Шакарнинг ҳеч қандай озуқавий қиймати йўқ ва у тишларимиз учун зарарли ҳисобланади. Буни кўпчилигимиз билсак – да, яна таъкидлаб ўтишни мақул кўрдик. Шакар калорияга бой бўлгани билан унинг организм учун ҳеч қандай озуқавий қиймати йўқ. Бундай калорияларга “бўш калория” дейилади. Шакарда на оқсил, на минераллар ва на витаминлар мавжуд. Агар биз энергиямизни 10 – 20 % ини шакардан оладиган бўлсак, бу озуқавий танқисликка олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари шакар тишимиздаги зарарли бактериялар учун осон ҳазм бўладиган энергия манбаи ҳисобланади. Шундан бўлса керак, болалигимиздан шакар ва ширинликларни камроқ истеъмол қилишни таъкидлаб келишади.
Шакарда фруктоза миқдори кўп ва у жигарга зарарлидир. Шакарнинг зарарларини яхшироқ билиш учун унинг таркибини билиш зарур. У овқат ҳазм қилиш тизимидан ўтиб қонимизга сўрилишидан олдин фруктоза ва глюкозага парчаланади.
Глюкоза – барча тирик мавжудотларда бор бўлиб агар организмимиз уни керакли миқдорда озуқалардан олмаса, ўзи ишлаб чиқариш қобилиятига эга.
Фруктоза – глюкозадан фарқли ўлароқ организмимиз фруктозани ишлаб чиқармайди. Бунга сабаб бизда унга физиологик эҳтиёж йўқлигидадир.
Глюкозанинг ўзига хос жиҳати, у жигар орқали парчаланиб, ишлов берилади. Агар оз миқдорда фруктоза қабул қилсак, буни ҳеч қандай зарари йўқ, у глюкогенларга айлантирилиб жигаримизда сақланиб турилади. Аммо глюкогенлар миқдори кўпайиб кетган вақтда жигаримиз уни ёғга айлантиради ва бу ёғ жигаримиз атрофида йиғилади. Бу эса ўз навбатида жигар касалликларига олиб келади.
Шу нарсани таъкидлаб ўтиш керакки, бу жиҳатлар мева орқали олинадиган фруктозага тегишли эмас. Мева орқали меъёридан ортиқ фруктоза истеъмол қилиш жисмонан имконсиз.
Яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ҳар бар одамнинг организми шакарга чидамлилик даражаси бўйича турлича бўлади. Соғлом ва фаол инсонлар унча фаол бўлмаган инсонларга нисбатан шакарга чидамлироқдирлар.
Шакар ҳужайраларнинг инсулинга нисбатан бўлган чидамлилигини оширади ва қандли диабедга йўл очади
Инсулин соғлиғимиз учун жуда муҳим гормон ҳисобланади. У глюкозанинг қонимиздан ҳужайраларга киришини таъминлайди ва ҳужайраларга ёғнинг ўрнига глюкозани ёқиш кераклигини билдириб туради. Қонда юқори миқдорда глюкоза бўлиши жуда зарарли бўлиб, қандли диабед билан касалланганларда кўриш қобилиятининг пасайиши ва бошқа қийинчиликларга сабаб бўлади.
Шакарнинг зарарли тарафи шундаки, ҳужайралар инсулин гормони буйруқларини бажармай қўяади ва инсулинга беписанд бўла бошлайди. Бу ўз навбатида кўплаб қон ва юрак касалликларига йўл очиб беради.
Ҳужайраларимиз инсулинга чидамли бўлгандан кейин бета ҳужайралар кўпроқ инсулин ишлаб чиқара бошлайдилар, чунки қонда шакар миқдорининг кўпайиб кетиши жуда зарарлидир.
Лекин ҳужайралар инсулинга қаршилик қилиши кучайиб борган сари бета ҳужайралар шакар миқдорини камайтириш учун керакли миқдорда инсулин ишлаб чиқара олмай қоладилар. Натижада қонда шакар миқдори кўтарилиб кетиб қандли диабетга олиб келади.
Шакар алкогол ва наркотик моддалари сингари ўзига боғлиқлик уйғотади.
Спиртли ичимликлар ва наркотик моддалар истеъмоли мияда допамин моддасини ишлаб чиқариши сабабли уларни истеъмол қилганлар боғланиб қолишади.
Шу йилнинг бошида олимлар шакар истеъмоли ҳам юқори миқдорда допамин моддаси ишлаб чиқарилишига олиб келади ва одамларда шакарга нисбатан боғлиқлик пайдо бўлишига сабаб бўлади деган илмий фикрни билдиришди.
Интернет манбалари асосида,
Шароф Рашидов тумани «Яккатут»
масжиди имом-хатиби
Адҳам ЗУЛФИЕВ
тайёрлади.
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати