Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсон ҳаёти тафсилотлардан иборат. Баъзан оддий кўринган амаллар орқасида юксак ҳикматлар яширинган бўлади. Ана шундай амаллардан бири – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сут ичгандан сўнг оғизларини сув билан чайганларидир. Бу ҳолат бизга фақат бир суннат эмас, балки поклик, ҳушёрлик ва тафаккур дарси ҳамдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сут ичдилар, сўнг оғизларини сув билан чайқадилар ва дедилар: “Албатта, унинг ёғи бор” (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Айниқса, кечаси ухлашдан олдин сут ичиб оғизни чаймаслик кариес (чириш) ва гингивит (яллиғланиш) каби касалликларни тезлаштиради. Шунинг учун ҳам тиббиётда оғизни чайиш оғиздаги бактериал мувозанатни сақлаш, тишлар орасини тозалаш, яхши нафас олиш ва касалликнинг олдини олиш учун жуда ҳам муҳимдир.
Кечки пайт, айниқса уйқу олдидан ичилган сутдан сўнг оғизни чаймаслик тишларнинг тунда эриб боришига сабаб бўлади. Бундан ташқари, кофе, мева шарбати, газли ичимликлар кислотали муҳитга сабаб бўлса, сут эса аксинча – ишқорий муҳит ҳосил қилади. Аммо уни чаймаслик бактериялар учун “шерик” топиш билан баробардир. Шу боисдан тажрибали стоматологлар сут ичгандан кейин камида 20–30 сония давомида сув билан оғиз чайишни тавсия қиладилар.
Аслида, бу амал фақат гигиена эмас, балки онгли ва шуурли яшаш маданиятини ҳам ўргатади. Инсон ҳар бир амалда эътиборли бўлиши керак. Яъни инсон доимо ўзига: “Қандай овқат еяпман? Еяётган таомим зарарли эмасми? Оғзимда нима қолмоқда?” каби саволларни бериб туриши керак.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек, поклик – иймоннинг бир қисмидир. Зеро, оғиз фақат овқат йўли эмас – у зикр, ибодат ва тиловат йўли ҳамдир. Унинг тозалиги – зикр ва ибодатдан ҳосил бўладиган қалб тозалигига ҳам таъсир қилади.
Сут ичиб оғиз чайиш – бу шунчаки сувни оғизда айлантириш эмас. Бу – бадан поклиги, илмга асосланган соғлиқ ҳимояси ва суннатга эътибор демакдир. Бугун биз уни ҳар тонг, ҳар кеч, ҳар стакан ичимликдан сўнг амалга оширсак, бу нафақат соғлиғимизни сақлайди, балки руҳий саломатлигимизга ҳам фойда беради.
Аллоҳ бизга суннатни севишни ва амал қилишни, унинг орқасидаги ҳикматни англаб яшашни насиб этсин!
Руқайя ЮСУФИЙ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси.