Инсонлар ҳаётда доимо тўкин ва ҳеч бир жиҳатдан муҳтожлик сезмай яшашга интилади. Бунинг учун бойлик йиғишга, яхши маош олиб ишлашга, савдо билан шуғулланиб тезда кўп мол-дунё ортиришга ҳаракат қилади. Шу сабаб кўпчилик бой-бадавлат бўлгиси келади ва Аллоҳ насиб қилган бўлса ҳаракатлари бир сабаб бўлиб бойликка ҳам, муҳтожликсиз ҳаётга ҳам эришади. Аммо бойлик ва молнинг кўплигини, фақат ўзида бўлишни истаб дунё йиғиш инсонни ёлғизлик ва маънавий қашшоқликка олиб боради. Маънавий қашшоқлик ортидан эса Ислом динида қораланган қатор иллатлар келиб чиқади. Ана шундай ёмон иллатлардан бири – бахиллик бўлиб, унинг ёмон одат экани ҳақида Қуръони каримда қуйидагича келтирилади:
“Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир” (Оли Имрон сураси, 180-оят).
Бахил ўзини бахиллик қилмаяпман, ўз молимни ҳимоя қилиб тежамкорлик қиляпман деб ўйлайди ва закотини бермай фақат йиғиб асрайди, аммо оятда айтилаётгандек у ўзи учун ёмонликнинг айни ўзидир. Бу дунёда барака топмагани бир жазо бўлиб умрини зое қиладиган бўлса, қиёматда ўша закоти берилмаган, бахиллик қилган моллари бўйнига ўралиб дўзахга бошлаб кетади.
Ушбу оятни тафсир қилиб келган ҳадисда бахилнинг ҳолати яна ҳам очиқ айтиб ўтилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга мол берса-ю, закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки холли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб: “Мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман”, дейди”, дедилар. Кейин “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар”, оятини охиригача ўқидилар” (Бухорий ривоят қилган).
Ҳадисда бахилнинг ҳолати аниқ баён этиб берилмоқдаки, бундан ортиқ шарҳга зарурат йўқ, унинг зарари эгасини хорликка судраб кетади. Бахилликнинг зарари шундаки у жамиятда камбағалларнинг кўпайиб муҳтожлик ва табақаланиш кенг ёйилишига сабаб бўлади. Ислом дини эса инсонлар орасида муҳтожлик ва молига қараб табақаланишдан сақлашга чақиради. Мол тўплаш бандасига қанчалик ёқмасин, агар Аллоҳ унинг тақдирига мол бериб бой бўлишни ёзмаган бўлса бойлик унга етмайди. Энди Аллоҳ унга Ўз фазлидан мол ва бойлик берса-ю, у банда Аллоҳнинг фазлини инкор этиб ўзим топганимни нега бераман деса, бу дунёдан-ку шу ҳолатда яшаб ўтар, аммо Аллоҳ уни қиёматда моли билан азобланувчилардан қилиб қўяди. Аммо закоти берилмаган моллар шу дунёдаёқ ўз эгасига кулфатлар олиб келаверади. Мол эгаси ё саломатлиги ёки фарзандлари, ёки уй-жойи, ёхуд касби-коридан балоланаверади. Шундай экан, бахиллик фақат ва фақат инсоннинг ўзига зарардир.
Бахиллик нафақат молда, балки инсон, оддий ҳолатдаги буюмлари ва бошқа жиҳатларини қизғанишида ҳам кўринади. Инсонлар жамиятда қўшни бўлиб яшайди шу сабаб ҳам қўшнининг ҳаққи Ислом динида жуда катта ўринда туради. Қўшни у ҳамма тушунадиган уй-девор қўшни бўлса, бундан ташқари, мактаб, коллеж, институт ва ҳамкасблар ҳам бир-бирлари ҳаёт йўли давомида қўшни бўлиб яшашда давом этади. Шу жиҳатдаги қўшниларга ҳам бахиллик қилиш мусулмон кишига хорлик ва жамиятдан узилиш, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқиб дунё-охиратда баракасиз ва савобсиз Аллоҳнинг даргоҳидан ва фазли ила жаннатга киришдан маҳрум бўлади.
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”, дедилар (Термизий ривояти). Мўмин кишининг хулқи ва одоби ҳақидаги бу ҳадисда бутун ҳаёт йўлини изга солиб турувчи ҳикмат бор. Мусулмон киши Аллоҳ учун яшашда давом этар экан унда бахиллик каби иллатлар қалбига ўрнашмайди. Бахилликнинг давоси эса Аллоҳ молини ҳам, жонини ҳам омонат ва фазл қилиб берганини, уни ҳисобини албатта беришини унутмаслик ва соҳиби эҳсон бўлишдадир.
Зафар МАҲМУДОВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ. Амма баъду.
Ёшларни мурғаклик вақтидан она меҳри, ота эъзози ила тарбия қилиб бориш уларни келажакда ўз ота-оналарига меҳрли бўлиб униб ўсишларида муҳим аҳамият касб этади. Нафақат ота-онасига, балки оиласига, туғилиб ўсган ошиёни, атрофдаги яқинлари ва шу яқинлари билан уларни бир ерга жамлаб турган ватанига муҳаббатли бўлиб ўсишига сабаб бўлади. Бежизга Ватан сўзи олдига Она сўзи қўшиб айтилмайди. Зеро, Ватан инсон учун энг азиз, энг қадрли маскан, унинг учун керак бўлганда жонни фидо қилса ҳам арзийди.
Шонли тарихимизда юртимиз ҳимояси учун ўз жонларини қурбон қилган, ватан озодлиги йўлида жонларини фидо қилган аждодларимизнинг номлари ҳали хануз юксак эҳтиром ила тилга олиниши ҳам шундан. Чунки, улар қалбларидаги Ватанга бўлган муҳаббатни энг керак бўлган вақтда амал билан исботлаб келажак авлодга ўрнак бўлдилар.
Динимиз таълимотларида кишининг ўз ватанига муҳаббатли бўлиши юксак қадриятлардан эканлиги таъкидланган. Имом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Башарият ўз ерларини қандай бўлса шундайлигича яхши кўрадилар, гарчи у ер ташландиқ, қўрқинчли бўлсада. Ватанни севиш инсон қалбида ўрнашган ғариза бўлиб, у инсонни ўз ватанида роҳат топишига сабаб бўлади. Ватанидан йироққа кетганида уни соғинади, унга душман ҳужум қилса мудофаасига отланади, у ҳақида ножоиз гап айтилса ғазабланади”.
Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ибодат билан муолажа қилдим, лекин нафсимнинг Ватанга интилишидай оғир нарсани топмадим”. Яна айтадилар: “Мен қолдирган нарсаларнинг бирортаси Ватанни тарк этишдек оғир бўлган эмас”.
Имом Замахшарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳамма ўз ватанини, яшайдиган ерини, туғилган жойини ва ватандошларини яхши кўради” (Асосул балоға).
Албатта, ватанга бўлган муҳаббат туйғуси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам бегона эмас эди. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан чиқиб кетаётганларида унга қараб шундай дедилар: “Эй, Макка, қанчалар чиройлисан, сен мен учун энг севимлисан. Агар қавмим мени сендан қувиб чиқармаганида, мен сендан бошқа ерда яшамаган бўлар эдим”.
Имом Бухорий ўз Саҳиҳларидан Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, у киши айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан қайтсалар ва Мадинанинг деворлари кўрина бошласа, туяларининг юришини тезлатар, агар ҳачирда бўлсалар уни шошилтирар эдилар”. Яъни, соғинчдан шундай қилар эдилар.
Аллоҳ таоло биз бандаларини ҳидоят йўлларига чорлар экан, жумладан шундай дейди: “Савобли ва тақволи ишда ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват ишларида ҳамкорлик қилмангиз” (Моида сураси, 2-оят).
Тақво дегани, фақат ибодат ёки садақанинг ўзигина эмас, балки тақвонинг энг мукаммали ватанни севиш, уни асрашдир. Аллома Шайх Муҳаммад Шокир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Сиз ҳеч қачон тақво деганда фақат намоз, рўза ва шу каби ибодатларни ўзинигина тушунманг. Аллоҳга ҳақиқий тақво қилиш ҳамма нарсада бўлади. Роббингизга ибодат қилишда ҳам тақво қилинг, унда сусткашлик қилман. Биродарларингиз борасида ҳам Аллоҳга тақво қилинг, уларнинг бирортасига озор етказманг. Ватанингиз борасида ҳам Аллоҳга тақво қилинг, унга хиёнат қилманг, уни душманнинг қўлига топшириб қўйманг. Ўз нафсингиз борасида ҳам Аллоҳга тақво қилинг, унинг саломат бўлишига бепарво бўлманг, ёмон хулқ билан хулқлантириб қўйманг”.
Демак, ояти каримадан маълум бўладики, умумжамият ишларида ҳамкорлик қилиш зиммамизга фарздир. Бу ишда ҳар ким имконияти даражасида ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Айниқса, ватан равнақи, унинг тинчлигини асраш, турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш нафақат мудофаа тизими кишиларининг вазифаси, балки бу ишда ҳар бир фуқаро ҳамкорлик қилмоғи илоҳий кўрсатмадир.
Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Уммат шу нарсага иттифоқ қилганки, шариат аҳкомлари бешта зарур нарсаларни ҳимоя қилишга қаратилган. Улар: дин, жон, насл, мол ва ақл”. (Ал-мувофақот). Модомики, Аллоҳ таоло ўз шариатини мана шу беш нарсани муҳофаза қилишга қарата жорий этган экан, нима учун банданинг ана шу нарсаларни асраш йўлида жон фидо қилиши ибодат бўлмасин?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким оиласини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким динини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким жонини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир” (Имом Термизий ривояти). Имом Байҳақий “Сунан”да, Тоялисий ”Муснад”да ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар бир киши бошқа бир кишининг жонини омон қолдиришга ишонтириб, сўнгра уни ўлдирса, мен у қотилдан безорман, гарчи ўлдирилган киши кофир бўлсада”.
Ватангадо бўлишлик энг оғир кулфат. Инсон учун энг оғир келадиган жазо ҳам шу. Шунинг учун ҳам шариат аҳкомларининг жиноятга жазо бериш бобларида энг жирканч гуноҳ (оиласи бўлатуриб зино қилган) кишиларни ватандан қувғин қилиш жазоси белгиланган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда қалбида имони йўқ мунофиқлар ҳақида шундай дейди: “Агар биз уларга: “ё ўзларингизни ўлдиринг ёки ватанларингиздан чиқиб кетингиз”, - деб буюрганимизда эди, оз қисмидан бошқаси уни қилмаган бўлар эди” (Нисо сураси, 66-оят).
Имом Абу Ҳайён Андалусий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мазкур оятда ватанни ташлаб чиқиб кетиш жуда оғир иш эканлигига далолат бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло уни ўз жонига қасд қилиш билан бирга зикр қилди” (Баҳрул Муҳийт). Маълум бўладики, қайси сабабдан бўлишидан қатъий назар инсон учун ватандан айрилиш ўлим билан баробар мусибатдир.
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Сизлардан қай бирингиз тонг отганда уйи тинч, тани соғ, уйида бир кунлик егулиги бўлса, гўёки унинг уйида дунёнинг ҳамма неъматлари мужассам бўлибди” (Имом Термизий ривояти).
Демак, инсон учун ўз уйида, тинч ва осойишта ватанида соғ ва омонликда умргузаронлик қилиши катта бахт ва буюк неъматдир. Неъматни эса, зое қилмаслик, аксинча уни асраб-авайлаш, унинг шукронасини бажо келтириш ҳар бир банда учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Ҳомиджон Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари.