Фотиҳа сураси Муҳаммад алайҳиссаломга икки марта: Маккада Меърож кечасида, ҳамда ҳижратларидан кейин Мадинада, қибла ўзгартирилганда такроран нозил қилинган. Шунинг учун ҳам бу суранинг бир номи “ас-сабъул-масоний”, яъни “икки бор нозил қилинган етти оятли сура”, ҳам дейилади.
Суранинг ўнга яқин номлари бўлиб, улардан энг машҳури – “Фотиҳа”, яъни “Очувчи”. Қуръони карим шу сура билан бошлангани учун унга мазкур ном берилган. Ушбу сурада Ислом дини кўрсатмаларининг асосини ташкил этган оятлар келтирилгани учун унга “Уммул-Қуръон”, яъни “Қуръоннинг онаси” номи ҳам берилган.
Абу Саид Муалла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда ҳам бунга ўхшаши тушурилмаган. У етти такрорланадигандир. У менга берилган Қуръони азиймдир”, дедилар. Бундан мурод Фотиҳа сурасидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн” Қуръоннинг онасидир, Китобнинг онасидир ва етти такрорланувчидир”, дедилар.
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир ғаройиб илмий тадқиқотда олимлар солиҳа хотиннинг уйдаги саодатга кучли таъсир қилишини исботладилар. «Никоҳ ва оила» журналида чоп этилган маълумотда тадқиқотчилар ҳаётдаги бахтнинг сири жуфтида эканини аниқлашди. Тадқиқотчилар бир нечта эркакларни синаб кўрдилар ва эр-хотинлик саодатида аёлнинг асосий роли борлигини аниқладилар. Хотин эрини мақтаса, бу эрнинг ҳаётда бахтиёрлигидан далолат беради. «Эр-хотин муносабатларидаги номутаносиблик аёлларнинг одатда эрларига ҳиссий ва амалий ёрдамни қандай кўрсатиши билан боғлиқ, аксинча эмас», дейди тадқиқот ҳаммуаллифи Дебора Карр. — Бахтсиз турмуш қурган эркаклар, уларнинг умумий фаровонлигини оширадиган эр-хотин муносабатларидан фойда олишлари мумкин. Бинобарин, солиҳа жуфт бу дунёда саодатнинг асосий сабабчиси эканлигини илмий ҳақиқат тасдиқлайди.
Буни севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алйҳи васаллам аллақачон таъкидлаб қўйганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Дунё матодир. Дунё матосининг энг яхшиси солиҳа аёлдир» (Имом Муслим ривояти).
Мўмин инсоннинг бу дунёда ўзига мададкор, ҳаётига бахт ва роҳат кириб келишига сабаб бўладиган солиҳа жуфти бўлиши, бу дунёдаги энг яхши саодат тури эканлигини юқоридаги ҳадис таъкидламоқда. Бу бугун олимлар кашф этган ҳақиқатдир. Бизга Ислом неъматини бергани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.