Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳалима онамизнинг тарбиясида юрган вақтларида инсон ақлига сиғмайдиган ғоят ғаройиб ҳодиса юз беради. Расулуллоҳнинг кўкраклари ёрилиб, қора нуқта – шайтон васвасаси олиб ташланади. Бу воқеадан қўрқиб кетган Ҳалима онамиз у кишини оналарига топшириб, бўлиб ўтган воқеани бундай баён этади:
“Муҳаммад болалар билан уйимизнинг орқасида ўйнаб юрган эди, тўсатдан ўғлим югуриб кириб, қурайшлик укамни оқ кийимли икки киши ушлаб олиб ерга ётқизишди, кейин қорнини ёриб, бир нарса билан ичини титкилашяпти, деди. Отаси иккаламиз чиқиб қарасак, унинг рангида ранг йўқ. Бағримизга босиб: "Нима бўлди, ўғлим?" деб сўрадик. У: "Оқ кийимли икки киши келди-да, бири мени кўрсатиб: "Шуми?" деди. Униси бош ирғаб тасдиқлади. Кейин икковлашиб ерга ётқизди. Кўкрагимни ёриб, титкилай-титкилай бир нимани олиб ташлашди. Нимани олиб ташлашганини билмайман", деди.
Шу кундан эътиборан Пайғамбаримиз алайҳиссалом инсонни йўлдан оздирадиган шайтоний ҳою-ҳаваслардан халос бўлган эдилар.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
“Пул емас ота” жоме масжиди имом-ноиби
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати