Абдуллоҳ ибн Шақиқ дедилар: «Мен Ойша (р.а.)га Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг рўзалари ҳақида савол қилдим. Ойша онамиз дедилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) баъзи ойларда шундай рўза тутар эдиларки, биз энди бу ойда оғиз очмасалар керак, дер эдик. Баъзи ойларда шундай оғиз очиқ юрар эдиларки, биз энди бу ойда рўза тутмасалар керак, дер эдик. Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага келганларидан кейин ҳеч бир ойни бутун рўза билан ўтказмадилар. Магар танҳо Рамазон ойини тўлиқ тутар эдилар».
***
Ойша (р.а.) дедилар: «Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг хеч бир ой рўзасини Шаъбон каби кўп тутганларини кўрмадим. Шаъбонда шундай рўза тутар эдиларки, озгина кун тутолмай қолар эдилар. Балки баъзи вақтларда бутун Шаъбонни рўза билан ўтказар эдилар».
***
Ойша (р.а.) дедилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) аксари душанба ва пайшанба кунларининг рўзасига эҳтимом қилар эдилар”.
***
Ойша (р.а.) дедилар: «Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) баъзи ойда шанба, якшанба ва душанба кунларида рўза тутар эдилар. Баъзи ойда сешанба, чоршанба кунларида рўза тутар эдилар».
***
Муоз (р.а.) дедилар: «Мен Ойша (р.а.)дан сўрадим: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар ойда уч кун рўза тутар эдиларми?” Дедилар: “Ҳа”. Мен дедим: “Қайси кунлари тутар эдилар?” Дедилар: “Қайси кунлар бўлишида парво қилмас эдилар (Яъни, тўғри келган кунларда тутаверар эдилар)”.
***
Ойша (р.а.) дедилар: «Ашуро куни (яъни, муҳаррамнинг ўнинчи куни) Қурайш жамоаси рўза тутар эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам ҳижратдан илгари ўша куни нафл рўза тутар эдилар. Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан кейин ҳам тута бошладилар. Умматга ҳам тутишлари вожиб эканини эълон этдилар. Кейин Рамазон рўзаси фарз қилингач, Ашуро рўзасининг вожиблиги мансух қилинди ва мустаҳаблиги боқий қолди. Энди ким хоҳласа тутиб, ким хоҳламаса тутмайдиган бўлди».
“Шамоили Муҳаммадия” китобидан
Саудия Арабистони пойтахтида Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Миниатюра санъати: Бухородан Арабистон ярим оролигача. Муқаддас қадамжолар йўлидаги тарих” номли маданий кеча ва кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон элчихонаси томонидан ташкил этилди. Унда дипломатик корпус, давлат идоралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, маданият ва санъат арбоблари иштирок этди.
Кўргазмада ўзбек усталарининг 35 та ижодий иши намойиш этилиб, улар ташриф буюрувчиларни Ўзбекистон миниатюра рангтасвири тарихи, бадиий хусусиятлари ва анъаналари билан таништиради.
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва ўзбек-саудия маданий-гуманитар алоқаларини ривожлантиришда маданиятнинг ўрнини таъкидлади.
“AlMashtal” креатив маркази раҳбари, малака Нура бинт Сауд бин Наиф Ал Сауд Ўзбекистонни мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, миниатюра санъатини ислом бадиий меросининг бир қисми сифатида сақлаб қолиш аҳамиятини алоҳида қайд этди.
Тадбир доирасида таълим ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Саудия университетлари вакиллари Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан академик алмашинувлар, қўшма тадқиқотлар ва касбий алоқаларни ўз ичига олган шерикликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Кўргазма ташриф буюрувчилар учун икки кун давомида очиқ бўлади. Шунингдек, ўзбек мутахассислари раҳбарлигида 35 нафар саудиялик ҳаваскор рассомлар ва ёш усталар учун амалий маҳорат сабоқлари ўтказилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати