Мана бир неча йилдирки, минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб келмоқдалар. Улар хотиржам ибодат қилишлари учун йилдан-йилга шарт-шароитлар яхшиланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан эълон қилинган ушбу фатвода, Ҳажнинг фарз бўлиши учун кишида топилиши лозим бўлган шартлар, шунингдек, ҳаж сафарига отланишнинг тартиб-қоидалари, ахлоқ-одоблари баён этилган. Марҳамат, қуйида ушбу фатвонинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
Ҳаж ҳақида фатво
بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العالمين، و الصلاة و السلام على رسوله محمد، و على اله، و اصحابه اجمعين اما بعد
Мўмин-мусулмонларга маълум ва машҳурдирким, Ислом дини бешта рукн устига барпо қилинган бўлиб, улар охирзамон пайғамбари Муҳаммад мустафо (с.а.в.)нинг қуйидаги ҳадиси мубораклари орқали баён этилгандир:
عن أبي عبد الرحمن عبد الله بن عمر بن الخطاب رضي الله عنهما قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول:"بني الإسلام على خمس شهادة أن لا إله إلا الله ، وأن محمدا رسول الله ، وإقام الصلاة وإيتاء الزكاة، وحج البيت، وصوم رمضان"
رواه الإمام البخاريوالإماممسلم
яъни: Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб (р.а.) ривоят қилиб айтадилар, мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг шундай деганларини эшитдим: “Ислом беш нарсага бино қилинган: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканлигига ва албатта, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бермоқ, намоз ўқимоқ, закот бермоқ, байтни ҳаж қилмоқ ва Рамазон рўзасини тутмоқ” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, ҳаж ибодати Ислом арконларининг сўнгиси ва энг улуғи ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
وَلِلّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلاً
( سورة آل عمران/97).
яъни: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Ҳажнинг фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши лозим бўлади: ҳур, болиғ, оқил, соғлом бўлиш ҳамда аслий ҳожатларидан ва қайтиб келгунича оиласини таъминлашга қолдирадиган нафақадан ташқари ҳажга бориб келишига етадиган маблағга қодир бўлиш, шунингдек йўлнинг тинч ва очиқ бўлиши. Бундан ташқари, аёл кишига эри ёки бирорта маҳрами ҳамроҳлик қилиши ҳам ҳажнинг зарур шартларидан саналади (Ал-иноя шарҳул-Ҳидоя).
Юқоридаги шартлари топилган кишига умрида бир мартта ҳаж ибодатини бажариш фарз бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу хусусда шундай деганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ خَطَبَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فقَالَ: "أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ فَرَضَ اللَّهُ عَلَيْكُمُ الْحَجَّ فَحُجُّوا فقَالَ رَجُلٌ: أَكُلَّ عَامٍ يَا رَسُولَ اللَّهِ ؟ فَسَكَتَ حَتَّى قَالَهَا ثَلَاثًا، فقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَوْ قُلْتُ: نَعَمْ لَوَجَبَتْ وَلَمَا اسْتَطَعْتُمْ ثُمَّ قَالَ: ذَرُونِي مَا تَرَكْتُكُمْ فَإِنَّمَا هَلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ بِكَثْرَةِ سُؤَالِهِمْ وَاخْتِلَافِهِمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ فَإِذَا أَمَرْتُكُمْ بِشَيْءٍ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْوَإِذَا نَهَيْتُكُمْ عَنْ شَيْءٍ فَدَعُوهُ
(رواه الإمام مسلم).
яъни: Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга хитоб қилиб: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди. Бас, ҳаж қилинглар!” – дедилар. Бир киши: Ё, Расулуллоҳ! Ҳар йилими? – деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бермадилар. Уч марта сўради. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар ҳа, десам вожиб бўлиб қолар эди ва сизлар бунга қодир бўлолмас эдингиз”, дедилар. Сўнгра: “Сизларга айтмаган нарсамни менга қўйиб беринглар. Батаҳқиқ, сизлардан олдинги умматларнинг ҳалокатга учрашига кўп савол берганлари ва пайғамбарларига ихтилоф қилганлари сабаб бўлган эди. Шунинг учун, қачон сизларни бирор нарсага буюрсам, қўлингиздан келганича бажаринг, қачон бирор нарсадан қайтарсам, ундан буткул қайтинг” – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Мўмин-мусулмонларимиз шуни яхши билиб олмоқлари лозимдурким, ҳаж амали инсон умрида бир марта бажариладиган улуғ ибодат бўлгани боис, унинг мукаммал адо этилиши учун нафақат моддий имкониятга эга бўлиш, балки унга жисмоний, руҳий ва маънавий тайёргарлик кўриш ҳам зарурдир. Зеро, ҳаж ибодатининг бешинчи рукн эканлиги ҳам бежизга эмас. Шунинг учун мусулмон киши беш вақт намозни адо этган, Рамазон рўзаларини тутган ва молининг закотини мустаҳиқларга берган бўлиши ҳам жуда муҳимдир. Қолаверса, ҳаж амаллари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш ҳажга отланган ҳар бир кишининг зиммасига лозимдир.
Алҳамдулиллоҳ, кейинги йилларда юртимиздан ҳаж сафарига боришни ният қилган мусулмонларнинг сони ортиб бормоқда. Маҳаллаларда ҳажга боришни ихтиёр қилган фуқаролар навбатлари келишини интизорлик билан кутмоқдалар. Шу нуқтаи назардан, муҳтарам фуқароларимизга шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, ҳажга бориш имкониятини қўлга киритиш нафақат навбатнинг келиши билан, балки ўтган вақт давомида эл-юртга хизмат қилиш, маҳалла аҳлига моддий ва маънавий кўмак бериш, адашган инсонларни тўғри йўлга солиш каби савобли ишларни қилишда ҳаммага ўрнак ва намуна бўлиш, шу билан маҳалла аҳли ва мўмин-мусулмонлар томонидан ҳажга боришга ҳақли, деб эътироф этилишига кўпроқ боғлиқдир. Зеро, ҳожи деган номга сазовор бўлиш қанчалик шарафли бўлса, уни қўлга киритиш шунчалик машаққатли эканини ҳам идрок этмоқ лозим.
Ўтган йиллар давомида ҳаж сафарига бораётган фуқароларимизнинг ҳолатини кузатиш асносида шу нарсага ҳам гувоҳ бўлмоқдамизки, айрим кишилар ўзлари ҳажга боришга на моддий имконияти ва на рағбати бўлган ҳолда ёки соғлиги яхши эмаслиги ёхуд узоқ сафарга боришга лаёқатли эмаслигига қарамасдан уларнинг ўғил-қизлари гўёки ўз фарзандлик бурчларини бажариш ёки эл-юрт орасида сохта обрў топиш мақсадида ота-оналарини ҳаж сафарига жўнатаётганлари, охир-оқибат ҳаж амалларидаги машаққатлар улар учун оғир туюлиб, ибодатларни мукаммал адо этишга беэътибор бўлинаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Ҳолбуки, ҳаж ибодатининг мақбул бўлиши ҳаж қилаётган кишининг одоб-ахлоқининг гўзал бўлишига ҳам боғлиқ бўлиб, бировлар билан жанжаллашиш, бошқаларга малол келтирадиган хатти-ҳаракатлар қилиш ҳам ҳаж амалига путур етказади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в):
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:"مَنْ حَجَّ لِلَّهِ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ"
(رواه الإمام البخاري).
яъни: “Ким ҳаж қилса, унда гуноҳ ва фисқу фасод ишларни қилмаса гўё онадан янги туғилган чақалоқдек гуноҳлардан фориғ бўлиб қайтади”, деб марҳамат қилганлар(Имом Бухорий ривояти).
Барчамизга маълумки, юртимиздан минглаб мусулмонлар ҳажга борар экан, ушбу ўринни, ҳақиқатан, ҳаж ибодатини ихлос билан адо этадиган, юқорида зикр этилган ҳажнинг шартларига тўлиқ жавоб берадиган мўмин-мусулмонлар билан қопланса, биринчидан, Аллоҳ таолонинг чақириғига “Лаббайкаллоҳумма лаббайка”, деб талбия айтишга ҳақли бўлган кишиларни ҳажга юбориш шарафига муяссар бўлинади. Қолаверса, барча ҳожиларимиз томонидан ҳаж амалларининг мукаммал адо этилишига, шунингдек, ҳукуматимиз томонидан ҳожилар учун яратилаётган шароитларнинг қадрига етиш ва пировард натижада ҳаж мавсумидаги машаққатларнинг озайишига эришилади.
Ҳожилик улуғ мақом эканидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳажга борган эркагу аёл англамоғи лозимдурким, улар келгусида, аввало, ўз фарзандларига қолаверса, эл-юрт ва маҳалла кўйга ибодатда, ҳалоллик ва покликда, маънавият ва маърифатда энг юксак даражадаги ўрнак ва намуна бўлмоқлари зарур. Зеро, ҳожилик мақомини қўлга киритишдан кўра унинг шаънини сақлашнинг масъулияти оғирроқдир. Чунки, ҳожи деган ном ортида Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадек шаҳарлар ва у ердаги муқаддас қадамжоларга эҳтиром, умуман, Ислом динига ҳурмат ётади. Шу нуқтаи назардан, ҳар бир ҳожи ўзининг гап-сўзи, хатти-ҳаракати, халқ орасидаги муомала-муносабати билан муқаддас Ислом динига нисбатан ҳурмат уйғотиши ёки унинг номига доғ тушириши ҳам мумкин эканини ҳеч қачон ёдидан чиқармаслиги лозим бўлади.
Қайд этилганларни эътиборга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ҳақида қуйидаги Фатвони эълон қилади:
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий
Усмонхон Алимов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рўза тутган кишининг тақводорлиги зиёдалашади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда рўзани олдинги умматларга фарз қилганидек, ушбу уммати Муҳаммадийяга ҳам фарз қилганини айтиб, оятнинг сўнгида албатта тақводор бўласизлар деб таъкидлади. Рўза туфайли инсонда Роббисини кўриб турганлигини ҳис қилиш кучи, У зотдан қўрқиш ҳисси янада зиёдалашади. Рўза тутиш билан банда Роббисига бўйсуниб, буйруғига “лаббай”, деб итоат қилган бўлади.
Рўза кўзни номаҳрамларга назар солишдан сақловчи, ёмонликларга ундовчи шайтоний нафсини сусайтирадиган асосий омиллардандир. Чунки унинг ёрдамида инсон нафсининг ҳар қандай хоҳиш-истакларига ғолиб келади. Бу билан инсоннинг қийинчилик, машаққатларга бардош бериш, сабр қилиш тажрибаси ошади.
Рўзанинг яна бир ҳикмати ночор, мискин, фақирларни ҳолатини эслатишдир. Киши оч, чанқоқ бўлмас экан, фақирлар чекадиган қийинчиликларни қаердан билсин! Рўза тутган инсон очлик, чанқоқлик аламини тотиб кўриб, бечора ҳолдагиларни қандай кун кечираётганини ҳис этади. Турмушимизда тўкин-сочин, фаровон ҳаёт кечирар эканмиз, кўп ҳолатларда, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, атрофимиздаги инсонларнинг ҳолати қай даражада кечаётганини, лоақал бир маротаба эслаб қўйиш ёдимиздан кўтарилиб қолади. Кўча-кўйда, автобусда, метрога тушганимизда бозорга борганимизда, умуман олганда кўплаб ўринларда ибрат олишимиз керак бўлган ҳолатларга дуч келамиз-у, аммо эътибор бермасдан ўтиб кетаверамиз. Шунинг учун ҳам халқимизда “Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор” деган ибора бежиз айтилмайди. Ҳақиқатдан ҳам баъзида бечораҳол кишиларнинг олдидан ўтиб кетадиган бўлсак, улар ҳам биз каби инсон, улар ҳам биз каби фаровон ҳаёт кечиришни исташларини, уларнинг олдиларидаги жажжи фарзандлари, бизнинг фарзандларимиз каби ота-онанинг меҳрига, атрофдагиларнинг эътиборига лойиқ эканларини унутиб қўямиз. Ҳа, инсон унутувчан ва баъзан ношукр бўлади, чунки кеча яқинда ўзининг ҳолати ҳам шундай бўлганини, ўзи ҳам бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўлганида: “Мен ҳам қачон ўзгаларга ўхшаб кўнглим тусаган нарсани ейман”, деб Аллоҳ таолога дуо қилиб ёлворганини эсидан чиқаради. Ёки бўлмаса, умри давомида тўқчиликда яшаб, тақдири илоҳий билан ўзининг бошига ҳам шундай кунлар тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Шунинг учун ҳам юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, рўза инсонни мурувватга, ўзгаларга, хусусан бечора ҳолларга эътибор қаратишга ундайди. Ким ўзида раҳм-шавқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа рўза тутсин!
Яна бир ҳикмати – узоқ-яқиндаги барча мусулмонларни Рамозон ойида рўза тутишга бирлаштиришдир. Бир вақтда рўзани ният қилиб, бир вақтда рўзаларини очадилар. Шу билан ҳам маънан, ҳам ҳиссан барча умматнинг якдиллиги рўёбга чиқади.
Рўзанинг навбатдаги ҳикмати, рўза бадан учун сиҳат-саломатлик гаровидир. Рўзадор рўза тутиши сабабли, ўз соғлиғини тиклаб олади. Бугунги кунга келиб бутун дунёда рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморларни даволаш учун ҳам ўта зарур омил эканлиги ошкора айтилмоқда. Яқинда олимлар рўза тутиш йўли билан даволанган беморлар рўйҳатини эълон қилишди. Натижа кишини ҳайратга соладиган даражада муваффақиятли эди. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам мана шу йўл билан шифо топишибди. Рўза турли касалликларга даво бўлиши билан бирга бадандаги ёмон, кераксиз ёғларни, холерик-сафро, флагматик-балғам, сангвиник-қон, меланхолик-қора ўтларни кетказади. Қонни мусаффо қилади, ошқозонни яхшилайди. Натижада рўзадор анча енгиллашиб қолади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади. Кўплаб тиббиёт мутахассислари: “Рўза тутиш баданнинг соғлом ва қувватли бўлишига сабаб бўлади”, деб таъкидлайдилар.
Рўза тутган кишининг гуноҳлари тутган рўзаси сабабли мағфират қилинади.
Рўза тутган киши ўз рўзаси сабабли фаришталар сифати ила сифатланади. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги билан айнан ана шу сифатларга соҳиб бўлади.
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ