларини ўқиб кўринг.
Бир қиз айтади: «Қизларга хос нарсаларнинг рекламаси мени жинни қилишига сал қолди. Олдинига кийим-кечак (айниқса ички кийим), кейин сочни, терини парваришлайдиган воситалар, сўнгра парфюмерия маҳсулотлари, атир-упалар... Минг афсуслар бўлсинки, мен шундай рекламаларнинг асирасига айланиб қолибман. Ўсмирлик пайтимда яна ҳам чиройли бўлиш учун рекламани битта ҳам қолдирмай кўрардим. Кўрганимга, эшитганимга ишонаверардим. Ким нима тавсия қилса, ўшани сотиб олиб, синаб кўрардим. Лекин натижа қандай бўлса ҳам, ҳеч биридан кўнглим тўлмас эди, шунинг учун реклама қилинган бошқа нарсаларни сотиб олиб, синаб кўришга ҳаракат қилардим. Шундай қилиб, йиллар давомида ундан бунга сакраб юравердим. Мақсадим – рекламадагидек чиройли бўлиш, гўзал қизга айланиш эди. Йиллар давомида танани ёшартирувчи, сочни бақувват, жозибали қилувчи, юзни оқартириб, теримни текис, майин қилувчи кремларни синаб кўравериб, ўзимни ўзим тажриба қуёнчаси қилиб қўйибман. Лекин афсуски, рекламада кўрсатилган қизлардек гўзалликка эриша олмадим.
Бир куни эрталаб уйғониб, ойнага қарадим-да, ўзимга ўзим «Қачондир мен ҳам чиройли бўлармикинман?» деб савол бердим. Сўнг «Ҳеч қачон…» деб, йиғлаб юбордим. Шу кундан бошлаб чиройли, бетакрор бўлишдан умидимни уздим. Тушкунликка, умидсизликка тушиб қолган бўлсам ҳам, гўзалликка бу каби нарсалар билан эришиб бўлмаслигини тушуниб етдим. Шундагина ўша рекламаларни кўрмасликка қарор қилдим, ҳатто ойнага ҳам қарамай қўйдим.
Орадан бир неча ой ўтди: қизларга хос рекламаларни кўрмадим, ойнага ҳам қарамай қўйдим. Бир куни бир дугонам «Юзинг роса тиниқлашиб, чиройли бўлиб кетибди-я. Қанақа крем ишлатяпсан?» деб сўраб қолди.
Мен бўлса жаҳл билан «Мени масхара қиляпсанми?» дедим.
«Вой ўлай, нега масхара қиламан?! Ростдан айтяпман, сен роса чиройли бўлиб кетибсан! Ойнага қарагин!» деди у.
Бир неча ойдан бери биринчи марта ойнага қарадим. Дугонам тўғри айтган экан, юзим тиниқлашиб, чиройли бўлиб қолибди.
Дугонам: «Тўғри айтибманми? Энди менга қанақа крем суртганингни айт!» деди.
Мен шундай дедим: «Бир неча ойдан бери умуман ҳеч қанақанги косметиканинг рекламасини кўрмаяпман. Кремларни ҳам, бошқа нарсаларни ҳам, ҳаммасини йиғиштирдим. Умуман, чиройли бўлишдан умидимни узиб, ойнага ҳам қарамай қўйдим. Ҳозир эса шундай хулосага келдим: реклама кўришни тўхтатганимда бери хотиржам бўлиб, юзимдан нур ёғила бошлабди. Демак, ҳақиқий гўзалликни рекламадан қидирмаслик керак экан!».
Яна бир қиз айтади:
«Реклама деса, мазам қочади, чунки шуни деб бошимга жуда ёмон кунлар тушган. Бу нарса ўн уч ёшимдан бошлаб бугунги кунгача давом этяпти. Ҳаммаси юзга суртиладиган крем билан тиш пастасининг рекламасидан бошланган. Рекламадаги қизларнинг ҳаммаси юзи оппоқ қизлар эди, битта ҳам буғдой ранглиси йўқ. Шунинг учун юзимга қараб, ўзимни ўзим ёмон кўриб кетганман. Бир неча ой ойнага қарамадим. Ҳар сафар рекламани, уларда роль ўйнаган қизларни кўрганимда ўзимни баттар ёмон кўриб кетардим. Бир куни айнан менга керак бўлган, юзни оқартирадиган кремни реклама қилиб қолишди. Эртаси куниёқ ўша кремни сотиб олиб, юзимга сурдим. Ҳар куни ўн марталаб ойнага қараб, юзимга тикиламан. Ҳар соатда ойнага қарайвериб, чарчаб ҳам кетдим. Кремим тугаши билан янгисини олардим. Бир неча ойдан кейин даҳшатли фожиа юз берди. Кремни ҳаддан ташқари кўп ишлатиб юборганимдан, юзимнинг териси қорайиб, тошмалар тошиб кетди. Тери шифокорига борсам, «Юзингни нима қилдинг? Териси бутунлай заҳарланиб кетибди-ку! Ишқилиб, саратон орттириб олмаган бўлсанг бўлди», деб роса уришди.
Унинг сўзлари ҳар қанча аччиқ бўлса ҳам, мени ғафлат уйқусидан уйғотди. Қилган ахмоқлигим учун роса йиғладим. Мен ақлимни ахлат қутиси қилиб олган эканман, рекламачилар эса унга хоҳлаган нарсасини ташлаб юраверган экан. Ақлимни рекламага сотибман, лекин эвазига ҳеч нарсага эга бўлмабман. Фақатгина пулимни, тинчимни ва соғлом теримни йўқотганим қолибди. Узоқ муолажалардан кейин юзим бироз ўзига келди. Лекин реклама ваъда қилганидек, юзим оқармади. Қанчалик алданганимни тушунишим учун уч йил керак бўлди. Шу уч йилда ўқишни ҳам ташлаб қўйдим, ҳаётдан розилик деган нарсани унутдим. Бир неча бор ўз жонимга қасд қилишни ҳам ўйладим, лекин Аллоҳ сақлади».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.