Пайғамбар алайҳиссалом биринчи бўлиб, дўстлари Абу Бакр розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло Маккадан кетишга амр қилинганини айтди ва иккалари йўл тадорикини кўра бошлашди. Абу Бакр сафарга тайёрлаб қўйган икки туянинг устига юкларини ортди, битта мешга озиқ-овқат, биттасига сув солди. Дайил ибн Бакр уруғидан Абдуллоҳ ибн Урайқитни йўл бошловчиликка ёллашди. У уста йўл бошловчи бўлгани учун мушриклигига қарамай, уч кундан кейин Савр ғорида учрашишга келишиб, икки туяни юклари билан ишониб топширишди. Шу куни кечаси Макка мушриклари ҳам манфур режани ўйлаб қўйган эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшиги олдида тўпланди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ғанимларида шубҳа туғдирмаслик учун ўринларига амакиларининг ўғли Алини ётқизиб қўйдилар. Мушриклар ташқарида у зотни кўздан қочириб қўймаслик учун эшик тирқишидан мўралаб туришар эди. Расулуллоҳ тўнларини Алининг устига ёптилар-да, Ёсин сурасининг 9-оятини ўқиб, ташқарига чиқдилар (Баъзи ривоятларда бир ҳовуч тупроққа дам солиб, мушриклар томонга сочган эди, дейилади). Шунда душманлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўрмай қолишди. Ҳолбуки, у зот уларнинг шундоқ олдидан эшикни очиб чиқиб кетган эдилар. Яратганнинг тадбири билан душманларнинг олдида бир тўсиқ, орқасида бир тўсиқ пайдо бўлиб, кўзлари ҳеч нарсани пайқамай қолишди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйдан чиққанларини ҳеч ким кўрмади. У киши келишилган жойда Абу Бакр билан учрашдилар. Икковлон Савр ғорига кириб яширинишди. Мушриклар суиқасдлари барбод бўлганидан, туни билан Расулуллоҳни эмас, Али ибн Абу Толибни пойлаб чиқишганидан ҳайратга тушишди. Шу заҳоти пайғамбар алайҳиссаломни излаб йўлга отланишди, у кишини тутиб берган ёки қайердалигини айтган одамга мукофот ваъда қилишди. Агар улар Савр ғорига бориб қарашса, Расулуллоҳ билан Абу Бакрни бемалол топиб олишлари мумкин эди. Ночор аҳволда қолганларидан қаттиқ ўкинган Абу Бакр йиғлаб юборди. Пайғамбар алайҳиссалом унга тасалли бериб: "Қайғурма, Оллоҳ биз билан бирга", дедилар. Чиндан ҳам Парвардигор мушрикларнинг кўзини кўр қилиб қўйди. Ғорга қараш биронтасининг эсига ҳам келмади, ҳатто Расулуллоҳнинг ашаддий душманлари Умайя ибн Халаф уларнинг бу ерга яшириниши мумкинлигини тасаввурига ҳам сиғдиролмасди. Мушриклар чор-атрофни тит-пит қилиб, изғиб юришди. Қочоқлар уч кун ғордан чиқмай яшириниб ётишди.
Абу Бакрнинг ўғли зийрак, уддабурон йигит эди, у кундузлари мушрикларга аралашиб, Расулуллоҳ билан отаси ҳақида эшитган-билганларини уларга гапириб берар, қош қорайганда изига қайтиб, ғорда тунарди. Бомдоддан кейин яна Маккага етиб келарди. Унинг изини йўқотиш учун Омир ибн Фуҳайра боқаётган қўйларини унинг орқасидан ҳайдарди. Таъқиб тугаган куни эрталаб йўл бошловчи Абдуллоҳ ибн Урайқит етиб келди. Улар Қизил Денгизни ёқалаб йўлга тушишди. Кутилмаганда орқадан Суроқа ибн Молик келиб қолди. У мушрикларнинг Расулуллоҳни ўлдирган ёки тутиб берган одамга мукофот ваъда қилганидан хабардор эди. Мудлиж қабиласидан беш-ўн киши гаплашиб ўтирганида биров келиб: "Денгиз бўйида уч-тўрт кишининг қорасини кўрдим, Муҳаммад билан бирга қочган шериклари эмасмикин?" деди. Мукофотни бир ўзи олишни кўзлаган очкўз Суроқа: "Фалончи-писмадончилар йўқолган молларини излаб юрган эди, шуларни кўргандирсан", дея гапни чалғитди ва бир оздан кейин секингина даврадан сирғалиб чиқди-да, отга миниб, қочоқларнинг изидан тушди. Уларга яқинлашганда оти мункиб йиқилди. Ўрнидан туриб яна отига минди, овоз бемалол эшитилгудек жойгача яқинлашиб келди. Расулуллоҳ парво қилмай хотиржам кетавердилар. Абу Бакр эса тез-тез орқасига бурилиб қарарди. Тўсатдан Суроқанинг оти тиззасигача қумга ботиб қолди. У отини қамчилаб жойидан жилдиришга уринди. Жони азобда қолган жониворнинг оёқлари қумдан чиқар-чиқмас, чанг-тўзон кўтарилиб, кўзлари ҳеч нарсани кўрмай қолди. Шум нияти ғалати йўсинда барбод бўлганидан қаттиқ ваҳимага тушган Суроқа ёрдам сўраб Пайғамбар алайҳиссаломни чақирди.
Расулуллоҳ ҳамроҳлари билан Суроқа етйб келгунча кутиб турдилар. У мушрикларнинг ёвуз ниятларини, Расулуллоҳни тутиш учун ҳамма чораларни ишга солаётганини, катта пул сарфлаётганини айтиб берди ва ёнидаги бор озиқ-овқат билан йўлга керакли нарсаларни уларга таклиф этди. "Бизга нарсаларинг керак эмас, фақат қувлаб келаётганларга кўрмадим десанг бас", дейишди улар. Суроқа омонлик хати сўраган эди, Расулуллоҳ Абу Бакрга ёзиб беришни буюрдилар.
Аллоҳ таоло ўз пайғамбарини бало-қазолардан асради. Мадиналиклар расулуллоҳ келаётганларидан хабар топиб, ҳар куни Ҳаррага – қора тошли сой бўйига чиқишарди ва қуёш тикка келгандагина қайтиб кетишарди. Шундай кунларнинг бирида бир яҳудий пайғамбар алайҳиссаломнинг олисдан элас-элас кўринаётганларининг хабар бериб: "Ҳой, араб жамоаси, сизлар кутаётган пайғамбаринглар келяпти!" дея қичқирди. Ансорлар апил-тапил сой бўйига югуриб, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг йўлларига пешвоз чиқдидар.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
“Пул емас ота” жоме масжиди имом ноиби
Ёмонликдан қайтариш
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Раслуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаклу шамойилларини, суратларию сийратларини таърифлаб: «Биринчи бор кўрган киши у зотдан ҳайбатланар эди. У зот билан аралашиб, таниган киши эса яхши кўриб қоларди. У зотни сифатлаган киши: “Ундан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдек бирор кишини кўрмадим”, дейди, деган» (Имом Термизий, “Шамоили Муҳаммадия”).
Ҳақиқатан, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламда салобат ҳам, виқор, марҳамату шафқат ҳам – хуллас, ҳамма гўзал сифатлар, фазилатлар жамланган эди. У зотни илк марта кўрган ҳар қандай киши сергак тортар, виқорларидан, салобатларидан ҳайбатланар эди. Лекин Набий алайҳиссалом билан гаплашган, суҳбатда бўлган одам у зотнинг ҳалимликлари, гўзал сўзлари, мукаммал одоб ва ахлоқларига маҳлиё бўлиб қоларди...
Бугун ўзини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг умматиман деб ҳисоблаб, у зотнинг суннатларига мос тарзда дўппи кийган, соқол қўйган айрим кишиларнинг, айниқса, ёшларнинг олдига бориб, улар билан танишсангиз, дастлаб хурсанд бўласиз. Бироқ бироз ўтиб уларнинг хатти-ҳаракталаридан ёқа ушлайсиз.
“Албатта, жасадинг (тананг)нинг ҳам сенда ҳаққи бор” (Имом Бухорий ривояти) ҳадисига мувофиқ ҳар чоршанба спорт билан шуғулланамиз. Майдонга борсак, бизлар билан бир вақтда ёнимиздаги майдонга ҳам йигитлар йиғилишди. Соқол қўйган, айримларининг бошида дўппи ҳам бор. Салом беришди, алик олдик.
Чамаси ярим соатлар ўтиб, улардан бири сўкина кетди. Йигитларга қилган ҳавасимиз нафратга айланди. Оғзидан боди кириб-шоди чиқавергач, охири уларга танбеҳ беришга мажбур бўлдим. Бир-икки нафари тамаки ҳам тутата кетди.
“Ёшлар қизиққон бўлади-да”, дея уларни оқлашга шошмаслигимиз керак. Миллий ва диний қадриятларимизга путур етказадиган, бутун бир авлодга салбий таъсир қилаётган иллат – ёшларнинг соқол қўйиб, дўппи кийиб, тамаки тутатганча сўкинаётганини ҳеч ҳам тушуниб бўлмайди.
Яна бир ҳолат. Эрталаб ишга шошиб кетаётсам, чамаси 55-60 ёшни қоралаб қолган бир отахоннинг уловини бир йигит машинаси билан бироз сиқиб қўйди. Шунда соқолли, бошида дўпписи ярашиб турган киши уловининг ойнасидан ҳалиги йигитни бўралатиб сўкиб кетди.
Шу воқеани кўриб, соқол қўйиб, дўппи кийиб олган, бироқ оғзидан боди кириб-шоди чиқаётган ёшлар осмондан тушмаганига, улар ҳам бизнинг орамизда, ўзбек оилаларида яшаб улғаяётганига амин бўлдим.
Ёшларнинг айниб кетаётганига интернет ва ижтимоий тармоқларга соқолли блогерлар, дўппи кийиб олган вайнерлар ва яна аллакимлар жойлаётган бемаъни, тутуруқсиз лавҳалар ҳам сабаб бўлаяпти. Ёшлар тақлидга ўч бўлади. Шу боис улар оилада, кўча-кўйда кўрган нарсаларини амалда қўллашни истайдилар.
Кўчада дўппи кийиб, соқол қўйиб юрган ёшни кўрган одам уни одобли, тарбияли ёки тақводор деб ўйлаши мумкин. Аммо ташқи кўриниш инсоннинг ички дунёсига кафил бўла олмайди. Инсонни кийими билан эмас, хулқи билан таниш керак. Дўппи кийиш яхши фазилатларнинг ўрнини босмайди, соқол қўйиш одобнинг кафолати эмас. Агар инсон ташқи қиёфасидаги маънавий даъвони ички тарбияси билан уйғунлаштирса, шунда унинг кўриниши ҳам, сўзи ҳам, амали ҳам бир-бирига мос келади.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Икки йил илм олдим. Одоб-ахлоқни ўн саккиз йил ўргандим. Қанийди, йигирма йил ҳам одоб-ахлоқни ўрганганимда эди”, деб бежиз айтмаган.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Одобни ўттиз йил ўргандим, илмни йигирма йил ўргандим”, деган.
Биз юқорида тасвирлаган ёшларда айнан одоб-ахлоқ етишмаяпти, дея оламиз. Бундай кимсаларга кийган дўпписи ақлини ишлатишга монелик қиляпти, иягида соқол ўсибди-ю, аммо онги ўсмабди, дейиш мумкин.
Ёшлик – жўшқин давр. Шу билан бирга, бу даврда ёшлар катталарга тақлид қилиб улғаядилар. Шундай экан, катталар ҳам одоб-ахлоқда барчага намуна бўлсалар, ёшлар улардан ибрат олиб, миллий қа диний қадриятларимизга путур етказадиган ҳар хил ҳолатлардан йироқ бўладилар.
Содиқул масдуқ зот – Муҳаммал соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло Ўз соясига оладиган етти тоифанинг иккинчиси “...Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит...”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Хўш, Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит ким, у қандай бўлади?
Аввало, у сўзи ва амали уйғун бўлган, Расулуллоҳнинг суратларию сийратларини ўзида мужассам этган навқирон авлод вакили бўлади. У ҳар бир ишини Аллоҳ учун қилади, хатти-ҳаракатлари, муомала-муносабатлари Исломннг зилол чашмасидан суғорилган, миллий қадриятларимизда белгиланган мезонларга асосланади.
У ўзига Набий алайҳисаломнинг: “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан оғирроқ нарса бўлмайди. Аллоҳ фаҳш ва ифлос сўз айтувчини ёмон кўради” (Имом Термизий ривояти), деган муборак ҳадисларини мезон қилиб олади.
У, ҳадиси шарифда айтилганидек, дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини ташлаб қўймайди (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
“Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит” мактабу мадрасада Имом Бухорий, Хоразмийдек “аълочи”, олий таълим муасссасида Абу Ҳафс Кабир Бухорийдек тиришқоқ, пешқадам, Ватан сарҳадларини қўриқлашда Холид ибн Валиддек, Нажмиддин Кубродек моҳир аскар, тижоратда Абдураҳмон ибн Авфдек уддабурон, зироатда Саъд ибн Абу Ваққосдек миришкор деҳқон, тиббиётда Абу Али ибн Синодек ҳозиқ табиб, ҳандасада Аҳмад ал-Фарғонийдек кучли муҳандис, хуллас, ҳаётнинг ҳар жабҳасида барчага ибрат бўлиши керак. Ана шунда унга айтган гаплари, кийган кийимлари, шаклу шамойили ярашиб тушади. Ҳамма унга ва ота-онасисига раҳмат айтади.
Толибжон НИЗОМ