Фотиҳа сураси Муҳаммад алайҳиссаломга икки марта: Маккада Меърож кечасида, ҳамда ҳижратларидан кейин Мадинада, қибла ўзгартирилганда такроран нозил қилинган. Шунинг учун ҳам бу суранинг бир номи “ас-сабъул-масоний”, яъни “икки бор нозил қилинган етти оятли сура”, ҳам дейилади.
Суранинг ўнга яқин номлари бўлиб, улардан энг машҳури – “Фотиҳа”, яъни “Очувчи”. Қуръони карим шу сура билан бошлангани учун унга мазкур ном берилган. Ушбу сурада Ислом дини кўрсатмаларининг асосини ташкил этган оятлар келтирилгани учун унга “Уммул-Қуръон”, яъни “Қуръоннинг онаси” номи ҳам берилган.
Абу Саид Муалла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда ҳам бунга ўхшаши тушурилмаган. У етти такрорланадигандир. У менга берилган Қуръони азиймдир”, дедилар. Бундан мурод Фотиҳа сурасидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн” Қуръоннинг онасидир, Китобнинг онасидир ва етти такрорланувчидир”, дедилар.
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ
тайёрлади.
Мусулмон биродарингиз қилган хатосини тан олиб, сиздан узр сўраб келса, самимий узр сўраётганига аломатлар бор бўла туриб, унинг узрини қабул қилмаслигингиз таҳримий макруҳ бўлади. Чунки бу вазиятни ўзининг фойдасига суистеъмол қилиш ва биродардан ёмон гумон қилиш бўлади.
Ибн Жавдон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким мусулмон биродаридан узр сўраса-ю, аммо у қабул қилмаса, унга (ноҳақ) ўлпон йиғувчининг гуноҳи каби гуноҳ бўлади", деганлар.